Мен билган Ҳазрат...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум ҳурматли, севимли сайтимиз «Islom.uz» ходимлари! Меҳрибон Аллоҳим Ҳазратимизнинг бошлаган ишларини давом эттиришда ўзи ёрдамчи бўлсин.

         Ҳазратимизнинг Яратганнинг ҳузурига сафар қилганларига хам  70 кундан ошиб қолди. Аммо қалблар ҳали маҳзунликдан бўшагани йўқ. Ҳар сафар «Muslimaat.uz» сайтидаги «Ҳазратим» бўлимига оид ёзилган фикрлар, қасидаларни ўқиганимда, бу жараённи кўзларимдан оқаётган дув-дув ёш билан тугатаман. Зеро, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Энди ўзимнинг ҳаётимда ушбу буюк аллома билан боғлиқ воқеаларни, хотираларни ўртоқлашсам. Ҳазратимни таниганимга бор-йўғи 10 йил бўлди. Шу вақт оралиғида Устозим юрагим, қалбимнинг ич-ичидан мутлақо ўчмайдиган бўлиб жой олди. 2005-йил Рамазон ойининг 15- куни домламиз «Тошкентга «Тўхтабой» масжидига Ҳазрат келаркан, борасизми»,– деб қолдилар. Мен ўша йиллари Ҳазратимни танимасдим. Фақат айрим одамлардан радио орқали саволларга берган жавобларини аудио тасмасини эшитиб юрардим. Устозимнинг сўзларини эшитар эканман, гўё жуда оддий туюларди. Бошқа қориларнинг, домлаларнинг маърузаларини эшитардим-у, уларники жарангли, Ҳазратники соддага  ўхшарди..... Домламизга «Бораман», дедим. Бордик. Ё, Аллоҳ, ўша кунни эсласам ҳалиям соғинаман. Ҳазратим, «Хавф ва ражо» хақида шундай чиройли сўзлар айтган эдиларки, мен каби бундай тушунчаларни энди эшитаётган одам ҳам бемалол англаб оларди. Бутун масжид қавми худди ёш бола бобосидан эртак эшитаётгандек, жим тингларди (кейинчалик бу каби ҳолатларнинг кўпини кўрдим). Ўша куни Ҳазратим ҳаётимни, Исломий қарашларимни ўзгартириб юборгандилар. Мен беихтиёр Шайх Ҳазратларини яхши кўриб қолгандим. Айнан шу кундан бошлаб, Ҳазратим билан бўладиган учрашувларни соғинч билан кутадиган бўлдим. Айнан ўша санадан эътиборан Ҳазратимни аудио, видио тасмаларини зўр иштиёқ билан тинглайдиган ва кўрадиган бўлдим. Ҳазратим билан ана шу учрашувдан бошлаб, у кишининг китобларига меҳр қўя бошладим. Мен бошқа дунёга кириб қолгандим. Энди ҳар йили Рамазондаги суҳбатларни, у кишининг китобларини соғинч ила кутардим. 2007 йил қўшни қишлоққа келадиган бўлиб қолдилар. Эшитишим билан дарҳол шошилдим. Ҳазрат меҳмонга келаётган уй қишлоқнинг чеккароғида, машина юра олмайдиган жойда бўлгани сабаб, пиёда боришларига тўғри келди. Мен чеккароқда Ҳазратимнинг юриб келишларини кузатар эканман, худди ҳадиси шарифларда таърифлангандек, Расуллулох соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг юришлари каби эди. У зот худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек виқор билан келардилар. Жуда гўзал суҳбат қилдилар. Суҳбат муқаддас динимизда никоҳ ва унга оид масалалар ҳақида бўлди. Кейин Ҳазратни кузатиб қўйдик. Ўшанда мен жуда катта одобсизликка йўл қўйгандим. Қишлоғимиз домласига «Ҳазратни қандай қилиб олиб келса бўларкан» деб сўраганимда, у киши ажойиб жавоб бергандилар: «Ҳазрат учун пул ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар муҳим эмас, у инсон учун халқимизга динимиз таълимотларини асл суръатда етказиш асосий мақсад, ҳаттоки ҳозир келганларида уйнинг эгаси ким эканлигини ҳам сўрамадилар», деб жавоб бергандилар. Ўшанда Ҳазратимга муҳаббатим янаям ошганди. 