Аёлни асраш оламни асрашдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлни асраш  оламни асрашдир

Мустақиллик йилларида аёл-қизлар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш,  уларнинг жамиятдаги мавқеъларини юксалтириш борасида улкан ижобий ишлар амалга оширилди. Йиллар силсиласида «Аёллар йили», «Соғлом авлод йили», «Оналар ва болалар йили», «Баркамол авлод йили», «Соғлом бола йили», «Соғлом она – соғлом бола»  каби саналарнинг мавжудлиги, давлат дастурининг амалга оширилишида аёлларга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ёрқин исботи.

Муқаддас динимизда аёл-қизларни эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилган. Қизларининг тарбиясига эътибор қилган ота учун, онасини рози қилган фарзанд учун, аҳли аёлига ғамхўрлик кўрсатган оила бошлиғи учун олий мукофот – жаннат ваъда қилинган. Динимизда нозик хилқат эгаларини биллур янглиғ шишага қиёс қилинган. Уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга буюрилган. Зеро, соғлом ва буюк оналардан солиҳ ва баркамол фарзандлар, саркардалару-сарбонлар, мутафаккиру мутакаллимлар, диёнатли донишмандлар, фозил фақиҳлар,  олийҳиммат олимлар, азиз-авлиёлар дунёга келади.

Биз бугун диёримиз довруғини дунёга таратган Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Мансур Мотуридийдек  алломалар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек сингари арбоблар, Абдухолиқ  Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Бобораҳим Машраб янглиғ авлиёлар, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Лутфий, Фузулий каби адиб ва шоирлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Аммо шундай улуғ инсонларни дунёга келтирган ҳам, бутун борлиғини фидо қилиб тарбиялаган ҳам аёллар, Сароймулкхониму Гавҳаршодбегимлар, Нодирабегиму Увайсийлар каби волидаи муҳтарамалар  эканини доим ҳам ёдда тутмаймиз.  Содда ифода этганда, Марказий Осиё заминининг олиму уламолар, фозилу фузалолар билан тўлиб-тошишида аёлларнинг – оналарнинг хизматлари беқиёс.

Аёл бешикни тебратиши билан гўё дунёни тебратади. Айтган алласи билан ўз маънавий дунёсини фарзанди қалбига кўчиради. Афсуски, бу ҳақиқатни биз қанчалик теран англашимиз билан бирга,  уни бизнинг  мухолифларимиз, рақибларимиз, душманларимиз ҳам тушуниб турганларини ва аёллардан экстремизм, терроризм йўлида фойдаланишга уринаётганларини, ҳатто бу борада муайян натижаларга эришганларини  надомат-ла эътироф этамиз.

Бугун дунёнинг турли чеккаларида «Ҳаримул-Қоида» – Ал-Қоида террористик ташкилоти аёллар қаноти остида фаолият кўрсатмоқда. Хотин-қизлардан зомбилар, қотиллар, «шаҳид»лар тайёрлаш механизми ҳали тўхтагани йўқ. Дунё неъматларининг энг буюги бўлган солиҳа аёлни хор қилиш, уни бузғунчи, вайронкор йўлларга бошлаш, беғубор чақалоқни бағрига босиш учун берилган қўлларга автомат тутқазиш, мурғак гўдакларга меҳр бериш учун ато этилган нозик қалбни нафрат ва адоватга тўлдириш, боқсангиз вужудингиз ором топадиган сиймони қўрқинчли, манфур бир хилқатга айлантириш  нақадар оғир жиноят, кечирилиб бўлмас гуноҳ, ўнглаб бўлмас хато.

