Энг яхши мақола муаллифи танлови (4)

0 1 097

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Бизларни иймон ва Исломга йўллаган ҳамда бандаларига ўзининг муқаддас каломида: “Албатта, Аллоҳ ҳамда унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56) деб амр қилган Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги ва қудратига муносиб ҳамду санолар бўлсин.
“Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот (раҳмат) айтади”, деб марҳамат қилган, Пайғамбарлар саййиди, башариятнинг энг улуғи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал салавот ва саломлар бўлсин.
Аллоҳ ўзи яратган махлуқотлари ичидан Пайғамбар алайҳиссаломни танлаб, бутун башариятга раҳмат ўлароқ, залолатга ботган инсонларни ҳидоятга бошлаган. Разолат ҳукмрон бўлган халқни, ҳуснихулқ байроғи остида бирлаштирган. Бутун оламни қоплаган жаҳолат зулматидан иймон нури, Ислом зиёси билан ёритгандур. Фахри коинот алайҳиссаломнинг таваллуди ила икки дунё учун саодат эшиклари очилиб, илм-марифат зиёси бутун оламга нур соча бошлади.
Шу сабаб, бутун Ислом оламида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган робиъул аввал ойи қутлуғ ҳисобланади. Бу ой мўмин-мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга фурсат ҳисобланиб, унда Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада кўпроқ ёд этилади ва У зоти бобаракотга дуо ва саломлар йўлланади. Шунингдек, бу ой кириб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза сийратлари ўрганилиб, маҳбуб Пайғамбар алайҳиссаломнинг тарихи билан янада яқиндан танишилади.
Ҳар нарсанинг ўз мавсуми бўлгани каби, Мавлид ойи ҳам сийрат илмини ўрганиш, унга доир билимларни мустаҳкамлаш ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатни янада зиёда этиш мавсумидир. Худди Рамазон Қуръон мавсуми бўлганидек. Зеро, мўмин-мусулмонлар йил бўйи Қуръони карим тиловатида бардавом бўлсаларда, Рамазонда бу нарсага доимгидан кўпроқ аҳамият қаратишади. Рамазон, бир йилга етгудек захира тўплаб олиш фурсати бўлиб, унда бандаларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатлари, қизиқишлари, аҳдлари ва бу борадаги билимлари ҳар йили бу ойда янгиланади.
Баъзан одамлар орасида аслида мавлид ўқиш шарт эмас, бу ҳақда Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам ҳеч қандай кўрсатма йўқ деган фикр туғилиши мумкин. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон одамларни тўплаб, ўзларининг таваллуд кунларини ёки ойларини нишонламаганлар. Шунингдек, хулафои рошидинлар, саҳобаи киромлар даврида ҳам мусулмонлар ўртасида мавлид кунини алоҳида тантаналар билан нишонлаш одат тусига кирмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан 6-7 аср ўтганидан сўнг ўз асрининг машҳур уламоларидан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хотирлаб туриш мақсадида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топга кунни байрам қилишга одатландилар ва бу кунни «мавлид куни» деб атай бошладилар. Ислом тарихида биринчи бўлиб Ибн Ҳожар Асқалоний, Жалолиддин Суютий каби машҳур муҳаддис ва фақиҳлар мавлид кунини нишонлаш ҳамда бу кунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаламнинг покиза сийратларидан қиссалар ўқиш, у зоти бобарокатга салавот ва
саломлар йўллаш дурустлиги ҳақида фатво беришган.
Шу ўринда Қуръони карим, ҳадиси шарифни ўз ҳаётига “дастурул амал” қилиб, мавлиди шарифни шариат ҳукмларидан эмаслигини даъво қилаётганларга баъзи бир саволлар ила мурожаат этсак. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган макон, дунёдаги энг яхши жойлардан бири эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ бўлиб, бу уммат иттифоқ қилган нарсалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Набий алайҳиссалом дафн қилинган жой дунёдаги энг яхши маконлардан бири эканига ҳам уммат иттифоқ қилган. Агар бу маълум иш бўлиб, уламоларнинг ҳаммалари шунга иттифоқ қилган бўлсалар, демак, унда замон ҳам маконга ўхшаш бўлиб, улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган макон ер юзининг энг яхши жойи деб саналса, ҳеч шубҳасиз, У зоти бобарокат таваллуд топган кун ҳам қолган кунлардан афзалдур. Нега Пайғамбар алайҳиссалом туғилган макон, энг яхши жой ҳисобланиб, У зот туғилган замон улуғланмаслиги керак? Бундан маълум бўладики, мўмин-мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ёки дафн этилган жойни муқаддас ҳисоблаб, ҳурмат қилишга ҳақли бўлганлари каби, У зотнинг туғилишларини эслатадиган ойни ҳам байрам қилиб нишонлашга ҳақлидурлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни рўза тутганлари барчамизга маълум. Бу ҳақда У зотдан сўралганида: “Бу мен туғилган кундир”,-деб жавоб берганлар. У зот алайҳиссалом ўзлари таваллуд топган кунни байрам қилиб нишонладилар ва рўза тутдилар. Ҳар йили Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни эмас, балки ҳар ҳафта душанба куни нишонладилар, чунки ўша кун У зоти бобарокатнинг таваллудларига шоҳид бўлган кун эди. Шундай экан, биз умматлар ҳар ҳафта эмас, ҳеч бўлмаганда йилда бир маротаба Пайғамбар алайҳиссалом таваллудларини нишонлаб, У зотнинг ҳақларига дуруди-салавотлар йўлласак нима қилибди?! Бу амалнинг қай жиҳати шариати исломияга номувофиқ?