2013 йил Яратган Эгам қиз фарзанд ато этди. «Фарзандимни Ҳазратимнинг олдиларига олиб бораман», деб ният қилиб юрардим. Шу ниятда уйларига, қабулларига бордим. Рамазон ойи бўлгани учун Ҳазрат қабул қилмасликларини, чарчаб қолишларини билиб ортга қайтдим. Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига аён, ўшанда тушунарсиз туйғулар ичра Ҳазратимни янаям яхши кўриб қолган эдим. Орадан уч ой ўтиб, Ҳазратим қишлоғимизга никоҳ тўйи муносабати ила келишларини эшитиб, қувончдан ичимга сиғмадим. Тўйга келдилар, суҳбат қилдилар, дуо қилдилар. Менинг эса хаёлимдан «Қизимни олиб келиб Ҳазратга берсам, дуоларини олсам» деган фикр ўтарди. Дарров уйга югуриб, қизимни олиб келдим. Тўй бўлаётган тўйхонанинг ёнида турар эканман, «Ҳозир Ҳазрат кўрмай қолсалара, уялиб қолсам-а», деган фикр йўқ эмасди. Чунки мен уч ойлик қизим билан чеккада, одамлардан уялиб турардим. Тўй тугаши билан Ҳазратим: устозим, йўлбошчим, қадрдоним тўйхонадан чиқиб, мени кўриб, тўғри олдимга келдилар. Қизимни қўлимдан олиб, эркалаб қўйдилар ва «Исми нима бу чақалоқнинг» деб сўрадилар. Мен «Оминахон» дедим. У инсон «Ия, бизда ҳам битта Омина бор» дедилар, чақалоқнинг юзидан ўпиб, чиройли дуо қилдилар. Мен йиғидан ўзимни тўхтата олмасдим. Ҳазратим билан бўлган ана шу яккаю-ягона бевосита учрашувни, қисқагина суҳбатни ҳеч қачон унутмайман, ҳатто юз ёшга кирсам ҳам хотирамдан ўчира олмайман. Ҳа, сиз шунинг учун ҳам олим эдингиз. Ҳазратимнинг вафотлари ҳақидаги хабарни 10 март соат 21:30 ларда телефонимга СМС тарзида келган маълумотдан билдим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, телефон тутишни бошлаганимдан бери қабул қилиб олган СМС хабарларим ичида энг қайғулиси шу эди. Хабарни ўқиб, юрак-юракларимгача эзилиб кетдим. Аллоҳга истиржо айтиш асносида ўзимни йиғидан тўхтата олмасдим. Кўнгил яқин инсонларга қўнғироқ қилиб, бу қайғули хабарни етказмоқчи бўламан-у, кўзимдан қуйилиб келаётган ёшлар сабаб айтолмасдим. Тунда қўнғироқ қилганимни кўриб, хавотир оладилар дедим-у, аммо ўзлари менга боғлансалар ҳам, қўнғироқларига жавоб бера олмадим. Бир амаллаб бу хабарни яқинларга етказиб қўйдим. Эртаси куни ҳаммамиз жанозага йўл олдик. Кўзларда ёш ила Ҳазратимни сўнгги манзилга кузатиб қўйдик. Ҳа, бу расмиятчилик учун йиғланаётган йиғи эмасди. Бу йиғи, хўжа кўрсинга тўкилаётган ёшлар эмасди. Бу йиғи бутун умр Ислом қайғусида, Ислом ҳимоясида яшаган, динимизнинг бизнинг замонамиздаги устуни бўлган Ҳазратимиздан айрилиқ йиғиси эди. Ҳазратимнинг вафотларидан кейин бир хафта давомида умуман ўзимга келолмай юрдим. Ишга борсам, қўлим ишга бормайди, уйга келсам, гўё уй тордек. Бир кун ҳам Ҳазратимнинг китобларини ўқимасдан ўтказмайдиган менинг, китобларини очишга ҳам юрагим бетламасди. Тасвирли видеоларини кўриб қалбим такрор-такрор ўртаниб кетарди. У зоти муборак ҳақларида интернет саҳифаларида, хусусан «Muslimaat.uz»даги фикр-мақолаларни ўқиб, қўзимдан селдек ёш оқарди. Ҳазратни эслаб йиғларканман, ўзимга-ўзим «Нима, шунчалик иймоним заифми, ахир бу Аллоҳнинг буюк тақдири-ку, нега бунча кўз ёш тўкяпман, нега ўзимни тутолмаяпман?»  