Ҳижобга талаб мода оламида янги йўналишни яратди

0 3 924

xijob 1Бу қиз Малайзияда жуда машҳур бўлиб, унинг миллионга яқин мухлислари бор. Ҳар сафар у ойнаи жаҳонда кўринар экан, ишқибозлари бу қизнинг кийиб олган кийимини рўмолигача сотиб олишади, дея хабар беради  BBC Capitalнинг  шарҳловчиси.

Нур Нилуфар Мухд. 26 яшар Нур Нилуфар деб танилиб, муслималар гўзаллик қироличаси, актриса ва телебошловчидир.

«Твиттер»да 1,4 миллион, «Фейсбук»да эса 2,2 миллион кузатувчилари (follower) бор. Шунингдек, Нилуфар зеҳнли тадбиркор ҳамда оиласига тегишли бўлган  Naelofar Hijab замонавий брендининг фахри.

Компания Малайзияда бир йил ичида рўмол сотиш бўйича юқори ўринлардан бирини эгаллаган. Энди эса жаҳон бозорига ўз маҳсулотларини олиб чиқишни мўлжалламокда.

Малайзиянинг  деярли 60% аҳолисини мусулмонлар ташкил этади.  Аммо у «сипо урф», яъни муслималарнинг кийиниш урфи тобора оммалашаётган ягона мамлакат эмас.

Бу йўналишни 2014 йилда 230 млрд долларга баҳолашган, 2020 йилга келиб эса 327 млрд долларга етиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Рўмол ўрашга қарор қилган аёллар сони ортгани сари ҳижобга бўлган талаб ҳам ошмоқда.  У урфий аксессуар (қисм)га айланмоқда. Ҳижобга бўлган талаб уни ишлаб чиқарувчи саноатнинг ўсиб боришини таъминламоқда.

Naelofarдаги  энг қиммат рўмол 100 ринггит (24 доллар) туради. 2015 йилда компаниядаги савдо тушуми 50 млн. ринггит (11,8 млн. доллар)ни ташкил этди. Бу Нур оиласи кутган рақамлардан икки баравар юқори.

Компания рўмоллари нафақат хусусий дўконларда, балки дунё бўйлаб харид қилинмоқда. Naelofar ўз маҳсулотини 700 дистрибьютор орқали Сингапур, Брунея, Лондон, Австралия, Голландия, АҚШ каби мамлакатларга етказиб беряпти, шунингдек,  online-сотув ҳам йўлга қўйилган.

«Бўлаётган қизиқиш, тўғриси, бизни эсанкиратиб қўйди. Ишониш қийин, ҳайратдамиз», дейди Нилуфарнинг катта опаси, 30 яшар Нур Набила. У  NH Prima Internationalда (Naelofar брендини назорат қилувчи гуруҳ) бошқарувчи раҳбар лавозимини эгаллаган.

Нур Набила ўзи ҳижобда бўлмаса-да, ҳижобни Малайзия, Сингапур ҳамда Брунея чегараларидан ташқарига чиқариш, Naelofarни ҳижоблар ичида етакчи бренд қилиш ниятида.

«Бу ҳали ўзлаштирилмаган бозор. Ижтимоий тармоқлар катта ўзгаришларга сабаб бўлди.  Авваллари ҳижобдаги аёлларни саҳро ва қишлоқ билан боғлашар эди. Энди эса улар ҳижобда бўла туриб ҳам ишда муваффақиятларга эришиб, кийиниш борасида ўрнак бўла оладиган даражага чиқишган».

Ортиб бораётган талаб Яқин Шарқ ҳамда жанубий Осиё чегараларидан ташқарида яшовчи муслималар учун анъанавий услубдаги кийимлар яратишга замин яратади. Чунки охирги 30 йил ичида кўпгина давлатларда айнан шариатда белгиланган қоидаларга мос ҳижоб кийиш тарафдорлари кўпайди.

