Ҳазрати Фотиманинг вафоти

0 66

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди.

Ҳазрат Фотима хасталаниб қолди…
Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…

Шу пайтгача ора-сира касал бўларди, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамади.
Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини яна ёнида эди.
– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…

Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Алининг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасига яқинлаштирди. Ҳазрат Фотима уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Алига имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Ҳазрат Асмо бинти Умайс билан ҳазрат Умму Рафиъ киришди.

– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?
– Ҳа.
Ҳазрат Фотима Умму Рафиъни «онажон» дерди. Чунки бу аёл унга доим оналик қилиб келганди.
– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?
– Албатта, қизим.

Ҳазрат Фотима яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосни кийди.
– Тўшагимни хонанинг ўртасига солинг.
– Хўп.
Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда ранжишарди.

– Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг.
– Хўп.
– Энди мени ёлғиз қолдиринг!
– Аммо…
– Илтимос.
– Аммо…
– Роббимга дуо ва ниёз қилмоқчиман.
– !..

Дуо ва ниёзга шунчалар берилиб кетдики, жони ҳам қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди.
Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотиманинг вафот этганини кўришди.

Шумхабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди.
Пайғамбар алайҳиссалом қизи ҳам бу ёлғон дунёни тарк этганди.

Энди йигирма саккиз ёшга кирганди…
Бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди.

Ортида кўзлари ёш хўжайини ва беш фарзанди қолганди.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа қизи, ҳазрат Алининг ягона завжаси ҳазрат Фотима вафот этганида Ҳасан саккиз, Ҳусайн етти, Умму Гулсум беш, Зайнаб уч, Руқийя икки ёшда эди.

Ҳазрат Фотима қабрига боқаркан, ҳазрат Алининг ёдига аёлнинг вафотидан бироз олдин айтган гаплари ёдига тушди:
– Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг.

Гулларнинг гули бирма-бир дунёни тарк этишганди. Илоҳий тақдир шундай эди. Зотан, одамзотнинг қисмати шу эди. Бири келади, бири кетади…
Қиёматгача давом этади бу ҳол…
Аввал ҳазрат Руқийя…
Сўнг ҳазрат Зайнаб…
Ҳазрат Умму Гулсум…
Ва охирида ҳазрат Фотима…

Гулларнинг гуллари энди боқий дунёда яшар эди. Ва севганларнинг кўнгилларида…
Улар гулларнинг гуллари эди.
Пайғамбар алайҳиссалом булбуллари эди.
Буни билган, кўрган англар.
Қурбон бўлсин унга жонлар.

Узр

Эй пайғамбар қизлари…
Ҳазрат Зайнаб, ҳазрат Руқийя, ҳазрат Умму Гулсум, ҳазрат Фотима…

Эй пайғамбар куёвлари…
Ҳазрат Абул Осс, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али…
Тенгсиз гулнинг тенгсиз гуллари…
Нубувват боғининг хос чечаклари…
Сизнинг ойдин дунёингизга кириб, зулмат дунёимизни ёритмоқ истадик. Фақат дунёингиз шунчалар чароғон эдики, кўзларимиз қамашиб, олмоқчи бўлган нарсаларимизни ола билмадик.

Эй пайғамбар қизлари…
Уйингизга киришга изн сўрадик, изн бердингиз, кирдик. Ҳаётингизни ёзишни истадик, ҳиммат қилдингиз, ёздик. Аммо ҳаммасини ёзмадик, ёза олмадик. Чунки бунинг учун ойдин дунёингизни тўла англашимиз керак эди. Бунга кучимиз етмади. Сизлар гул эмас, гулистонсизлар. Чек-чегараси йўқ гулзор! Бундай гулзорни айланиб чиқишга кимнинг умри етарди!

Эй пайғамбар қизлари!
Сизни таниш, сизни ёзиш ва сиз билан бўлиш эди бизнинг истагимиз. Аммо чоғимиз етмагани учун парча, синиқ, алоҳида бир асар пайдо бўлди. Албатта сизлар бу асарга сиғадиган даражада кичик эмассизлар. Сизларни ёзишга жилдлар, англашга умрлар етмайди.

Сизларни оз бўлса-да, таниш-танитиш йўлида қилган хатоларимиз учун аввал Яратгандан, сўнг Пайғамбар алайҳиссаломдан ва сизлардан узр сўраймиз.
Камчиликларимиз учун узр, салом, муҳаббат ва дуоларимизни қабул қилинглар.

Эй пайғамбар қизлари!
Охират оламида топишиш орзуси билан!..
Биз сизларни жуда севамиз…

 

 Адам Сарач

Баҳам кўринг

Leave A Reply