Гўдак тилидан (ўн олтинчи кун…)

0 119

Ўн олтинчи кун…

Ассалому алайкум! Бугун ўн олтинчи кун. Бугун сизларга рамазондан олдин бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бераман.

Хуллас рамазондан озгина олдин, амакимнинг қизлари Фотима опамни тўйлари бўлиб ўтди. Амаким ошпаз чақириб бир дунё ош пиширтирдилар. Қозонни катталигини кўрим қўрқиб кетдим. Меҳмонлар келгач маҳалламиздаги масжиднинг имоми ҳам келдилар. Одамларга одоб ҳақида гапирдилар. Охирида Фотима опамни дуо қилдилар.

Ҳаммаси ўшандан кейин бошланди. Мени ошпаз амакининг олдиларига олиб бориб қўйишди. Мен ҳам катталарга ўхшаб лаган кўтарар эканман. Лекин ошпаз амаки жуда шошиб, бақириб гапирар эканлар. Ошхонада одамлар жуда кўпайиб кетишди. Ҳамма бир-бирига бақирган, кимдир эса бошқа бир одам билан урушиб кетди. Мен эса қўрққанимча бир четда турардим. Шунда бир киши мени олдига чақирдида қўлимга катта лаган бериб кейинги одамга узатишимни айтдилар.

Лаган бирам оғир экан. Қўлимдан тушиб кетай деди. Шунда мен ошпаз амакига қараб:

— Амаки! Лаганлар жуда оғир экан. Камроқ сузинг,- дедим. Қаердан ҳам шундай дедим. Ошпаз амаки менга қараб бақириб бердилар. Ўша пайт ошхонага дадам кириб келдилар. Югуриб бориб:

— Дадажон мени бу ердан олиб чиқиб кетинг. Қўрқиб кетябман, — дедим. Кейин дадам мени олиб чиқиб кетдилар. Илгари катталар ошга борамиз дейишса роса боргим келар эди. Энди эса умуман боргим келмайди.

Тўйдан кейин уйга келдик. Дадамга қараб:

— Дада нима учун бунча кўп одам ош ейишга келади? — деб сўрадим.

Дадам эса:

— Кўп чиликка ош бериб тўйни эълон қилинади. Шунда одамлар ёшларнинг оила қурганини билкб олишади. Лекин аслида ошни амакинг эмас, уларнинг қудаси бериши керак эди. Чунки тўйда зиёфат қилиб бериш куёвнинг зиммасида. Ҳозир бизда бу ишларни ҳамма ҳам тўғри тушунмай, кўп нарсани келиннинг зиммасига юклаб қўяди. Бу эса яхши эмас, — дедилар.

Мен ҳам ҳудди дадам айтганларидек тўйлар бўлишини хоҳлаяман. Чунки амаким Фотима опамни узатиш учун ҳаттоки машиналарини ҳам сотиб юбордилар. Ҳозир эса анча қийналиб қолдилар.

Эҳҳ қани энди ҳамма ҳам дадамга ўхшаганида эди, бундай ишлар бўлмасмиди. Мен дуо қилиб сўрайманки ҳамма ҳам яхши тарафга ўзгариб, тўйларда ҳеч ким бир бирини қийнамаса. Балки амакимга ўхшаб қийналадиганлар кам бўлармиди.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply