Аёлнинг ҳажи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлнинг ҳажи ҳам худди эркакникига ўхшайди. Фақат у бошини очмайди, юзини очади. Агар юзига тегмайдиган қилиб бир нарсани тушириб олса жоиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Отлиқлар бизнинг олдимиздан ўтарди. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромдаги ҳолда эдик. Қачон улар тўғримизга келганларида биримиз жилбобини бошидан юзига тушириб оларди. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

У овоз чиқариб талбия айтмайди. Икки яшил устун орасида тезлаб юрмайди. Тавофда рамл ҳам қилмайди. Ҳажарул асваднинг издиҳомига ҳам кирмайди. Шунда сатрлироқ бўлади. Сочини олдирмайди. Балки қисқартиради.

Имом Термизий ва Насаийлар Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини сочини олдиришдан наҳий қилдилар», дейилган. Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларга соч олдириш лозим эмас. Аёллар сочларини қисқартсалар бўлди», дейилган. Тикилган нарсани кияди, шунда очиқ-сочиқликдан сақланади. Издиҳомда Ҳажарга яқинлашмайди, ўзини қийин ҳолга солмаслик учун. Унинг ҳайзи тавофдан бошқа нарсани ман қилмайди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Маккага ҳайз кўрган ҳолда келдим. Байтни тавоф қилмадим. Сафо ва Марва орасида саъйи ҳам қилмадим. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. Бас, у Зот: «Ҳожи нима қилса, шуни қилавер. Фақат пок бўлмагунингча байтни тавоф қилма», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган. Демак, ҳайз кўрган аёл то пок бўлмагунича Байтуллоҳни тавоф қилиши мумкин эмас. Тавофнинг шартларидан бири тавоф қилувчининг тўла пок бўлишидир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқдик. Ҳаждан бошқа нарсани зикр қилмас эдик. Сарифга келганимизда ҳайз кўриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирганларида мен йиғлаётган эдим. Бас, у Зот: «Сени нима йиғлатмоқда?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, бу йил чиқмасам ҳам бўларкан», дедим. «Эҳтимол, ҳайз кўргандирсан?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Бу Аллоҳ одам қизларига битиб қўйган нарса. Ҳожи нима қилса, шуни қилавер. Фақатгина пок бўлгунингча байтни тавоф қилма», дедилар». Икки шайх ривоят қилган. Арафотга эриша олмаган шахс тавоф ва саъйи қилиб эҳромдан чиқади ва келаси йили қазосини қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари етмайдими?! Агар бирингиз Ҳаждан ушалиб қолса, байтни ҳамда Сафо ва Марвани тавоф қилади. Сўнг ҳамма нарсадан ҳалол бўлади. Токи келаси йили Ҳаж ва қурбонлик қилгунча ёки қурбонлик топмаса рўза тутгунча», деди». Бухорий ривоят қилган. Сулаймон ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳаббор ибн ал-Асвад сўйиш куни келганида Умар розияллоҳу анҳу қурбонлигини сўяётган эди. Бас, у: «Эй, мўминларнинг амири! Ҳисобни нотўғри қилибмиз. Биз бу кунни арафа куни деб билган эдик», деди. Шунда Умар унга: «Маккага бориб сен ҳам, сен билан бирга бўлганлар ҳам тавоф қилинглар. Қурбонликни сўйинглар, агар сизларда улар бўлса. Сўнгра соч олдиринглар ёки қисқартиринглар ва қайтаверинглар. Қачон келаси йили бўлса ҳаж қилинглар ва қурбонлик сўйинглар. Ким уни топмаса, ҳажда уч кун ва қайтганида етти кун рўза», деди». Ҳаббор ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳу ва унинг шериклари ой ҳисобини нотўғри олишиб арафадан бир кун кейин етиб келишган эди. Ҳажнинг асосий ибодати Арофатда туриш ўтиб кетган. Улар бўлса ҳажни ният қилиб боғлаган эҳромларида турибдилар. Нима қилиш керак? Улар бу саволни ўша вақтнинг халифаси Умар розияллоҳу анҳуга беришди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни койиш маъносида бирор оғиз сўз ҳам айтмадилар. У киши тўғридан-тўғри нима қилиш кераклигини баён қилиб бердилар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Ҳаж учун чиқди. Макка йўлидаги саҳрога борганда уловини йўқотиб қўйди. Бас, Умарнинг олдига сўйиш куни келди ва унга бўлиб ўтган ҳолни зикр қилди. Шунда Умар: «Умрачи нима қилиши керак бўлса, шуни қил. Сўнгра эҳромдан чиққан бўласан. Қачон сенга келаси йили ҳажи етиб келса, Ҳаж қил ва муяссар бўлганича қурбонлик қил», деди». Иккисини Имом Молик ривоят қилган ва: «Ким Ҳаж билан умрани қирон қилган бўлса, кейин ундан Ҳаж ўтиб кетса, унга келаси йили Ҳаж қилиш вожиб бўлади. Бас, у Ҳаж ва умрани қўшиб қилади ва иккита қурбонлик қилади. Қирони учун бир қурбонлик ва қазо ҳажи учун бир қурбонлик», деган.

Мавзуга оид мақолалар
Конфликт зонасида сафарда бўлган Америка Қўшма штатлари экспрезиденти Жимми Картернинг айтишича, давоми...

10:24 / 09.11.2016 3467
89 ёшли боланинг ҳиссий ҳолати 89 ёшли бола  ҳамма нарсани тез қилгиси келади ҳаракатланишни, овқатланишни, давоми...

03:44 / 28.02.2017 5352
Рамазон ойи кириши муносабати билан, сизларга ошқозонни тозалаш борасида табибларнинг бир неча давоми...

12:27 / 07.02.2017 4769
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойи Қуръон ойидир. Ислом уммати ушбу ойда Каломуллоҳга янада яқинроқ давоми...

06:50 / 02.05.2019 2162