Янги Ҳижрий санани байрам қилиш бидъатми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Барча халқларда қадимда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда одамларнинг хурсандчилик қилишлари одат тусига кирган. Кўпчилик бундай кунларда керагича еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик уюштириш, турли фисқу фужур ишларни хоҳлаганича қилишга қулай имконият топишган. Турли халқларда, турли замонларда турлича бўлиб ўзгариб турган байрамларни белгилаш ва уларни нишонлаш ҳар бир халқ, миллат ва диннинг ўз таълимоти, дунёқараши ва мафкурасига қараб турлича кечган. Исломда байрамларга ўзига хос аҳамият берилган. Байрамларни белгилаш ва уларни ўтказиш айнан Ислом таълимотлари асосида жорий қилинган. Байрамларни нишонлаш ва уларда қилинадиган амаллар ҳам умумий Ислом таълимотлари асосида йўлга қўйилган. Шоду ҳуррамлик ва хурсандчилик кунлари бўлмиш байрамлар бир неча турли бўлиб, улардан баъзилари шаръий матнларда, асосан, ҳадиси шарифларда байрам дея эълон қилинган ва уларда маълум диний амаллар бажариш ҳам жорий қилинган. Барча халқларда асосий диний байрамлар билан бир қаторда тарихий ҳодисаларга, миллий ва ватаний ҳодисаларга боғлиқ байрамлар ҳам бўлади. Бундай байрамлар «мажозий байрамлар» деб аталади. Бу турдаги байрамлар дастлабки пайтларда оммавий равишда нишонланмаган ва ўша пайтларда бунга ҳожат ҳам бўлмаган. Кейинчалик кўплаб халқларнинг Исломни қабул қилиши, мусулмонларнинг араб тилини билмаганлари ва бошқа сабабларга кўра диний таълимотларни етарлича ўзлаштира олмаганлари оқибатида турли ноқулайликлар келиб чиққан. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш учун турли восита ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ана шундай тадбирлар ичида ушбу байрамларни жорий қилиш ва нишонлашни йўлга қўйиш ҳам бор эди. Бу байрамлар орқали мусулмонлар оммасига Ислом умматига ўз тарихидаги муҳим ҳодисаларни эслатиб туриш, уларнинг сабаби ва аҳамиятини англаб етишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Даврлар ўтиши билан мусулмонларда ҳам бундай мажозий байрамлар шаклланиб борган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар ҳижрий йил бошида эслаш, байрам қилиш ва бир-бирларини табриклаш одат тусига кирган. Бу билан ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг аввалида йил боши байрами йўлга қўйилган. Бунда, асосан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари тафсилоти ва бу улкан ҳодисанинг мусулмон уммати учун аҳамияти ва ундан бугунги кунда ибрат олиш каби ҳикматлар кўзда тутилган. Ҳозирги кунимизда ҳам бу байрам, асосан, матбуот ва ахборот воситаларида мақола ва маърузалар, турли чиқишлар уюштириш орқали бўлади. Кишилар бир-бирларини табриклайдилар. Охирги пайтларда Ислом давлатлари раҳбарлари ҳам ҳижрий йил бошида бир-бирларига табрик юборишни йўлга қўйганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
«Ижтимоий одоблар» китобидан олинди.
Мавзуга оид мақолалар
Аёл киши ҳаж ёки умрага маҳрамсиз борса, ибодати қабул бўладими САВОЛ Аёл киши ҳаж ёки умрага маҳрамсиз давоми...

13:03 / 16.10.2016 11643
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир. Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни давоми...

05:13 / 07.03.2017 5460
Намозни ўз вақтида ўқиш Аллоҳнинг амрдир. Ҳар бир намознинг вақти алоҳидадир. Бундан бошқа вақтда бир неча давоми...

09:32 / 16.05.2017 3647
Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим. 1. Инсон энг афзал ва энг шарафли давоми...

07:24 / 08.11.2016 21176