Махси ва тахтакачга масҳ тортиш ҳақида

0 1 140

Махсига масҳ тортиш кичик бетаҳорат кишига жоиздир. Fусл вожиб бўлган одамга эмас. Унинг фарзи болдирдан пастга қўлнинг уч бармоғи миқдорида чизиқ тортишдир. Уни икки чориққа ва тўпиқни тўсувчи ҳамда сафар қилишга ярайдиган нарсага тортиш жоиздир. Бунда бетаҳоратлик етишидан аввал иккиси тўлиқ таҳорат ила кийилган бўлиши шарт. Бу шарт тахтакачга қўйилмайди. Тахтакач тушиб кетса, ҳечқиси йўқ. Аммо тузалиб тушса, бундан мустасно. Оёқни тўсиб турувчи нарсадан бошқа фақат тахтакачгагина масҳ тортилади. Масҳнинг муддати бетаҳоратлик етганидан бошлаб муқимга бир кечаю бир кундуз. Мусофирга уч кечаю уч кундуз.

Унинг синдирувчиси: таҳоратни синдирувчи нарсалар, муддатнинг чиқиши ва товоннинг кўпи қўнжига чиқишидир. Охирги икки нарсадан кейин фақат икки оёғини ювиш вожиб бўлади.

Масҳни пойафзалдан оёқнинг кичкина панжаларидан учтаси кўринадиган миқдордаги йиртиқ манъ қилади. Бир пой махсидаги йиртиқлар жамланади, икки пойиники эмас.

Муқим сафар қилганда ёки бир кеча-кундуздан аввал аксинча бўлганда, охиргиси эътиборга олинади. Бу икки ҳолатдан кейин ечилади.

Махси – маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб беркитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Махси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари махси ҳукмида бўлади.

Ҳар таҳоратда бу оёқ кийимни ечиб оёқни ювиш машаққат туғдиргани учун, тўлиқ таҳорат билан кийилган махси унинг ичидаги оёқни пок сақлашини эътиборга олиб, шариатимизда махсига масҳ тортишга рухсат берилган.

Лекин баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунмаганлар. Улар: «Бир вақтлар махсига масҳ тортиш бўлган, аммо «Моида» сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келгандан кейин махсига масҳ тортиш ботил бўлган», дейдилар.

Бу – нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича:

Аъмашдан, у Иброҳимдан, у Ҳаммамдан ривоят қилинади:

«Жарир сийиб туриб таҳорат қилди ва махсиларига масҳ тортди. Шунда у кишига:

«Сен шу ишни қиласанми?» – дейилди.

«Ҳа! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийиб туриб таҳорат қилганларини ва махсиларига масҳ тортганларини кўрганман», – деди».

Иброҳим:

«Бу уларга жуда ёқар эди. Чунки Жарир «Моида» сураси нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлган эди»,– деди».

Олти Имом ривоят қилишган.

Демак, «Моида» сурасидаги оят суннат билан собит бўлган махсига масҳ тортишни бекор қилган, деган гап мардуддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари махсига масҳ тортганлар ва бошқаларга масҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўплари бу ишни қилганлар.

Аммо махсига масҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун, ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.

Махсига масҳ тортишга рухсатдан мурод енгиллик яратишдир. Шу билан бирга, унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, совуқдан ва нопокликдан сақланиш каби фойдалари ҳам бор.

Масҳ ҳақида келган ривоятлар мутавотир даражасига етай деб қолган. Қирқта ҳадисда масҳ тортиш борлиги айтилган. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи «Мен масҳ ҳақидаги ривоятлар қуёшдан ҳам равшан бўлгани учун бу ҳукмни олганман. Ким масҳни жоиз эмас деса, унинг куфрга кетишидан қўрқаман», деганлар.

Баъзи ривоятларни келтиришга ижозат бергайсиз:

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Муғийра орқаларидан идишда сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у Зот таҳорат қилдилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам махсига масҳ тортдилар. Мен у кишига:

«Эй Аллоҳнинг Расули, унутдингизми?» – дедим.

Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ! Сен унутдинг. Роббим азза ва жалла мени шунга амр қилган», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас, у Зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга бўлган эдим. Махсиларини ечиб қўйиш учун энгашувдим:

«Тек қўй, уларни икки пок оёғимга кийганман», –дедилар ва уларга масҳ тортдилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Махсига масҳ тортиш таҳоратдаги икки оёқни ювишнинг ўрнига ўтади.

