«Катта Лангар Қуръони»нинг факсимиле нусхаси Россия Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди

0 164

   

   Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли бўлган ўнлаб бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда, хусусан, Қашқадарё вилояти, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолмоқда.
Маълумотларга кўра, бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, тасаввуфдаги Ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис, ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида “Катта Лангар Қуръони” номини олган. Китобнинг катта қисми, яъни 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган.
Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан 13 аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассислар фикрича, у Қуръони каримнинг Ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади.
2017 йилда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди.
Ушбу нусхалардан бир нечтаси 6-8 июнь кунлари бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербургга келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди.

Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директор Ирина Попова қўлёзмалар ҳақида шундай дейди:
— Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни, ҳақиқий маънода, институтимизнинг фахри деб айта оламиз. Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчилигининг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташаббус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз.

Рустам Жабборов тайёрлади

Баҳам кўринг

Leave A Reply