Бинобарин, бугун аёлларни асраш, ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди. Зеро, террорист ёки экстремист аёлдан соғлом ва баркамол авлодни кутмоқ, чўғланиб турган гулхандан ёмғир ёки қор ёғишидек маҳол масала. Фарзандларимизни ёмон йўлларга, бузғунчи оқимларга аралашиб қолишини олдини олиш учун,  аввало, уларнинг оналарини муҳофаза қилишимиз,  оила муҳитининг соғлом бўлишига эришмоғимиз зарур.  Бунинг учун  биринчи навбатда, соғлом оила муҳитини қарор топтириш керак, деб ҳисоблаймиз ва  бу борада қуйидаги тавсияларни қайд этамиз:

— Оила бошлиқлари эркаклар ўз турмуш ўртоқлари, қизлари борасида жавобгардирлар. Демак,  оила аталмиш саодат қасрининг ҳақиқий беги бўлган инсон, ўз аёлига ҳамиша меҳр-шафқат, энг гўзал муомала билан мурожаат қилмоғи даркор. Токи аёл киши кўчадан, бегонадан меҳр изламасин.

— Оила бошлиғи аёлининг нафақат рўзғор таъминотига, балки унинг маънавий камолотига ҳам эътибор қаратсин. Сабаби, аёлларнинг, ёш қизларнинг  турли оқимлар қўлига тушиб қолишига террористик ва экстремистик оқимларнинг дин ниқоби остида амалга ошаётган тарғиботлари сабаб бўлмоқда. Демак, ҳар бир эр, ҳар бир оила бошлиғи аёлининг нималар ўқиётгани ва қайси соҳага қизиқаётганидан бохабар бўлиши, назорат қилиши керак.

— Оила бошлиғи аёл ва қизининг виртуал оламдаги хатти-ҳаракатларини  қаттиқ назорат қилсин. Ислом шариати аёлларни бегоналардан асрашга буюради. Кўчада гаплашиши маҳол бўлган инсон билан интернет ёки ижтимоий тармоқ орқали бемалол суҳбатлашаётган, унга ўз шахсий ва оилавий сирини очаётган аёлларни бундай мулоқотлардан қайтариш керак. У ўз турмуш ўртоғига «Мен дугонам ёки ҳамкасб ўртоғим билан суҳбатлашяпман», деган баҳонани қилиши мумкин. Аммо виртуал муҳитдаги акаунтига аёл номи  ва суратини қўйиб қизларни йўлдан ураётган манфур эркаклар йўқ деб ўйлайдиларми?

— Фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини кучайтириш зарур. Улар маҳалла муҳитининг соғлом бўлиши, аёллар ва қизларнинг оқимларга кириб кетмасликлари учун масъулдирлар. Афсуски, маслаҳатчилар томонидан кўпинча қоғоз ва расмиятчилик учун ўтказилаётган тадбирлар амалий натижа беряпти дейиш қийин.  Ўтказилаётган тадбирларнинг асосий қисми либос масаласига қаратиляпти. Либос масаласининг долзарблигини эътироф этган ҳолда, фақат, зоҳир билан чекланиб қолиш натижа бермаслигини, бугун ИШИД сингари Ислом душманлари сафида ҳаётининг илк босқичида ўта замонавий кийинган аёллар хизмат қилаётганини эътиборга олиш лозим.

Аёлларни асраш оламни асраш экан, бу масалага ҳар биримиз жиддий  масъулият билан қарашимиз лозим. Зеро, бизнинг она Ер сайёрасидан бошқа яшайдиган оламимиз йўқ. Уни ҳимоя қила олмасак, ҳаётимиз барбод бўлиши  табиий.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртининг

3-курс талабаси Алишержонова Моҳира 

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvtzIA5hpYSoembed

13:39 / 13.08.2018 2224
Масаллиқлар 1та тухум 34 ош қошиқ ўсимлик ёғи 300 гр сут 1 ош қошиқ хамиртуруш Чимдим шакар 1 чой давоми...

08:02 / 29.11.2016 4575
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг оталари исми Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абду давоми...

04:38 / 05.04.2017 3399
Ғарб мамлакатларида ҳар йили декабрь ойининг охирида Исо алайҳиссалом таваллуди Рождество байрами давоми...

10:33 / 02.05.2019 3539