Дўстлик сўрови юбориш ва уни бекор қилиш билан боғлиқ одоблар (Дўстлик юборишда огоҳ бўлиш)

0 187

УЧИНЧИ ФАСЛ

Биринчи: Дўстлик сўрови юбориш

Эй мусулмон биродарим, билгинки, Фейсбукдаги дўстлик мусулмонлар ўртасида Аллоҳ йўлидаги биродарлик суннатини тирилтириш бўлиши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир», дея марҳамат қилганлар.[1] Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ билан Абу Толҳани ўзаро биродар қилганлар.[2]

Мусулмон биродарлик икки биродар ўртасида насаб жиҳатидан ва иймон жиҳатидан биродарликни жамлаш бўлиб, бундан кишилар ўртасидаги ўзаро ёрдам, яхшилик ва эҳсон, солиҳ биродарлар ўртасидаги гўзал муомалалар мақсад қилинади.[3]

Агар Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтириш, Исломни ёйиш йўлида ташкил этилган Фейсбукдаги дўстлик нақадар гўзал!

Яна шуни яхши билгинки, бирор кишига дўстлик сўрови юбориш, айниқса у олимга, толиби илмга ёки сен солиҳ деб билган инсонга бўлса, Роббимиз Ўз Китобида белгилаб қўйган, бизга вожиб қилган исломий одобдир:

«Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди» (Каҳф сураси, 66-оят).

«Эргашсам майлими» дейилганининг маъноси «сизга ҳамсуҳбат бўлишга, эргашишга изн берасизми?» демакдир.

Кўриб турибсизки, Мусо алайҳиссалом Ҳизр алайҳиссаломга суҳбатдош бўлиш учун Ҳизр алайҳиссаломнинг риоясини қилиб, анбиёлар алайҳимуссаломга муносиб бўлган юксак одоб намунасини намоён қилмоқдалар, яъни илтифотга далолат қилувчи савол сийғаси билан хитоб қилмоқдалар. Бу ерда Мусо алайҳиссалом муаллим даражасидан таълим олувчи даражасига тушмоқдалар, у зотга тобе бўлиб, яхшилик ва ҳидоятдан таълим олиш учун изн сўрамоқдалар.[4]

Шундан сўнг дўстлик талаби юборган кишига, агар бирор шаръий сабаби бўлмаса, мутакаббирлик қилмасдан, унга ижобат қилиши (тасдиқлаши) лозим бўлади. Зеро, бирор киши сизга дўстлик сўрови юборган бўлса, айниқса у сиздан ёши каттароқ ёки илмлироқ бўлса, бу унинг сизга нисбатан эҳтироми ва иззатидир. Шундай экан, сиз ҳам уни иззат-ҳурмат қилиб, сўровини қабул қилишингиз вожиб бўлади. Зотан, биз ёши катталарни ва дин уламоларини иззат қилишга буюрилганмиз.


[1]      Имом Бухорий 2442-рақам билан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан, Имом Муслим 2564-рақам билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[2]      Имом Муслим 2528-рақам билан ривоят қилган.

[3]      Қаранг: «Шажаратул-маъориф вал-аҳвал ва солиҳил-ақвол вал-аъмол» (Ал-ъизз ибн Абдуссалом), 194-с.

[4]      Қаранг: «Ат-тафсирул-васит лил-Қуръанил карим» (Муҳаммад Саййид Тантовий).

Баҳам кўринг

Leave A Reply