Эркаклар уйда бўлмаса, аёл киши хўроз, товуқларни сўйса бўладими?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Эркаклар уйда бўлмаса,  аёл киши хўроз, товуқларни сўйса бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

«Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Салъ тоғида қўйини боқадиган чўри қизи бор эди. Бас, бир қўй оғир ҳолга тушиб қолди.

Қиз бориб уни тош билан сўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралган эди, уни еяверинглар, дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, аёл киши ҳайвон сўйса ҳам бўлар экан. Тош билан сўйса ҳам бўлар экан.

Сўювчи мусулмон ёки китобий бўлиши шарт. Агар у аёл киши, мажнун, ақлини таниган ёш бола, хатна қилинмаган ва соқов бўлса ҳам. Аммо аҳли китоб бўлмаган, муртад ва «бисмиллаҳ»ни қасддан тарк қилувчи сўйса бўлмайди.

Сўйилган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун «Бисмиллаҳ» айтилишидан кейинги иккинчи шарт сўювчига қўйилган, «Сўювчи мусулмон ёки китобий бўлиши шарт»лиги ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтайлик.

Сўювчи мусулмон бўлиши ва сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиши шартлиги ҳаммага маълум.

Аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши «Моида» сурасидаги:

«Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» ояти каримасига биноандир.

Булардан бошқаларнинг, жумладан, муртад ва динсизларнинг сўйиши эса ҳаромдир.

Аҳли китобнинг аёллари сўйган нарса ҳам, худди муслима аёллар сўйган нарса каби ҳалолдир. Шунингдек, балоғатга етмаган болаларники ҳам.

Исломда аёл кишини ўзига хос бўлмаган ишга таклиф қилиш яхши ҳисобланмайди. Одатда ҳайвонларни сўйиш иши ҳам аёллларнинг латофатларига зид иш ҳисобланганидан улар эҳтиром юзасидан сўйиш ишларига таклиф қилинмаган.

Аммо аёл кишининг сўйган сўйиши, агар аёл ҳайз кўрган ҳолда бўлса ҳам, жоиз. Эркак кишининг сўювчи бўлиши мустаҳаб, холос. Чунки у аёл кишидан кўра сўйиш ишларига муносиброқ. Валлоҳу аълам.

Мавзуга оид мақолалар
«Эй Одам фарзанди Киши ўлимга иймон келтириб, яна қандай хурсанд бўлаётганидан ажабландим. Ҳисобкитоб давоми...

11:36 / 23.12.2016 2957
Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етгандан кейин, унда абадий давоми...

08:09 / 08.11.2016 11285
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб давоми...

07:30 / 10.01.2017 9710