Киши зино қилиб қўйса, нима қилади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зино катта гуноҳ эканини биламан, лекин бу ишга бир бор қўл урганман. Бугун эса виждоним қийналади. Мен ўз гуноҳимни қандай ювишим мумкин? Буни эримга айтсаммикан ёки йўқми деб кўп ўйлайман.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Бу ерда сўз эрли бир аёлнинг зино қилгани ва зинони эътироф этаётгани, бу гуноҳдан виждони азобланаётгани, эрининг олдида ўз айбдорлигини ҳис этаётгани ҳақида кетаётгани яққол кўриниб турибди. Бу – яхшилик аломати. Аммо энг муҳими, Аллоҳнинг ҳузурида жуда ҳам улкан ҳисобланган бир гуноҳни содир этганлик ҳисси ҳам бўлиши лозим. Бундай ҳолатда бошқа кўплаб мусулмон давлатлари қатори бизнинг бугунги шароитимизда ҳам иш шахсий ҳаракатларга бориб тақалади. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, шайтон васвасасига учиб, «зино» деб аталмиш катта бир гуноҳни содир этган бўлса, чин қалбдан тавба қилиши ва бунда тавбанинг шартларини тўкис адо этиши лозим бўлади. Энг аввал қилган гуноҳи учун астойдил пушаймон бўлиши, афсус-надомат чекиши лозим. Қилган гуноҳини эслаганда қалбида қандайдир ҳузур ё хотиржамлик эмас, балки изтироб, қўрқинч бўлиши керак. Иккинчидан, ўша гуноҳни қайта қилмасликка чин кўнгилдан қасд этиши, азму қарор қилиши лозим. Гуноҳда бардавом бўлган, яна гуноҳ қилиш ниятида турган кишининг тавбаси ҳеч қачон қабул бўлмайди. Қалбнинг бир чеккасида ҳам гуноҳни такрорлашга ўрин қолдирмаслик керак. Зотан, тавба ўзи аслида «қайтиш» дегани бўлиб, Аллоҳ таолога гуноҳлардан тамоман қайтишни англатади. Тавба – бу, Аллоҳ таолога гуноҳга қайтмаслик ваъдасини бериш ҳамдир. Учинчидан, қилган гуноҳи учун Аллоҳ таолодан афву мағфират сўраши, гуноҳини ўтишини талаб қилиб, ялиниб-ёлбориши керак. Ўзининг гуноҳкорлигини тўла ҳис қилган ҳолда, гуноҳини бўйнига олиб, тавба-тазарруълар қилиши даркор. Саҳар вақтларида туриб истиғфор айтишни кўпайтириши керак. Тўртинчидан, гуноҳини ювиш учун уни босадиган даражада яхши, солиҳ амалларни қилиши, кейинги ҳаётида Аллоҳ таолога кўпроқ ибодат қилиб ўтмоғи лозим. Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур» (114-оят), деб марҳамат этган. Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил ва ёмонлик кетидан уни ўчирадиган яхшиликни эргаштир», деганлар. Мана шу амаллар билан кишининг гуноҳи ювилиши умид қилинади. Аммо шунда ҳам ҳеч ким, гуноҳи аниқ кечирилади, дея олмайди, бу ёғи Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола бўлади. Кечирадиган Аллоҳ таолонинг Ўзи. Зино ёки бошқа бир гуноҳни қилган киши уни бировга айтмаслиги керак. Аллоҳ яширганига шукр қилиб, янада астойдил тавба қилиши лозим. Фақатгина, саволдаги каби ҳукмини билиш учун бировга айтса бўлади. Бунда ҳам ўзининг кимлигини махфий тутиш имконияти бўлса, ошкор қилмагани яхши. Унинг ўрнига мазкур чора-тадбирларни қилишга ўтиш керак. Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, зино туфайли бирор касаллик орттирган одам ўз турмуш ўртоғига яқинлашмаслиги керак. Ана шундай пайтда агар зарурати бўлса, қилган қабиҳ ишидан уни хабардор қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Мавзуга оид мақолалар
Мисс К. «I Got It Covered» лойиҳасида ҳижобга кириши унинг дунёқарашини қандай ўзгартириб юборгани ҳақида айтиб давоми...

01:13 / 26.01.2017 4061
2016 йил Нобель мукофоти соҳиби бўлган Ёсинори Усуми рўза тутишнинг фойдаларини исботлаб берди Ёшликни давоми...

16:24 / 15.03.2017 22039
РЎЗАНИНГ ФОЙДАЛАРИ Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр давоми...

06:02 / 08.02.2017 5050
Биринчи фасл Фейсбукнинг умумий одоблари Эй карамли мусулмон Билгинки, «Фейсбук» деб аталмиш оламнинг давоми...

05:36 / 20.02.2019 2561