Ҳадис №14: Мусулмон кишининг қони тўкилмайди

0 723

 Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони фақат уч ҳолатдан бири сабабидангина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон сифатида ва Ислом динидан чиқса, жамоатни тарк қилса».

Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида.

Мазкур ҳадиси шарифда Исломда инсоннинг нечоғлик қадрланиши яққол кўринади. Жамият учун зарарли хулқ-атворлардан холи, соғлом табиатли мукаррам инсоннинг ҳаёти қаттиқ ҳимоялангандир. Бироқ инсонийлик хислатларидан маҳрум бўлган, қалби маразга тўла кимсалар жамиятга хавф-хатар солувчи заҳарли ва қўланса жуссага айлансалар-чи?! Инсонларнинг дини, ор-номуси ва ахлоқига чанг солсалар-чи?! Бундай кимсалар исломий иззат-икромга номуносибдирлар. Жамият тинч ва осуда ҳаёт кечирмоғи учун уларни таг-томирлари билан юлиб ташламоқ лозим.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзадилар: «Мазкур ҳадис энг эътиборли нарсалардан бири – жон масаласига тааллуқли бўлгани боис ҳам муҳим асослар сирасига киради. Инсон қачон ўлимга ҳукм қилинади? Ҳадис ушбу саволга жавоб берар экан, асосан, инсон ҳаётининг дахлсиз сақланишига кўпроқ эътибор қаратган ва бу мантиқан тўппа-тўғридир. Чунки Ислом ҳамиша инсониятнинг энг гўзал ва энг мўътадил суратида қолишини истайди».

  ***

 Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 1. Мусулмон қонининг ҳурмати

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир», деб пок Парвардигорнинг ягоналигию, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатлари ҳақлигини тасдиқлаган кишининг ҳаёти омонда бўлади. Зеро, мусулмоннинг жонига қасд қилишга ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаққи йўқ! Фақат қуйидаги уч оғир жиноятдан бири содир этилсагина, шаҳодат келтирган киши мазкур дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ушбу жиноятларнинг бирини содир этган киши ўлимга маҳкумдир:

1. Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдириш;

2. Турмуш қурганидан кейин зино қилиш;

3. Муртадлик.

2. Тошбўрон

Турмуш қурган эркак ёки аёл ҳаромга юриб, зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади ва бу ҳамма иттифоқ қилган масаладир. Чунки у Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ҳалол жуфтини қўйиб, ўзганинг ҳалолига кўз тикди. Покиза булоқдан юз ўгириб, ифлос балчиққа ўзини урди. Зинокор насл-насабнинг бузилиб-аралашиб кетишига сабабчи бўлиши билан инсониятга қарши жиноят қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг қайтариғига қулоқ осмаган бундай кимсанинг жазоси тошбўрондир. «Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир». (Исро сураси, 32-оят).

Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, озод, балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида, дуруст никоҳ билан турмуш қуриб, жуфти ҳалоли билан қовушган банда Қуръонда «муҳсан» деб таърифланади. Муҳсан зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳсан зинокорни тошбўрон қилишга буюрганлар ва тошбўрон қилдирганлар. Муҳаддислар бу ҳақда бир қанча ривоятларни келтирганлар.

Тошбўрон қилиш хусусида Қуръони каримнинг лафзи насх этилган оятида шундай дейилган: «Кекса киши ва кампир зино қилсалар, уларни Аллоҳдан жазо сифатида, албатта, тошбўрон қилингиз. Аллоҳ Азиз, Ҳаким Зотдир».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръони Каримнинг қуйидаги оятидан тошбўрон қилишни истинбот қилганлар: «Эй аҳли китоб! Сизларга Расулимиз келиб, Китобдаги сиз яшириб келган кўп оятларни сизларга баён этмоқда ва хатоларингизнинг кўпини афв этмоқда». (Моида сураси, 15-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Тошбўрон қилишни инкор қилган киши ўзи билмаган ҳолда Қуръонга куфр келтириб қўяди. (Сўнг Ибн Аббос розияллоҳу анҳу юқоридаги оятни тиловат қилдилар). Аҳли китоб яширган нарсалардан бири зинокорнинг тошбўрон қилиниши эди». (Насоий ва Ҳоким ривоятлари).

3. Қасос

Бир мусулмонни қасддан ўлдирган кимса, билиттифоқ, қасос – қатлга рўбарў қилинади. «Биз Тавротда: жонга жон, деб ёзиб қўйдик». (Моида сураси, 45-оят).

