Ийдул Курбон табриги (2016/1437)

0 523

Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм!

БАЙРАМ ТАБРИГИ

Қодир бўлган мўмин-мусулмон бандаларига ҳаж қилишни фарз этган Аллоҳ таолога У Зотнинг камолига яраша ҳамду санолар бўлсин!

Ҳаж ибодатини умматларига ўргатган ва уни шахсан адо қилиб кўрсатиб берган Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилиб, ҳаж ибодатини бизларга нақл қилиб кетган аҳли байтлар ва саҳобаи киромларига Аллоҳ таолонинг розиликлари бўлсин!

Қуръон ва Суннатдан ҳаж ибодатларини ўрганиб, таҳлил этиб, тартибга солиб, баён қилиб берган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бўлсин!

Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар, азиз юртдошлар!

Барчангизни муқаддас динимизнинг улуғ байрами – Ийдул Азҳа – қурбонлик байрами билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, яна бир улуғ байрам – Қурбонлик байрами кириб келди. Куррамизнинг турли ўлкаларидан ташриф буюрган миллионлаб мусулмонлар, шу жумладан, Ўзбекистондан сафар қилган минглаб юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этишга ният қилиб, талбиялар айтиб, эҳромга кириб, муборак заминга етиб келдилар, кўзда қувонч ёшлари шашқато бўлиб Каъбаи муаззамани тавоф қилдилар, Роббимизнинг шиорлари бўлмиш Сафо ва Марва орасида саъй қилдилар, Арафотда вуқуф қилдилар, Муздалифада тунадилар, Минода бўлдилар, шайтонга тош отдилар, жонлиқ сўйиб, қурбонлик қилдилар ва шу тариқа Исломнинг бешинчи фарзини адо этдилар.

Аллоҳ таоло барчаларининг ҳажларини мабрур, гуноҳларини мағфур, қурбонликлари ва дуоларини мақбул айласин, омин!

Қурбон ҳайити ана шундай буюк ибодатнинг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган шодиёнадир, чинакам байрамдир. Бинобарин, бу байрамда Ислом уммати янада кўпроқ тоат-ибодатга, зикру тасбеҳ ва дуо-истиғфорларга машғул бўладилар. Зеро, мусулмон инсон учун Аллоҳ фарз қилган ибодатни хулуси ният билан, иймону ихлос билан адо этиш чинакам шод-хуррамлик, ҳақиқий қувончдир.

Қурбон ҳайити куни мусулмонлар такбири ташриқлар айтиб, жомеъ масжидларга тўпланадилар, аввал бомдод намозини, сўнг ийд намозини жамоат билан ўқийдилар, хутбадан сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этадилар, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик тилаб, Аллоҳ таолога ёлворадилар. Аллоҳ таоло барчамизга бу байрамни ана шундай кўтаринки руҳда, шод-хуррамликда, эмин-эркин адо этишни насиб қилсин!

Ийд намози ўқилгандан сўнг ота-оналарни, аҳли оилаларни, қариндош-уруғларни байрам билан табриклаш, беморларни, кўнгли яримларни зиёрат қилиш, совға-саломлар улашиш, қурбонлик гўштидан лаззатли таомлар тайёрлаб, байрамона зиёфатлар қилиш марғуб ва матлубдир.

Бугунги кунда барча байрамларимизни худди шундай нишонлаш имкониятига эгамиз. Бу эса Роббимиз ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг чексиз марҳамати, халқимизга ато этган истиқлол ва тинчлик неъматининг шарофатидир. Ушбу неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрона изҳор этиш билан бирга, истиқлолимизга раҳнамо бўлган, диний қадриятларимизни тиклаш ва ўзлигимизга қайтиш йўлида, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган Юртбошимизнинг ҳам ҳақларига Роббимиздан мағфират ва раҳмат сўраймиз.

Аллоҳ таоло бутун дунё мусулмонларига Ийдул Қурбон байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни, ҳожиларимизнинг ҳажларини мақбул этсин, она Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин!

Барчангизни Ийдул Азҳа байрами билан яна бир бор табриклаймиз, оилангизга тинчлик, барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!

 

Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд!

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси

Ислом.уз портали

Баҳам кўринг

Leave A Reply