Ҳаёт зерикарлими?

0 584

 «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?»

(Раъд сураси, 28-оят).

Бугун сизларга ўз тажрибам ҳақида сўзламоқчиман. Ҳаётимнинг бир палласида мен динимни зерикарли деб ҳисоблай бошладим. Намоз ўқиш мен кутган руҳий таскинни бермас, Қуръон ўқиш ҳам завқ бағишламай қўйганди. Мен бундан ўзимни жуда ноқулай ҳис қилардим. Амитабҳ Бачаннинг (ҳинд санъат юлдузи) қўшиқларига келсак, уларни соатлаб эшитиб зерикмасдим. Севимли дисклар тўпламим ҳам бор эди. Телевизор менинг заиф нуқтам эди. Унга қаттиқ ўрганиб қолган эдим.

Кузатувчанлигим сабабли кўпчилик кишиларда буларга ўхшаш ҳолатларни пайқайман. Одамлар билан мусиқа ёки кинони муҳокама қилсам, уларнинг кўзлари шавқ билан ёнади, уларни тўхтатиш ҳам қийин бўлиб қолади.

Яқинда мен юқоридаги оят билан танишдим. Мана шу оят менга нима учун мусулмонлар мусулмонча ҳаётни зерикарли ҳисоблаб қолишларини очиб берди. Улар намозни ўқиш қийин бўлгани учун эмас, балки қизиқарли бўлмагани учун, ҳатто уларнинг ўйин-кулгусини бўлиб қўйгани учун ўқимайдилар. Уларнинг ҳаётидаги барча ҳолатларда кўнгилхушлик биринчи ўринга чиқиб қолган.

Хўш, нега баъзан ҳаёт зерикарли туюлади?

Жавоб юқоридаги оятда. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада инсон Аллоҳнинг зикрини қилмай туриб қалбида хотиржамлик ва ҳузур топа олмаслигини баён қилмоқда. Демак, агар кимдир намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, ҳатто шунчаки «Алҳамдулиллаҳ», «Субҳаналлоҳ» дейиш вақтида Аллоҳни эсламас экан, у ҳамиша зерикаверади.

Абдуллоҳ ибн Умардан қилинган ривоятга кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини елкамга қўйиб: «Бу дунёда худди мусофир каби бўл», дедилар».

Шошманг. Одамлар қилаётган кўнгилхушликлар-чи? Негадир, дунёда барчага кўнгилхушлик улашадиган актёрлар, санъаткорлар ва мусиқачиларнинг кўпчилигини ичкилик ёки наркотик моддаларга берилганини эшитамиз. Чуқур депрессияга тушган, ҳатто суиқасд қилган ҳоллари ҳам кам эмас. Ахир улар замонавий кўнгилхушлик асрининг «юлдузлари» эмасмидилар? Нега улар бу ҳолга тушадилар?

Жамият фақат кўнгилхушлик билан овора бўлиб қолса, қалблар қотади, ичимиз ўша озуқа билан тўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ у озуқа фақат очликни зиёда қилишини, Аллоҳни доимий зикр қилмагунимизча қалбимиз хотиржам бўлмаслигини баён қилган. Биз қалбимизда ҳам бехуда кўнгилхушликка бўлган муҳаббатни, ҳам Аллоҳнинг зикрини жамлай олмаймиз. Улар аралашмайди.

Байҳақий Абдуллоҳ ибн Умардан шундай ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ҳар бир нарсанинг сайқали бордир. Қалбнинг сайқали Аллоҳнинг зикридир. Ҳеч бир амал Аллоҳнинг зикричалик Аллоҳнинг иқобидан халос қилмайди». Бир саҳоба:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам а?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, ҳаттоки қиличини синиб кетгунча тутиб турса ҳам», дедилар».

Шунинг учун биз тақводор кишиларнинг тушкунликка қаттиқ берилганини кўрмаймиз. Чунки бунга эҳтиёжлари йўқ. Уларнинг қалблари Аллоҳнинг исми билан тўлган, бу эса қалб учун энг афзал озуқадир. Айни пайтда, улар бехуда кўнгилхушликлардан ҳаловат топмайдилар. Чунки у қалбдаги Аллоҳнинг зикри билан аралаша бошлайди ва беҳаловатликни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам улар бу каби нарсалардан узоқроқ юришни танлайдилар.

Насоийдан қилинган ривоятда шундай дейилади:

«Қалб сувда қолган темир каби занглаб қолади». Биз қандай қилиб бу емирилишни бартараф қилиш ҳақида сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўлимни кўп эсланг ва Қуръон тиловат қилинг», дедилар».

Шундай экан, агар қалб ҳаловатини топишни истасак, уни дунёнинг муҳаббатидан, айниқса, беҳуда кўнгилхушликлардан поклашимиз лозим экан.

Албатта, дунёдан юз ўгириб кетмаймиз, унга ўз улушини берамиз. Бу ерда сўз бутунлай дунёга берилиб кетмаслик ҳақида кетмоқда. Умар ибн Хаттоб бежизга «Аллоҳим! Роҳатга рағбат фитратимизда бор. Буни бутунлай йўқотиш мақсадимиз эмас. Балки бой бизга Сенинг муҳаббатинг йўлида ёрдам беришини дуо қиламиз», деб айтмаганлар.

Аллоҳ барчамизни қалб ҳаловатидан айирмасин!

Инглиз тилидан эркин таржима

Баҳам кўринг

Leave A Reply