Ислом модаси дизайни кенгашида фаолият юритувчи Алия Хан бу каби ўзгаришларни «қадриятларга қайтиш»да деб билади. Кенгашнинг  5000 аъзоси бўлиб, учдан бир қисмини 40 мамлакатдан келган дизайнерлар ташкил қилади. Ханнинг айтишича, дунё бўйлаб «сипо урф»га талаб катта.

Туркия муслималар кийимларига оид йирик бозорлардан биридир. Саноат бўйича халқаро етакчиликни қўлга киритмоқчи бўлаётган Индонезиянинг ҳам бозори чаққон.

Диан Пеланги – Парижда таҳсил олган, «сипо» йўналишининг  бош дизайнерларидан бири. «Инстаграм»да 2,5 млн. кузатувчиси бор. Британиянинг  Business of Fashion журнали уни мода оламининг 500 нуфузли шахслари қаторига қўшган. Унинг Индонезияда 14, Малазияда битта дўкони ишлаб турибди.

xijob 3

Мусулмонлар озчиликни ташкил қилувчи ғарб давлатларида ҳам ҳозирги кунга келиб ҳижобдаги аёлларни тез-тез учратиш мумкин.

Ўтган йилнинг сентябрида британиялик модель Марая Идрисси H&M рекламасида  рўмол ўраб чиққан биринчи аёл бўлди.  H&M кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда иккинчи ўринни эгаллайди.

Бу йили Лондонда бўлиб ўтган модалар ҳафталигида малайзиялик уч опа-сингилнинг Mimpikita номли бренди биринчи бор намойиш қилинди. Намойишга бўлган катта қизиқиш моделлар кийган ҳижоб туфайли, деб айтишяпти.

Шунингдек, ғарблик дизайнерлар 2014 йили DKNYнинг Ramadan коллекциясига катта қизиқиш билдиришган.

Бир қатор бошқа ғарб брендлари Tommy Hilfiger ва Mango ҳам бу йўналишга эргашиб, Рамазон ойида муслималар учун кийим-кечак сотишган.  Япон маркаси Uniqlo эса британиялик дизайнер Хана Тажима билан биргаликда «сипо кийим» коллекциясини яратган.

Ўтган йилнинг  ноябрь ойида Умумжаҳон Ислом иқтисодиёти форуми доирасида Ислом модаси семинари бўлиб ўтди. Семинарда австралиялик дизайнер Зулфия Туфа сўзга чиқиб: «Ҳамма ҳам замонавий бўлишни истайди. Муслималар доим урф бўлган кийим сотиб ололмасалар-да, замон билан ҳамнафас бўлишни ҳоҳлайдилар»,  деб айтди.

27 яшар малайзиялик Виви Юсуф икки йил олдин, фарзанди дунёга келгач, ҳижобга кирган. Замонга мос ҳижоб топа олмагач, сифатли матолар ҳамда замонавий дизайнни уйғунлаштириб, ўзи тикишга қарор қилган. Ҳижобда бўлмаган аёлларга ҳам мос келадиган  рўмоллар яратган. У мактабдаги дўстлари шарафига номланган dUCk брендини 2014 йилда намойиш қилди.

Бренднинг деярли барча янги маҳсулотлари интернет-дўконларда пайдо бўлиши биланоқ сотиб олинади, аёллар рўмолларга навбатда туришади. Виви ўз брендининг бозори ҳақида очиқ-ойдин гапирмаса-да, даромади яхшилиги ҳақида айтди.

xijob 4

Ижтимоий тармоқлар ширкатни реклама қилишда муҳим аҳамиятга эга. Улар янги яратилган моделлар ва дўконларда сотувга қўйилган янги маҳсулотлар ҳақида мунтазам хабар бериб туради. dUCk брендининг «Инстаграм»да 110 мингга яқин кузатувчиси, Вивининг шахсий саҳифасида эса 356 минг кузатувчи бор.

манба: islam-today.ru

Баҳам кўринг

Leave A Reply