ҚАЛБ УЧУН ЭНГ ФОЙДАЛИ НАРСА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Қалб учун тафаккур майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.

Узлат халқдан узилиб, Холиқ билан ёлғиз қолишдир. Холиқ билан ёлғиз қолиш, халойиқ атрофида Холиқдан ажратадиган, ўртага тўсиқ бўладиган нарсалардан холи қолиш демакдир. Мана шу ёлғиз қолиш, қалб учун энг яхши, энг манфаатли нарса экан. Узлат – қалбнинг дам олиши, бўш қолиши учун эмас, тафаккур қилиши учундир. Руҳий тарбияда қалб деб аъзо эмас, фикрни, ҳиссиётни жамлайдиган, унга таъсир ўтказадиган руҳий, латиф нарса тушунилади. Ҳиссиётларни қалб орқали қабул қилиб оламиз, ҳиссиётга керак бўлмаган қисми, яъни ақлга керакли қисми олинмайди.

Қалб кўп амалиётни ўзида бажаради. Руҳий тарбиядаги қалб жисмоний аъзо бўлмиш юракка ҳам таъсирини ўтказади. Қўрқиб кетганда юракнинг тез уриши, асабийлашганда яна бошқа, сиқилганда бошқача, ҳурсандчиликда яна бошқача бўлишини мисол қилсак бўлади. Мана шундай ҳолатларда ҳам қалбнинг холи қолиши манфаатли бўлади. Фикрнинг тиниқлашувига, соғлом бўлишига ёрдам беради.

Ғарб руҳиятшунослари бизга ўргатаётган, “Сиқилган, асабийлашган, чараган пайтингда ҳамма нарсани ташлаб, ёлғиз қол!” каби тавсиялар бизнинг динимизда анча аввал ўргатилган.

Узлат Пайғамбар алайҳимуссаломларда ҳам бўлган. Масалан, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан аввал узлат қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам пайғамбарликдан аввал, холи қолишни хоҳлаб қолганлар. “Таҳаннус” ибодати, яъни руҳий покланиш ибодатини қилганларидан кейин қалблари, руҳлари тайёр ҳолатга келган. Ибодат қилганлар, тафаккур қилганлар, жоҳилият ишларини қалблари инкор қилган. У зотнинг узлатлари таҳаннус билан тўхтаб қолгани йўқ, яъни узлатни тарк этмаганлар. Фақат кўриниши ўзгарган. Пайғамбарлик келганидан кейин узлат шаръий ҳукмга айланиб, ибодат мақомига чиққан, яни эътикофга айланган.

Узлат деганда бола-чақадан узилиб, чилла ўтиришни тушуниш керак эмас. Ҳар кун узлат қилишимизнинг имкони бор. Масалан, таҳажжуд намози. Бу пайт чалғитувчи нарсалардан узилиб, қалб тинчланади, шовқинлардан холи бўлади. Демак, узлат саксон кун, қирқ кун, ўн кун каби узоқ муддатга эмас, бир неча соат бўлса ҳам қалбнинг Аллоҳ билан ёлғиз қолишидир.

Туннинг аввалги қисмида керакли-кераксиз ҳар турли арзимаган ишлар учун бедор бўламиз. Кўзимизни ачиштириб бўлса ҳам, нафсимиз лозим топган нарсаларни бажарамиз. Нега энди Аллоҳ учун туннинг охирги қисмида бедор бўлмаймиз? Нега Аллоҳ учун туннинг охирги қисмида кўзларимизни озгина ачитолмаймиз? Нега энди таҳажжуд учун имкон тополмаймиз?

Аввалги ҳикматимиздаги хумул умумийроқ, узлат эса хусусийроқ маънода. Хумул инсонга маълум даражага етишгунича, узлат эса бир умрга керак. Имконимиз борича ҳар куни ярим соат-бир соат, имкон қила олмасак, ҳафтада бир марта жума кунида жума намозигача бир-икки соат узлат қилишимиз фойдалидир. Зикр айтиб, тафаккур қилиб, Аллоҳ билан ёлғиз қолишимиз лозим. Бошланишида камроқ вақтдан йўлга қўйиб, секин-аста узайтириб борсак, бўлади, иншааллоҳ.

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ва уларнинг нубувватга давоми...

12:49 / 21.01.2017 2892
Кунлар ўтиб борарди. Ясриб Мадинага айланганидан буён ҳамма нарса ўзгарган, гуллаётган эди. Тиканлар давоми...

03:25 / 26.01.2017 3644
Намозни ўз вақтида ўқиш Аллоҳнинг амрдир. Ҳар бир намознинг вақти алоҳидадир. Бундан бошқа вақтда бир неча давоми...

09:32 / 16.05.2017 3647
 Уммул мўминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар «Кимки давоми...

03:10 / 25.10.2016 3382