Ибратли ота-оналарнинг сифатлари

0 3 122
Суннати шарифда ибратли ота-оналарнинг бир нечта сифатлари таърифланган. Келинг улардан баъзилари билан танишамиз.

Ҳалимлик ва ҳаё

Ашажж Абдул Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенда Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган икки хислат: ҳалимлик ва ҳаё бор», дедилар… ».
 Абу Довуд, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда икки сифат зикр қилинган: ҳилм ва ҳаё.
Ҳалимлик Аллоҳ таолонинг исмларидан бирининг маъносидир – Ал Ҳалийм. Унинг маъноси: «ғазаби қўзийдиган ҳамда бунга асосли ҳолат бўлганда ҳам, иқоб қилишга қодир бўла туриб, ғазабланмай, иқоб қилишга шошилмайдиган зот».

Фарзанд синовдир. Улар доимо сизнинг асабингизни қўзғатиб, ғазабингизни чиқариб туриши аниқ.

Рифқ (мулойимлик)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни унга беради», дедилар.
 Имом Муслим ривояти.

Рифқ – ҳусни-хулқ, яъни дағалликнинг акси, мулойимликдир. Яна ўша кишидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади», дедилар. 

Раҳм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У  Зотнинг ҳузурларида  Ақроъ ибн Ҳобис бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор-у, улардан бирортасини ўпмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  унга қарата: «Ким раҳм қилмаса, унга нисбатан ҳам раҳм қилинмайди», дедилар. 
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 
Ушбу ҳадиси шарифда раҳм қилишнинг (ва натижада ўзга ҳам раҳм қилинишига эришишнинг) жуда оддий ва осон кўриниши акс этган – фарзандни ўпиш. Фарзандингизни ўпинг, раҳм қилинг, шояд сизга ҳам раҳм қилинса!

Осонни раво кўринг

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  қачон икки ишнинг бирининг ихтиёри берилса, агар унда гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлардилар. У зот ўзлари учун ҳеч ҳам ўч олмасдилар. Бордию Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, унда Аллоҳ учун ўч олардилар». 
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фарзандингизга, мадомики гуноҳ иш саналмаса, доим осон бўлган ишни раво кўринг.

Ғазаб қилманг
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга : «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг», деганида, у зот: «Ғазаб қилма», дедилар. Бу киши бир неча марта сўраганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғазаб қилмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривоятлари.

Намозни қисқа қилинг

Фарзандингиз билан намоз ўқисангиз, намозни қисқа қилинг:
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди:
Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир, сўнг келиб қавмига имом бўлар эди. Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хуфтонни ўқиди, сўнг қавмига келиб намозга ўтди ва «Бақара» сурасини бошлади. Шунда бир киши салом бериб намоздан чиқди ва ўзи ёлғиз ўқиб, чиқиб кетди. Қавм унга: «Эй фалончи, мунофиқ бўлдингми?!» деди. У: «Аллоҳга қасамки «Йўқ», мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб бераман», деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, биз деҳқонмиз, куни билан ишлаймиз. Муоз сиз билан хуфтон намозини ўқиб келди, сўнг бизга имом бўлиб «Бақара» сурасини ўқиди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозга қараб: «Эй Муоз, сен бездирувчимисан?! «Ваш шамси ва зуҳаҳа», «Ваз-зуҳа», «Вал-лайли иза яғша» ва «Саббиҳисма роббикал аъла» сураларини ўқисанг бўлмайдими?!» дедилар.

Хулоса

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни амирлардан бирини ўз лавозимидан бўшатди.Нега дейилган саволга: «Мен сени лавозимингдан озод қиламан. Сен оилангга раҳм қилмайсан, қандай қилиб халойиққа раҳм қиласан?!», деган маънода жавоб берганлар.
Фарзандингизга раҳм қилинг. Улар сиздан қўрқишмасин, балки сизга мухаббат қилишсин. Уларни эркалатиб ҳам юборманг, меҳр ва қўрқув орасида ўрта йўлни ушланг.

Ilmfruits.com сайтидан Саййид таржимаси.

Баҳам кўринг

Leave A Reply