«Масҳ» сўзи луғатда қўлни бир нарсанинг устидан силаб ўтказишга айтилади.

Шаръий истилоҳда эса сув билан ҳўлланган қўлни махсус оёқ кийимининг махсус жойидан махсус замонда силаб ўтказишга «махсига масҳ тортиш» дейилади.

Энди ушбу масалага оид матнни шарҳ қилишга ўтайлик.

Махсига масҳ тортиш кичик бетаҳорат кишига жоиздир.

Масҳ тортиш таҳорати кетган одам янги тағорат қилганда жоиз бўлган бир ишдир.

Fусл вожиб бўлган одамга эмас.

Бу ҳолдаги одам махсини ечиб, ғусл қилади.

Унинг фарзи болдирдан пастга қўлнинг уч бармоғи миқдорида чизиқ тортишдир.

Яъни махси ёки унинг ўрнига ўтадиган пойафзалнинг оёқ устини беркитиб турадиган қисмига уч бармоқ миқдорида масҳ тортса, фарзи адо этилган бўлади. Масҳи ўрнига қўйилган бўлади.

Махсига масҳ тортишда икки қўлни ҳўллагач, панжаларни ёйиб, ўнг қўлни ўнг махсининг, чап қўлни чап махсининг тумшуғига қўйилади ва қўлни махси устидан тортиб бориб, тўпиқлар бор жойгача етказилади.

Уни икки чориққа ва тўпиқни тўсувчи ҳамда сафар қилишга ярайдиган нарсага тортиш жоиздир.

«Чориқ» совуқда махсининг устидан кийиладиган нарса бўлган. Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ҳоким Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чориққа масҳ тортганлари айтилган.

Махсини кийгандан кейин таҳорати кетмай туриб устидан чориқни кийган бўлса, унга масҳ тортса, бўлади. Аммо таҳорати кетиб қайта таҳорат қилаётганда махсига масҳ тортиб олиб кейин чориқни кийган бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди.

Махси ва чориқдан бошқа, уларнинг вазифасини адо этадиган, пойафзалларга ҳам масҳ тортса бўлади. Бунинг учун мазкур пойафзаллар икки оёқнинг тўпиқдан юқорисини тўсадиган, боғламаса ҳам ўзи тик турадиган ва у билан юриб сафар қилса бўладиган даражада бўлиши лозим. Мазкур сафар энг ози бир фарсах, яъни, 5544 метр масофага бўлиши керак. Агар мазкур масофани босиб ўтгунча йиртилиб кетадиган пойафзал бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда ковушларига масҳ тортдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдаги «жавроб» нима эканини уламоларимиз узоқ таҳлил ва баён қилганлар.

«Жавроб» сўзи асли «кавроб» бўлиб, араб тилига бошқа тилдан кириб қолган экан.

«Қомусул Муҳийт» ва «Лисонул Араб» номли энг мўътамад луғат китобларда айтилишича, «жавроб» кишининг оёқларига ўраладиган нарса экан. Буни машҳур уламолардан Тийбий ва Шавконий ҳам тасдиқлашган.

Шавконий: «Махси юмшоқ ошланган теридан қилинади, чориқ унинг устидан кийилади, «жавроб» эса чориқдан ҳам катта бўлади», деганлар.

Ибн Арабий, Айний ва бошқа уламолар, «жавроб» жундан тўқилган бўлиб, ўта совуқ ўлка одамлари кияди, деганлар.

У руслардаги «пийма» номли оёқ кийимига ўхшаш нарсадир.

«Жавроб» ҳақида уламоларнинг гаплари турлича бўлиши, у оёқ кийимининг ҳар юртда ҳар хил бўлишидандир. Бунга «дўппи» деб аталган бош кийим турли юртларда турлича бўлиши мисол бўла олади.

Абдурраззоқ ривоят қилишларича, Абу Масъуд ал-Ансорий жавроби ва ковушига масҳ тортар экан.

Нима бўлганда ҳам, ҳамма уламолар масҳ тортиш учун ўша оёқ кийими масҳ муддатида юриб туришга, сув, лой каби турли нарсаларни оёққа ўтказмаслиги кераклигига иттифоқ қилганлар.