деб ўйлардим. Кейинроқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида келган «Қалб маҳзун бўлади, кўз ёш тўкади, биз эса Аллоҳнинг тақдирига рози бўламиз», деган сўзлари мени бироз тинчлантирди. Ҳа, Роббим, биз сенинг бизга битган тақдирингга сўзсиз-сўзсиз рози бўламиз, бундан бошқаси бўлиши мумкин ҳам эмас. Фақат ўзингдан ёлвориб сўраймизки, қалбимиздаги ўзимизнинг ихтиёримизда бўлмаган маҳзунликда, кўзимиздаги Ҳазратимизнинг соғинчи ва хотирасини эслаб тўкаётган ёшларда бизни айблама, ўзинг кечиргин... Ҳа, Ҳазратим, дарвоқе, Сиз буюк инсон эдингиз! Буюклигингиз қаршисида биз шогирдларингиз, мухлисларингиз жонларимизни-да фидо қилсак арзийди. Биз сиз билан яшаган даврни бемалол ўз давримизнинг «Саодат даври» деб атасак тўғри бўлади. Бизга замонавий нарсаларнинг фикхидан тортиб, бутун дунё уломолари бир неча кунлар давомида йиғилиб чиқарган фатволарини бир сўз билан ёки кичик жумла билан ҳаммага тушунтира олардингиз. Мусулмонлар тарихи учун  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам яшаган давр саодат асри бўлса, биз учун Сиз билан яшаган давр худди шундай давр бўлади. Дунёнинг турли бурчакларидаги мўмин-мусулмонлар ўзлари ечолмаётган масалаларни сиз орқали ечардилар. Ҳа, Ҳазратим, биз сизни соғиндик, соғинамиз. Рамазон ойида бўладиган маърифий суҳбатларингизни соғинамиз. Ҳар ой, бу ой қандай китоб чиқаркан деб, чиқадиган янги китобларингизни соғинамиз. Нурли юзингизни, биз мухлисларингизни жонини олиб қўядиган табассумингизни, бир соат суҳбат қилсангиз, лоақал биттагина беҳуда кетмайдиган сўзларингизни соғинамиз. Яқинда бир мўйсафид домламиз айтиб қолдилар: «Менга бир-икки одамлар айдики, Ҳазратнинг шогирдлари ҳам анча етилиб қолибди, фиқҳий масалаларда саволарга жавоб бера оларкан деди, лекин Ҳазрат ўзлари, барибир, бошқача одам эдилар-да». Ҳа, Ҳазрат, ҳақ гап. Сиз мутлақо бошқача инсон эдингиз. Ана шу, қизимни қўлингизга олиб эркалаган вазиятингизда ҳам, сиздан бошқа бўлганида, шу иш бўлишида шубҳам бор эди. Инсониятнинг энг авзал фарзанди бўлмиш Расулуллох  соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кўп ўқирдигу, барибир, кўз олдимизда гавдалантира олмасдик. Ул зоти бобарокотнинг ҳамма хислатларини сиз орқали тирик тимсол ўлароқ билиб олдик. Қаерда қандай юришни, ким билан қандай муомала қилишни, йиғинларда овқатни қандай ейишни, дуони аслида қандай қилишни сизни узоқ кузатиб туриб ўрганиб олдик.

Хазратим, сизни Яратган ўз раҳматига олсин. Қиёматда пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар кирадиган Фирдавс жаннатларига киритсин. Ҳаётингизда йўл қўйган хатоларингизни Ўзи мағфират этсин. Бизлардан  ва бизларнинг зурриётларимиздан ҳам сиз каби олим инсонлар чиқарсин. Сизни соғиндик, Ҳазратим!

Орифжон Иброҳимов Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Телов қишлоғи.
Мавзуга оид мақолалар
Авваламбор, биз дунёвий илмлар вакиллари ҳам ўз рисола ва мақолаларимизни айнан Ўзининг номи билан бошлаш давоми...

00:57 / 30.12.2016 2571
Бишкекда аёллар ўртасида Қуръон ўқиш мусобақаси ўтказилди. Муқаддас Китобнинг энг яхши қорияси унвони давоми...

06:20 / 25.01.2017 3435