Исломда савдо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз «савдо» деб атайдиган сўз араб тилида «байъ» дейилиб, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади.

Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига ийжоб ва қабул ила олишга «байъ» дейилади.

Бу мавзуга оид масалаларда шариатда ҳалол бўлган савдо ва ҳаром бўлган рибо ҳамда уларга ўхшаш бошқа турли молиявий муомалаларнинг баёни келади.

Савдонинг ҳукми, аввало, Қуръони Каримда баён этилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган», деган (275-оят).

Суннатда ҳам савдо тўғрисида кўплаб ривоятлар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари аввал тожирлик билан машғул бўлганлар.

Абу Саиддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Мусулмон уммати қадимдан савдо-сотиқнинг жоизлигига иттифоқ қилиб келган, чунки бу нарсага доимий равишда инсонларнинг ҳожати тушиб туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ва ўша қайтарилганга ўхшаган савдодан бошқа барча савдолар мубоҳдир.

Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, ўртадаги муомалага сабаб бўладиган нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:

  1. Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мавжуд бўлиши керак.

Йўқ нарсани муомалага қўйиб бўлмайди. Масалан, етилмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки у ҳали униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми – маълум эмас.

Шунга ўхшаш, онасининг қорнидаги ҳайвонни, елиндаги сутни ҳам сотиб бўлмайди.

  1. Муомалага қўйилган нарса муомалага қўювчининг шаръий ҳаққи бўлиши лозим. Яъни у муомалага қўювчига мулк бўлиши, уни сақлаш ва ундан манфаатланиш мумкин бўлиши керак.

Бирор киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.

Шунингдек, шариатга кўра сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқага ўхшаш нарсаларни муомалага қўйиш ҳам мумкин эмас.

  1. Муомалага қўйилган нарсани келишув вақтида топшириш имкони бўлиши керак.

Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни ёки сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар қўйилса, муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди.

  1. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак.

Яъни икки томон ҳам муомалага қўйилаётган нарсани яхши билиши, кўрган бўлиши, зарур маълумотларга эга бўлиши лозим. Агар ундай бўлмаса, муомала жорий бўлмайди, чунки бундай ҳолларда кейинчалик уруш-жанжал чиқиши осон бўлиб қолади.

  1. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак.

Яъни шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши лозим. Шариат ҳаром қилган ўлимтик, қон, ахлат каби нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

Савдо-сотиқнинг одоблари кўп бўлиб, улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

  1. Муомалада ростгўй бўлиш.

Яъни савдо молини ҳақиқий сифати ила сифатлаш, унинг нави, жинси ва тайёрлаган тарафи ва сарф-харажати ҳақидаги ахборотда ёлғон ишлатмаслик.

  1. Муомалада саховатли бўлиш.

Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилади. Харидор ҳам кескин шартларни талаб қилиб туриб олмайди.

  1. Қасам ичишдан четда бўлиш.

Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак, чунки бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

  1. Кўп садақа қилиш.

Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларнинг ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим.

  1. Молиявий муомалаларни ва қарзни ёзиб бориш ҳамда гувоҳ келтириш.

Тожир савдо шартномасини ва қарзни ёзиб бориши лозим. Бировга насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиши мандубдир.

  1. Фойда олишда ҳаддан ошмаслик.

Албатта, тожир ўз ишидан фойда кўриши лозим. Лекин устама нарх қўйишда ҳаддан ошмагани маъқул. Моликий мазҳаби уламолари: «Фойданинг кўпи мол таннархининг учдан бирига тенг бўлиши керак», деганлар. Чунки мерос ва васият бобларида молнинг учдан бирига рухсат берилган.

манба: Кифоя III

Мавзуга оид мақолалар
Тарқалиш ҳудудини аниқ билмайманку, жуда кўп ўзбек оилаларида ўғил бола тили чиққани ҳамон сўкинишга махсус давоми...

14:30 / 14.10.2016 3588
Ҳидоятга бошлаш ёки залолатни раво кўриш Аллоҳнинг қўлидадир. Бу дегани, баъзилар ўйлаганидек, «Инсоннинг давоми...

14:26 / 10.11.2016 5539
Аллоҳ таоло мўминмусулмонларга Рамазони шариф муносабати ила кўплаб хайрбаракалар берган. Мазкур хайру давоми...

05:45 / 10.02.2017 4620
АЁЛЛАР ФИҚҲИ Савол Таҳоратдан кейин юзқўлни артмаслик суннат дейишади. Шу тўғрими Жавоб . Ойша давоми...

11:26 / 14.03.2017 4759