Ҳозирги пайтда баъзи араб юртларида юпқа латтадан бўлган замонавий пайпоқлар «жавроб» дейилади. Баъзи бир одамлар, ана шу «жавроб» ҳадисда зикр қилинган «жавроб» деб, унга ҳам масҳ тортса бўлади, дея фатво бермоқдалар. Бу мутлақо нотўғридир. Ким бу гапни эшитса, асло қабул қилмаслиги керак. Агар олдин билмай қабул қилган бўлса, энди ундан қайтиб, пайпоққа масҳ тортмаслиги керак.

Мужтаҳид уламоларнинг ҳаммалари, бир фарсах масофага сафар қилишга ярайдиган, тагидаги нарсанинг шаклини билинтирмай турадиган, устидан тери қопланган жавробдан бошқасига масҳ тортиб бўлмайди, деганлар.

Бунда бетаҳоратлик етишидан аввал иккиси тўлиқ таҳорат ила кийилган бўлиши шарт.

Яъни аввал тўлиқ таҳорат қилиб, оёқларини ювиб олгандан кейин махсини кияди. Вақти келиб таҳорати кетганда икки махсини тўлиқ таҳорат билан кийган бўлади. Ўша одам янгидан таҳорат олса, махсисига масҳ тортса, жоиз бўлади. Аммо таҳоратсиз ҳолда махсини кийиб олиб, кейин таҳорат қилганда масҳ тортиш мумкин эмас.

Бу шарт тахтакачга қўйилмайди.

«Тахтакач» деганда, аслида, суяк синганда ёки бирор жойи чиққанда икки тарафдан тахта ёки шунга ўхшаш нарсани қўйиб боғлашга айтилади. Аммо, умуман, жароҳатни боғлаш ёки тўсиб қўйишлар ҳам шунга киради. Гипслаб қўйиш, ярага бирор нарсани ёпиштириб қўйишлар шу жумладандир.

Мана шунга ўхшаш ҳолатларда тўлиқ таҳоратли бўлиш шарт эмас. Қандай ҳолатда бўлса ҳам, майли.

Тахтакачга масҳ тортиш шариатга киритилишига далил:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга фақатгина таяммум қилмоғи, жароҳатга латта боғламоғи, сўнгра унинг устидан масҳ тортмоғи ва баданининг қолганини ювмоғи кифоя қилар эди»,–дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, жароҳатли одам ғусл ва таҳорат пайтида жароҳатига сув тегизмаса, жоиз. Агар жароҳатни боғлаб олган бўлса, ўша боғланган латта устидан масҳ тортишнинг ўзи кифоя қилади. Жароҳати йўқ аъзоларини ювади.

Тахтакач тушиб кетса, ҳечқиси йўқ.

Бемор одамга қўйилган тахтакач ёки унинг ўрнидаги нарса у намоз ўқиётган вақтда тушиб кетса, ҳеч нарса бўлмагандек намозини давом эттираверади. Агар намоздан ташқарида тушса, ўрнига қайтариб қўяди ёки бош­қасини қўяди.

Аммо тузалиб тушса, бундан мустасно.

Намозда бўлса, намозини янгидан бошлаб ўқийди. Намоздан ташқарида бўлса, ўша тушиб кетган нарсанинг ўрнини ювиб қўяди.

Оёқдан бошқани тўсиб турувчи нарсалардан фақат тахтакачгагина масҳ тортилади.

Дўппи, салла, телпак, қўлқоп, чопон каби нарсаларга масҳ тортиб бўлмайди.

Масҳнинг муддати бетаҳоратлик етганидан бошлаб муқимга бир кечаю, бир кундуз. Мусофирга уч кечаю уч кундуз.

Бу ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ҳадиси шарифлардан олганлар:

Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим.

У киши:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди»,– дедилар.

Бас, ундан сўраган эдик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», – деди».

Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Муқим одам бир кечаю бир кундуз махсига масҳ тортиши мумкин. У муддат ўтгандан кейин эса, махсини ечиб, оёғини ювиши шарт.

Мусофир одам эса уч кечаю уч кундуз махсисига масҳ тортиб юраверса, бўлади. У муддатдан ўтиб кетса, мусофир ҳам махсисини ечиб, оёғини ювмоғи лозим.

