Фақатгина сажда излари қолади, холос
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз мусулмон дўстим. Биламан, сиз жаннатга киришни хоҳлайсиз, Аллоҳнинг дийдорини кўришни истайсиз. Яна шуни биламанки, сиз ким ва қандай инсон бўлишингиздан қатъи назар, ҳеч бўлмаса умрингиз давомида бир маротаба бўлса ҳам: «Кошки эди мен ҳам жаннатга кирсам», деб орзу қилгансиз, ўтириб ўйлагансиз.

Шунинг учун қуйидаги сатрларни ёзяпман. Аслида, бу сўзларни ёзишга мени ундаган нарса, бу «Ўзинг яхши кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўр», деган маънодаги муборак ҳадисдир.

Имом Бухорий китобларини ўқиб турганимда бир ҳадис диққатимни ўзига тортди. Уни ўқиб ич-ичимдан йиғлаб, жаннатга киришни орзу қилиб қолдим. Бу китобни Рамазон ойи яқинлашиш арафасида ўқиганим учунми, ичимда қандайдир бошқача ҳис-туйғу пайдо бўла бошлади. Ўзимга ўзим, «Мана, сен орзу қилган ва истаган нарсани қўлга киритиш учун Аллоҳ томонидан берилган катта фурсат», дедим.

Балки бу китобни Рамазон ойи арафасида қўлимга олиб ўқишим, Аллоҳ томонидан мен гуноҳкор бандага: «Эй бандам, энди шу кунгача қилган хатоларингни ювиш вақти келди. Қилиб юрган гуноҳларингдан тўхтарсан энди. Ҳеч бўлмаса сенга кўрсатган ишорамдан хулоса чиқариб, Рамазон ойи муносабати билан намоз ўқишни бошларсан», дегандек бўлди.

Келинг, яхшиси, мени намоз ўқишимга сабаб бўлган ҳадис мазмуни билан сизларни таништирай.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сирот кўпригидан биринчи бўлиб мен ўз умматим билан бирга ўтаман. Аллоҳ бандалари орасида ҳукм қилишдан фориғ бўлиб, дўзахдан чиқарадиганларини чиқариб бўлгач, фаришталари ва пайғамбарларини шафоат қилишга буюради. Улар шафоат қилиниши керак бўлган кишиларни белгиларидан билиб оладилар. Дўзахдаги олов одам боласини барча жойини куйдириб кул қилади, фақатгина сажда қилган жойи (пешонаси) қолади. Сўнгра уларнинг устидан жаннат суви қуйилади. Жаннат суви қуйилгач, улар худди сел ўзи билан олиб келган донларни қандай ундирса, улар ҳам худди шундай унадилар».

Шундан кейин ўзимга ўзим айтдим: «Мана, Рамазон ойи. Энди шу ойда намоз ўқиб, ҳаётимнинг қолган умрида беш вақт намозимни канда қилмайман, рўзамни тутиб, Аллоҳга яқинлашаман».

Ўша сирот кўпригидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтадиган уммат ичида бўлгим келяпти. Дўзахга кирмаслик, унда қолиб кетмаслик учун намоз ўқиб, пешонамда сажда изларини қолдиргим келяпти. Аллоҳим барчамизни сажда қилувчилардан қилсин.

Мавзуга оид мақолалар
Ибн Ҳайсам вақтдан қандай фойдаланганТожсимон вирус дунё бўйлаб тарқалиши сабабли дунё аҳлининг кўп қисми давоми...

16:45 / 28.04.2020 3334
                                                             Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Бизларни Одам зурриётидан давоми...

03:22 / 05.03.2017 24588
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу Муҳтарама опа сингилларимизга қувончли ва ёқимли давоми...

07:08 / 06.03.2017 3783
Асмаий айтади Басрада илм талабида юрганимда қўлим юпқа эди. Тор кўчамиз эшиги олдида бир баққол бўларди. давоми...

14:00 / 22.09.2019 2743