АЛДАМЧИ ДУНЁГА НАФС ЁКИ ҚАЛБ НАЗАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Борлиқдаги нарсаларнинг зоҳири алдамчидир, ботини ибратлидир. Нафс уларнинг алдамчи зоҳирига қарайди. Қалб эса уларнинг ибратли ботинига назар солади. Бу ҳикматни яхшироқ англаш учун уч нарсани: нафс, қалб ва дунёни эсга олайлик. Иштаҳа тортган ҳар қандай нарса – хоҳ емак бўлсин, хоҳ мол-мулк, хоҳ чиройли нарса бўлсин, ҳаммаси нафснинг истакларидир. Уламолар: «Ҳайвонлар билан муштарак бўлган барча нарсалар нафсдир», деб таърифлашган. Ейишга, насл қолдиришга эҳтиёж ва иштаҳа ҳайвонларда ҳам бор. Инсоннинг нафси эса бундан-да кўпроқ ривожланган. Инсон бундан ташқари дунёнинг зийнатларига, гўзалликларига ўч бўлади. Ана истакларга эришиш учун инсон зеҳнини банд қилиб қўювчи нафсни енга олиш – иймоннинг комиллигидан далолат беради. Қалб нуроний нарсадир. Қалб – Аллоҳ таолонинг нури нозил бўладиган, тажаллиятлари нозил бўладиган, Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган жойдир. Қалбдан илмга иштиёқ, виждон, қаноатга мойиллик, латиф ва марғуб сифатларга ташаббус қилинади. Қалб билан нафс қарама-қарши нарсадир. Нафс йўли тубанликка етаклайди, қалб йўли эса саломатликда сақлайди. Машҳур бир тушунча бор: дунёга берилмаслик. Дунёга берилмаслик қандай бўлиши керак? Бу борада ҳазрат роҳимаҳуллоҳ: «Бунда бир чегара бор: эҳтиёжимиздан келиб чиқиб, Аллоҳга ибодат қилиш, бандаликни бажариш учун нимага эҳтиёж тушса, шу заруратлар дунё ҳисобланмайди», деганлар. Ушбу қоидага кўра, фарзга олиб борувчи нарса фарз, вожибга олиб борувчи нарса вожиб, суннатга олиб борувчи нарса суннат, мубоҳга олиб борувчи нарса мубоҳдир. Таҳорат қилмоқчи бўлган кишининг сувга эга бўлиши ҳам вожиб, сувни сотиб олишга қодир бўлиши, сув сотиб оладиган пулга эга бўлиши ҳам вожибдир. Покланиш, ибодатларни адо қилиш фарз бўлгани учун бир масканга эга бўлиш, унинг ичида сатрланиб яшаш, молини сақлаш, еб-ичиб, ором олиб, куч-қувват олиш ҳам бандага фарз бўлади. Дунёда зарурат бўлган нарсани ушлаб туриш дунёга берилиш бўлмайди. Кишининг динига хизмат қилаётган сабаблар диндир, Аллоҳдан, Унинг амрларидан тўсиб қўядиган нарсалар эса дунёдир. Нафс юзаки, зоҳирий нарсага интилади. Солиҳлар суҳбатида бўлиш, Қуръон тиловат қилиш, ҳадислар ўқиш орқали қалб зоҳирий нарсаларнинг кераксиз эканини ҳис қилади. Ўлимни тафаккур қилиш, қабристонга келиб, охиратни ўйлаш ибратланишга сабаб бўлади. Шунинг учун «Ўлим – етарли мавъизадир», дейилган. Нафс фақат хозирни ўйлайди, тезроқ унга эришиб, ором олишни истайди. Қалб эса унинг охири кесиклигини, ундан кейинги ҳолатни мулоҳаза қилади. Қалб энг сўнгги, боқий оромни истайди. Инсон ҳар бир нарсага қалб билан ёндашса, оний нарсадан узоқлашиб, боқий нарсани ўйлайди (ҳадиси шарифда: «Молим, молим дейсан, у – еб тугатадиган нарсангдир, кийиб, чиритган нарсангдир, холос», дейилган). Ёш болалар ўйинчоқларни яхши кўради, унга қаттиқ жон койитади, ўша оддий ўйинчоққа меҳр қўяди. Қўлидан олиб қўйилса, унинг учун ҳақиқий мусибат бўлади. Дунёга берилган одам ҳам ўша ёш болага ўхшайди. Аллоҳни таниган, охиратидан чин хавотирда бўлган инсон наздида нафс йўлида овора бўлиб қолган одамлар ана шу ёш боладекдир. Шунинг учун унга ҳақиқатни кўрсатадиган, боқий ва ўткинчи нарсаларни фарқлаб берадиган холис насиҳатгўйга муҳтождир. Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Жоҳилликнинг уч аломатиКимни ҳар бир саволга жавоб берадиган, ҳар бир шоҳид бўлган нарсасини таъбир давоми...

01:00 / 03.02.2020 4258
Орифларнинг Аллоҳдан сўрайдигани бандаликда содиқ бўлиш ва рубубият ҳақларини адо этишдир.Аллоҳ таолодан давоми...

19:00 / 01.07.2020 2459
УМИД ВА ХОМХАЁЛУмид билан амал бир нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир. Маълумки, Қурони Каримда ва давоми...

00:00 / 21.06.2020 3156
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

14:00 / 21.05.2020 3851