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Махсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган вақтимизда қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқудан махсиларимизни ечмасдан уч кунгача масҳ тортишни амр қилар эдилар. Магар жанобатдан (ечишга амр қилганлар)».

Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда мусофирнинг масҳи муддатидан ташқари махсига масҳ тортиш бўйича яна муҳим бир масала баён этилмоқда. У ҳам бўлса, масҳ тортиш таҳоратни кетказадиган нарсалардан кейин жоизлиги, ғусл вожиб қиладиган нарсалардан кейин эса масҳнинг кучи қолмаслигидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига қазои ҳожат, таҳорат ушатиш ва уйқу туфайли таҳоратлари синиб, янги таҳорат қилганларида сафар чоғида уч кунгача махсига масҳ тортиб юришни амр қилганлар.

Аммо жунуб бўлиб, ғусл вожиб бўлиб қолганда эса махсини ечишни амр қилганлар.

Масҳнинг муддатини ҳисоблашнинг бошланиши махсини кийгандан эмас, уни кийгандан кейин биринчи бор таҳорати кетган вақтдан бошланади.

Унинг синдирувчиси таҳоратни синдирувчи нарсалар, муддатнинг чиқиши ва товоннинг кўпи қўнжига чиқишидир.

Махсига тортилган масҳнинг синдирувчиси қуйидагилар:

1. Масҳ тортиб юрилганда таҳорат синиши билан масҳ ҳам синади.

2. Муқим масҳ тортганидан кейин биринчи таҳорати синган вақтдан бир кечаю бир кундуз ўтиши билан масҳи ўз-ўзидан синади. Ўша пайтда таҳорати бор бўлса ҳам, масҳи синади. Шунингдек, мусофирнинг масҳига уч кечаю уч кундуз тўлганда, унинг ҳам масҳи синади.

3. Махсига масҳ тортиб юрган одамнинг товонининг кўп қисми махсининг қўнжиси томонга чиқиб кетса ҳам, унинг масҳи синади.

Охирги икки нарсадан кейин фақат икки оёғини ювиш вожиб бўлади.

Яъни муддати ўтганда ёки товони қўнжи томон чиқиб кетганда таҳорати бўлса, махсини ечиб оёғини ювиб олса, кифоя қилади. Ўша масҳ тортиб қилган таҳорати мукаммал бўлиб қолаверади.

Масҳнинг бизнинг матнда зикр қилинмаган синиш ҳолатлари ҳам бор:

1. Жунуб бўлганда.

Махсига масҳ тортиб юрган одам жунуб бўлиб қолса, масҳи синади. У махсисини ечиб, оёғини ювмоғи лозим бўлади.

2. Бир пой ёки икки пой махсини ечганда.

Масҳ билан юрган одам оёқ кийимини ечганда оёғини ювиб олиши керак. Бўлмаса, таҳорати синади.

3. Учта бармоғи чиқиб қоладиган даражада махсида йиртиқ пайдо бўлганда ҳам масҳ синади.

Бир оёқнинг кўп қисмига сув тегса ҳам, масҳ синади.

Масҳни пойафзалдан оёқнинг кичкина панжаларидан учтаси кўринадиган миқдордаги йиртиқ манъ қилади. Бир пой махсидаги йиртиқлар жамланади, икки пойиники эмас.

Бир пой махсидаги йиртиқларни жамлаганда оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдорида йиртиғи бор махсига масҳ тортиб бўлмайди.

Муқим одам сафар қилганда ёки бир кеча-кундуздан аввал аксинча бўлганда, охиргиси эътиборга олинади.

Бир одам муқим ҳолида махсисига масҳ тортди. Ке­йин сафарга чиқиб қолди. Бунда сафар ҳоли эътиборга олинади ва масҳи уч кечаю уч кундузгача синмайди.

Биров сафарга чиқди. Кейин сафарига бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб муқим бўлиб қолди. Бу ҳолда бир кечаю бир кундуздан кейин масҳ синади.

Бу икки ҳолатдан кейин ечилади.

Муқим мусофир бўлганда ва мусофир бир кечаю бир кундуз ўтмай туриб муқим бўлганда, муддат тугал бўлиши билан махсини ечиб, оёқ ювилади.

Баҳам кўринг

Comments are closed.