Дунёмизга бир келиб-кетдингиз...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёмизга бир келиб-кетдингиз...

Устознинг вафотларига уч ҳафтадан ўтибдики, мазкур жумлалар тилимда айланади. Ҳа, у зот охиратларидан бизнинг дунёмизга бир келиб-кетдилар. Дунё ичра зоҳид яшадилар. Аллоҳ бошларидан сочган дунёга қиё ҳам боқмадилар. Охиратларидан биз томон бир фурсат ўгирилиб, айтадиганларини айтдилар ва ўргатадиганларини ўргатдилар. Ва яна охиратларига кетдилар. Бунга дунё шоҳид, тарих шоҳид, одамлар шоҳид...

Чорак асрлик у зотдан билганим шу бўлдики, дунёмиз учун қайғурмадилар, дунёмиздан сўз очмадилар, дунёмизни ўргатмадилар ва дунёмиздан мусофир янглиғ ўтдилар.. Эсимда, Мисрдаги қисқа муддатли учрашувимизда ўқишларимни суриштириб, «Ислом ҳазораси» китобини таржима қилишга буюрдилар. Яшашим, тирикчилигим ё бозор қаердалигини мендан сўрамадилар.

Эсимда, уйларида ишлаётган усталар ёнидан тасбеҳ ўгириб ўтаётганларида, улардан нима иш қилаётгани, нимани қандай қуриши ҳақида суриштирмадилар. Тасбеҳни хотиржам ўгирганларича, сокин ўтиб кетдилар. Қанчалик эслашга уринмайин, саноқсиз суҳбатларида дунё ҳақида, матоҳи хусусида бирор сўз деганлари ёдимга келмади. Фақат охират ва охиратга олиб борадиган ишлар ҳақида бўларди суҳбатлари.

Аллоҳ бундай зотлар ҳақида Ўз Каломида шундай дейди: «Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар»

 ( Нур сураси, 37-оят)

Буларни ёдга солиб ярангизни тирнашни мақсад қилмадим, тирнаганимда ўша мусибатзада кунлар қилардим буни. Ё шогирдлик даъвосида қўлга қалам тутмадим, чунки бу даъво учун одамда ҳуқуқ бўлиши керак. Зеро, дунё учун куйиб-ёниб ётган одам, охират кишисига шогирд бўлолмайди. Илло тилимда айланаётган ушбу сўзлар, аввало, ўзимга, кейин сизга бир эслатма ва ибрат бўлармикин деган умид бор. Дунёда қандай яшашни ўргатиб кетган зотдан ўрнак олишга илинж бор. Дунёмизга бир келиб-кетдингиз...

Мубашшир Аҳмад

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Аллоҳ таолога чексиз ҳамду давоми...

13:53 / 21.03.2017 3746
Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳаққлари бордир. Баъзиларини амал қилиш учун ўрганиб давоми...

08:31 / 10.11.2016 4085
  «Қўлида мулк бўлган У Зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир. У ўлим ва ҳаётини сизларнинг давоми...

16:57 / 11.03.2017 9252