Мавлиди шарифни нишонлаш кўп йиллардан буён одат тусига киритилган бўлиб, унда озроқ Қуръон қироати ва кўпроқ шамоили набавийяни зикр қилиш, У зотнинг сийратлари билан танишиш ҳамда Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларига салавотлар йўллаб, дуойихайр қилишдан иборатдир. Мавлидни нишонлаш борасида кўпгина уламолар ўзларининг фикрларини баён этишган. Жумладан, Салоҳиддин Мунажжад ўзининг “Муъжаму ма уллифа ан Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобида: “Мавлиди шариф тўғрисида уламо ва солиҳлар томонидан ёзилган китоблар сони 160 тага етди”, дейди. Шунингдек, бошқа бир қанча уламолар ўзларининг асарларида мавлиди шарифни нишонлаш ва уни фазли ҳақида тўхталиб ўтганлар.
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ мавлиди шариф ҳақида қуйидагиларга буюрадилар: “Эй мўмин биродарлар! Сизлар мавлид ун-Набий ўқишга, у кунда инфоқ-эҳсон қилишга олий ҳиммат бўлинглар! Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларида у зоти бобарокатни улуғлаб, ҳар қанча хайр-эҳсон қилсангиз ҳам камлик қилур. Азбаройи мавлид ун-Набийга ихлосмандлигимдан, агар Уҳуд тоғининг баробарида олтинга қодир бўлсам, унинг барчасини мавлид дастурхонига сарфлар эдим.”
Имом Яманий роҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: “Ҳар ким мавлиди Набийни ўқимоқ учун бир алоҳида жой ажратиб, манзур таом ҳозирлаб, бир неча яқинларини ўша мажлисга чақириб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллаб, У зоти бобарокатнинг покиза сийратларини ёд этса, Қиёмат кунида сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар қаторида бўлур.”
Имом ибн Жавзий роҳматуллоҳи алайҳ: “Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд хурсандчиликка етишишдир”.
Имом Абу Шома (Имом Нававийнинг шайхи) роҳматуллоҳи алайҳи: “Замонамиздаги янги пайдо бўлган нарсаларнинг энг яхшиси Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидига мувофиқ кунда ҳар йили эҳсон, солиҳ амаллар, зийнат ва сурурни зоҳир қилиш каби қилинадиган ишлардир. Чунки унда бу амали солиҳларни қилувчи қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат, ҳурмат, оламларга раҳмат қилиб юборилган Расулини вужудга келтирганига шукр қилиш бордир.
Доктор Юсуф Қарзовий: “Бу фурсат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, шахсиятлари, Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборган (қиёматга қадар) боқий қолувчи умумий рисолатини ёдга олишни тақдим этаркан, унда қандай бидъат, қандай залолат бўлсин”. Бунга ўхшаш яна кўплаб фикр-мулоҳазаларни келтириш мумкин.
Шунга кўра ушбу шодиёна бутун дунёда нишонланганидек, диёримиз мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид кунини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан Рабиул аввал ойида, барча жомеъ масжидларимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза сийратлари, юксак ахлоқ ва одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилиниб, мавлиди шарифлар ўқилади. Шу билан бир қаторда, хонадонларда мавлиди шарифга бағишлаб эҳсон дастурхонлари ёзилиб, бу билан У зоти бобарокатга нисбатан ўлкан меҳр-муҳаббат изҳор этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Мавлиди шариф йиғинларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилса янада мақсадга мувофиқ бўлади, албатта:
Мавлид ойини Набий алайҳиссаломнинг покиза сийратларини ўрганиш ҳамда суннатни тиклаш ойи деб билиш
Бу ойда янада кўпроқ суннат амалларни бажаришга одатланиш
Ҳадиси шарифларни кўпроқ ўқиш билан бир қаторда, уларга амал қилишга ҳаракат қилиш
Мавлид маросимларини ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодумонликда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш

Мавлид хурсандчилиги учун ўзаро ҳадялар улашиш ҳамда бева-бечораларни ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларига сурур бағишлаш гўзал  одатлардан бири ҳисобланади. Шунга ўхшаш солиҳ амалларда бардавом бўлиш билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қурбат (яқинлик) ҳосил қилинади.
“Аллоҳим биз сенга ушбу муборак кунларда улуғ пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўраймизки, Қиёмат кунида бизларни У зотнинг байроғлари остида бирлаштиргин. Бизларга у зотнинг шафоатларини насиб этгин. Роббим бизларга ўзингнинг ҳамда пайғамбарингнинг муҳаббатини дунё ва ундаги барча нарсаларданда суюкли қилгин. Албатта Сен дуоларни ижобат қилгувчи Зотсан.” Амиин…

Мумтаза

Баҳам кўринг

Leave A Reply