ТЕЛЕФОНМИ Ё ҚУРЪОН…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни турмуш ўртоғим уйга шошиб кириб: «Телефонингни бер, қўшнига сотиб, бошқа яхшисини олиб бераман!» деб қолдилар. «Майли», дея у кишига оппоқ қўл телефонимни узатдим…

«Бу ҳам телефон жинниси экан», деб ўйлаяпсизми?! Рости, аввалига озгина бир нимасини йўқотган одамдек ҳис қилдим ўзимни. Кейинчалик нима учун бундай ҳолга тушганимни тушундим.

Тўғри, телефон орқали – шу кичиккина тўртбурчак ашё туфайли ҳар ким ўзи излаган «дунё»га кириб боради… охир-оқибат ундан чиқолмай қолади. Ўзим-чи, хўш, мен нима учун телефонсиз қолиб изтироб чекдим?!

Мен кимларгадир ўхшаб тинмай ижтимоий тармоқма-тармоқ кезиб юрмайман, шукр. Шунчаки қийналишимга сабаб – кундалик зикрларимсиз қолиб кетдим…

Ҳар куни бомдод ва шом маҳали, айниқса, изланиб қоламан, денг. Оқ телефонимда эса бутун бошли дуолар китоби ва Қуръони Карим бор эди. Уни очиб ўқишга асло қийналмасдим. Тайёр дастуримдан ажралиб, қалбим ҳувиллаб қолди.

Тўғри, ҳали ҳам ундан (оқ телефонимдан) яхшисига етолмадим… лекин тан олиш керакки, ижтимоий тармоқларсиз ҳам ҳаёт табиий ҳолда гўзалроқ экан, азизлар. Чиндан ҳам болаларингизга ҳақиқий маънода қарайсиз, улар билан қизиқасиз, Қуръони Каримни варақлаб, оятларини излаб ўқийсиз, китобларни табиий ҳолда мутолаа қиласиз. Хуллас, ҳаммаси ўз ҳолича содир бўлади. Бир шиша банка ичидан чиққандай бўласиз гўё, десам, муболаға бўлмайди.

Энди эса турмуш ўртоғимга ҳам ўз телефонини оддий қўл телефонига алмаштиришини тайинлаганим-тайинлаган. Сабаби ҳатто овқат маҳали ҳам шуни тинмай титкилайдилар, биз эса у кишининг юзига қараб ўтирамиз: бир кулишларига, бир қовоқ уйишларига боқиб овқатланамиз. Охири «Бизга вақт ажратмасангиз ҳам, овқатни қаерга еяётганингизни билинг, дадаси», деб юбораман. Бу гапимдан сўнг: «Тўғри, сизларнинг ҳам менда ҳақларингиз бор!» дейдилар, бир четга қўйилган телефонга эса болаларим талашиб кетишади. «Ҳой, энди сизлар бошладингизми?!» десам, «Ойи, «мушук»ка қараб қўяйлик, балки очқаб кетгандир, ҳожатга боргиси келаётгандир… Агар ҳозир қарамасак, дадам яна телефонларини олиб қўядилар», дейишади чуғурлаб. Нима дейишни ҳам билмай қоласан одам.

Шу «собиқ» оқ телефонимда бир тармоқда ўқиган ҳикоям ҳеч эсимдан чиқмайди, уни айнан келтира олмайман, лекин айтиб бераман. Қулоқ солинг, балки сизга бу танишдир, ҳар ҳолда яна бир бор эслатма бўлса, ибрат бўлса, ажаб эмас.

Касалхонага нуроний бир онахон бетоб бўлиб ётқизилади. Унга бир ҳамшира ҳар куни қарайди. Онахон неча кун даволаниб ётган бўлса, шунча кун қўни-қўшниси, узоқ-яқин қариндош-уруғлари, қуда-андаси, хуллас, кўпчилик кўргани келади. Меҳр-оқибат тобора йўқолиб бораётган бир замонда буни кузатган ҳамшира ниҳоятда ажабланади.

Эртага жавоб деган куни у катта ўғилдан нима учун кўпчилик онасини кўргани келганининг сабабини сўрайди. «Онам жуда яхши аёллар, ҳаммага меҳр-оқибат кўрсатадилар, шунинг учун бўлса керак-да», дейди ўғил. Бу жавобдан қониқмаган ҳамшира онахоннинг ўзидан бунинг боисини билгиси келади. Шунда онахон нима жавоб қилган, биласизми?! Балки унинг жавобини эшитиб, сиз ҳам мен каби ҳайратлар ва кўз ёшлар ичида қоларсиз!?

«Болам, мен қаерга, кимнинг уйига борсам, Қуръони Каримни кўзларим билан қидираман. Унга кўзим тушган заҳоти дарҳол қўлимга олиб, ярим-бир бет ўқийман ва Китобни ёпиб, Роббимга шундай дуо қиламан: «Аллоҳим, мен Сенинг Китобингни ташлаб қўймаганим каби Сен ҳам мени ташлаб қўймагин!»

Уни тинглаб турган ҳамширанинг ҳам кўзларидан тинмай ёш оқарди. У онахонни шу тобда маҳкам бағрига босгиси келди…

Ҳа, азизлар, ана Қуръони Каримга бўлган эътиборнинг мукофоти! Қани эди, қўлимиз тинмай телефонга эмас, бу Улуғ Китобга югурса… Қанийди, телефондаги нарсаларни кулиб ё йиғлаб ўқиганимиз каби Буюк Аллоҳнинг Каломини ҳам берилиб тиловат қилсак…

«Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор», дерсиз?! Хўп, шундай экан, биз мусулмонларнинг телефонга тикилганимиздек, ҳар куни Қуръони Каримни ҳам бир бор бўлсин, ўқиб қўйганимиз қани?!

Мадомики, ким Қуръонни ўқишни билса-ю, уни уч кундан ортиқ ташлаб қўйса, «ғофиллардан» деб ёзиб қўйилишини биламизми? (Биламиз, чунки бу ҳақдаги мақолаларни ана шу телефонларимиздан аллақачон ўқиганмиз.) Агар Қуръонни ташлаб қўйсак, у қиёмат куни орқамиздан келиб, жаҳаннамга итаришини-чи?!

Шундай экан, келинг, барчамиз Аллоҳ таоло бизга дастур қилиб юборган Китобини ўқийлик, мағзини чақиб, унга амал қилайлик. Зеро, ана шунда ижтимоий тармоқлардан топган роҳатдан устунроқ роҳатни қўлга киритамиз…

Зуҳра ҲАМДАМОВА,

журналист     

Мавзуга оид мақолалар
Шодлик, севинч ҳам ҳар хил бўлади. Хурсандликнинг бир тури бу бизга бахт ҳиссини бағишловчи рўшнолик бўлса, давоми...

16:22 / 19.05.2019 4263
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ давоми...

17:08 / 24.11.2023 2456
gallery linkfile ids3706,3707 «Хайрия ишларида аёл кишининг ўрни» конференциясининг иккинчи куни эрталабки қисми ҳам давоми...

05:56 / 28.01.2017 2667
Охирги марта қачон бирор ишга қаттиқ берилиб кетганингиздан вақт ҳисобини ҳам унутиб қўйиб, соатлар ўтиб давоми...

16:00 / 26.07.2019 3156