Золимдан қасос олинар экан, одамлар тинч-бехавотир яшайдилар. «Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд, (шу билан жиноятлардан) сақлансангизлар!» (Бақара сураси, 175-оят).

Мукаллаф банда бир жонни қасддан ўлдирса, қатл қилинади. Бу ерда қотил ёки мақтулнинг аёл ёки эркаклиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши ўлдирилган аёл сабабли қатл қилинади», дедилар. (Амр ибн Ҳазм китобидан).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қизни ўлдирган яҳудийни қатл қилдилар».

Ўлдирилган кишининг волийлари қотилни авф этсалар, қасос ижро этилмайди.

Агар қотил ҳам, мақтул ҳам кофир бўлса, билиттифоқ, қасос вожиб. Бироқ қотил мусулмон бўлиб, мақтул, яъни ўлдирилган киши зиммий ёхуд омонлик берилган қавмдан бўлиб, ҳарбий одам бўлмаса, нима қилинади? Айрим олимлар (жумладан ҳанафийлар) қуйидаги оят ва ҳадисга биноан қасос вожиб бўлади, дейишган: «Албатта, жонга жондир…» (Моида сураси, 45-оят); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жонга жон!»

Бошқалар (улар қаторида шофеийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар бор) кофирни ўлдириб қўйгани учун мусулмондан қасос олинмайди, деб фатво беришган. Улар бунга қуйидаги ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мусулмон кофирни ўлдиргани сабабли ўлдирилмайди». (Бухорий ривоятлари).

Иккинчи қавл эгалари мазкур ҳадисни «жонга жон» мазмунидаги умумий ҳадисга нисбатан хословчи сифатида қабул қилишди.

Жумҳур олимлар наздида боласини ўлдириб қўйгани учун ота қатл қилинмайди. Ушбу фатво Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

4. Муртаднинг жазоси

Диндан қайтган кимса куфрда қаттиқ туриб, муртадликдан тавба қилишни истамаса, билиттифоқ ,ўлдирилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Динини ўзгартирган кимсани ўлдирингиз!» (Бухорий ва сунан соҳиблари ривояти).

Агар аёл диндан қайтса, нима қилинади?

Жумҳур олимлар юқоридаги умумий далилларга биноан: «Муртад аёллар ҳам қатл этилади», деб фатво берганлар. Ҳанафийлар эса: «Муртад аёл ўлдирилмайди. У то динга қайтмагунича ёки ажали етиб вафот этгунига қадар ҳибсда сақланади», дейишган. Негаки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда аёлларни ўлдиришдан қайтарганлар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳанафийлар аслий кофира билан диндан қайтган муртад аёл ўртасини ажратмаганлар ва ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олганлар.

5. Қасос ва жазо ким томонидан амалга оширилади?

Қасосни ҳоким буйруғига мувофиқ мақтулнинг волийси амалга оширади. Муртад ва оилали зинокорга ҳам ҳоким амрига биноан ҳукм ижро этилади. Агар мақтулнинг волийси ҳокимдан бесўроқ қотилни ўлдириб қўйса ёхуд бирон киши муртад ёки оилали зинокорни ҳоким изнисиз қатл қилса, ҳокимнинг вазифасига берухсат дахл этганлари учун уларга таъзир берилади. Бироқ ҳақиқатан ўлимга лойиқ кимсаларни ўлдирганликлари сабабли қатл қилинмайдилар.

 6. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:

– Динда мусулмонлар жамоаси тутган йўл эътиборга олинади. Бу – уларнинг мутлақ кўпчилик қисми демакдир;

– Ҳамиша мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлиш лозим. Мусулмонлардан ажралиб қолиш мумкин эмас;

– Юқорида санаб ўтилган учта жиноятдан қайтариш ва уни содир этишдан огоҳлантириш;

– Ҳадлар, яъни шаръий жазоларларни татбиқ қилишдан аввал жамиятни Аллоҳ таолодан қўрқишга ва У Зотнинг ҳамиша барча ишларни кўриб-билиб туришини ҳис этишга одатлантирмоқ ва шу руҳда тарбия қилмоқ керак;

– Исломда ҳад инсонларни гуноҳ ва маъсиятлардан тўсиб турувчи бир тўсиқ кабидир;

– Ҳанафийлар наздида қасос фақат қилич билан ижро этилади. Шофеийлар эса қуйидаги фатвода тўхташди: қотил мақтулни нима билан ўлдирган бўлса, ўзи ҳам шундай йўл билан ўлдирилади. Аммо мақтулнинг волийси қилични танлаши мумкин…

Баҳам кўринг

Comments are closed.