Аёл — жамиятнинг нозик нуқтаси

0 276

“Аёл – жамиятнинг энг нозик нуқтаси”

Ассалому алайкум, ўзбек халқи!

Бугун сизга Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентдан салом йўллаб турибман!

Бу ерда меҳмон бўлганимдан жудаям мамнунман. Барчангизга мени таклиф қилганингиз учун ташаккур дейман! Бу менинг илк бор Ўзбекистонга келишим. Ушбу учрашувга эса ўзбек халқи билан озарбойжон халқи ўртасида кўприк яратган “Ўзинг кел” номли китобим васила бўлди.

Китобнинг таржимони Шермурод Субхон.

Адабиёт ва санъат миллатлар орасидаги энг гўзал кўприк, риштадир.

Бугун шунинг учун ҳам шодманки, мен ҳам ушбу кўприкка бир тош қўйиш бахтига муяссар бўлдим! Аминманки, Худо хоҳласа, бу тошлар устига яна янги тошлар қўя биламан.

Яна шундан хурсандманки, ўзбек халқи ёшлари мендан ўттиз йилга олдинда! Яъни мен 50 ёшимда англаб етган ҳаёт фалсафасини улар 20 ёшларида англаш бахтига муяссар бўлишларига аминман. Учрашувда ўзбек ёшларидан бири шундай деди: “Сизнинг китобингиз мени тамом ўзгартирди. Унинг таъсирида мен буткул бошқа бир ҳаётга қадам қўйдим”.

Ёзувчининг, адабиёт одамининг истаги нима бўлиши мумкин? Ёшларимиз тўғри тарбия топсинлар, ёшларимиз ўзларини кашф этсинлар, ўзларини топсинлар!

Мен озарбойжон халқининг буюк файласуфи Осиф Отанинг 80 дан ортиқ ҳикматга йўғрилган фалсафий китобларини мутолаа қилиб, унинг натижаси ўлароқ, у кучли фалсафанинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу китобни ёздим.

Ва бу китоб катта бир аудиторияда ёшларга тақдим этилди.

Бошқа томондан Ўзбекистон билан боғлиқ таассуротларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман:

Ўзбекистон, бизга ёт, бегона юрт эмас! Йироқ эмас, узоқ эмас! Яқиндир, динимиз бир, анъаналаримиз ўхшаш, тилимиз жуда яқин.

Ўзбек халқи озарбойжон халқи билан асрлар бўйи дўст бўлиб келишган.

Дўст бўлишга биринчи сабаб тил, дин ҳамда маънавият бўлса, иккинчи сабаб, иқтисодий йўлларимизнинг бир чизиқдан ўтишидир. Яъни Буюк Ипак йўли бизни иқтисодий жиҳатдан боғлаб турган гўзал ришта бўлолган. Бу йўл қайси давлатлардан, ҳудудлардан ўтган бўлса, ўша юртларни буюк ва гўзал дўстлик, қардошлик риштаси билан боғлаган.

Яъни мен бугун олдин умуман алоқа ўрнатилмаган бегона бир ўлкага келганим йўқ.

Улкан дўстлик муносабати ўрнатилган бир юртга келиб турибман.

Бу эса мен учун ҳам жуда шараф, ҳам ўта масъулиятли бир сафардир.

Мен бу фурсатни ниҳоятда ғанимат билиб, ўртага манфаатли ҳамда маънавиятга ҳисса қўшувчи гўзал хизматни тақдим этишим кераклигини ҳис қилиб турибман!

Мен ўзбек адабиётининг мухлисиман.

Айтишим мумкинки, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ўқиш менинг ҳаётимда жуда улкан бир бурилиш ясади! Асарни ўқиркан, шунчалар таъсирландимки, уни ўз оламимда саҳналаштирдим, роман дунёсида яшадим… Ва узоқ муддат ўзимни ўзбек ҳаётида кўрдим!

Оталаримиз: “Юз гапирмоқдан, юз ўқимоқдан, юз эшитмоқдан бир бор кўрган афзал!” дейишган. Кўрмоқ удирки, сен ўша кўрган нарсангни юракдан ҳис ҳам қиласан. Мен Ўзбекистонни ҳис қилишни бошладим.

Яна бир учрашув, китоб тақдимоти Озарбойжон Маданият марказида бўлди.

Бугун эса “Muslimaat.uz ” сайти меҳмониман.

Сизга энг аввало ушбу рўмолни менга ҳадя қилганингиз учун миннатдорлик билдираман!

Рўмол жуда ярашганига аминман. Илк марта рўмолли ҳолатда интервью бермоқдаман. Бу эса мен учун гўзал ва бетакрор ҳолдир. Рўмол – аёлга салобат, лаёқат ҳамда гўзаллик бағишлайди. Рўмол бизнинг озарбойжон миллатида жуда узоқ даврлардан бери қадрли бош кийим ҳисобланади. Биласизки, бизнинг миллатимиз аёл-қизлари ҳам ипак рўмолларда юрадилар. Бу маданиятни эса дунё билади. Бунинг учун сизга яна бир бор ташаккур дейман.

Биламизки, сизнинг сайт аёл-қизларга илм ўргатади, уларнинг илм эгаллашлари ҳамда маънавий-маърифий жиҳатдан камолатга етишишлари учун фидойилик билан фаолият олиб боради. Яъни маънавий томонлама юксалишларига хизмат қилади. Мен бундан ниҳоятда мамнунман. Осиф Отанинг сўзлари билан айтадиган бўлсак, аёл бу – қизлик, аёллик, оналик, момолик, бувилик, оқила аёлликни ўзида жамлаган бир борлиқдир. Аёлнинг ўзи бир оламдир. Биз бу дунёга ўз сўзимизни айта олишимиз керак! Аёл жамиятнинг энг нозик нуқтасидир. Буюклар сўзи билан айтганда: “Ҳар бир етук шахс ортида аёл, она,  туради”. Ҳар бир эркак ўз хонадонида ишончли, оқила, солиҳа, олима бир аёлни кўришни орзу қилади, истайди. Фарзандларига гўзал тарбия берувчи бир ОНА! Бунинг учун эса миллатнинг оналари илмли бўлишлари, маънан етук бўлишлари лозим! У етук фарзандлар етиштириш учун эса аввало ўзи етук бўлолсин! Бугунги дунё етук бўлмаган, илмсиз, маънавиятдан маҳрум инсонларни “ютади”! Аслида, дунё худди етти бошли аждаҳо ҳукмидадир. Яъни сен уни маҳв этмасанг, у сени кўз юмиб-очгунчалик лаҳзада ютиб юборади!

Мен ўзбек миллати ютилишини асло истамасдим. Яъни бу қадар бой маънавиятга, етук маданиятга эга бўлган бир халқ ютилмаслиги керак! Аксинча, ютмоғи лозим! “Ютиши керак” деганимда, албатта, рамзий маънода айтяпман, жисмоний жиҳатдан назарда тутмаяпман, балки маънавий, мажозий жиҳатдан олиб қараяпман.

“Ютиши керак” шу маънодаки, у ҳамма нарсага ноил бўлиши керак!

Бунга унинг имкони бор! Бу жиҳатдан ўзбек аёлларининг елкасига ҳам ўта масъулиятли ҳам ўта шарафли вазифа – оғир юк юкланади: СИЗ уй ичида туриб, шундай бир дунё етиштирасизки, бу “дунё” маънан бой, етук, юксак маданиятга соҳиб бўлмоғи даркор! Ва етиштирган дунёингизни катта дунёга – оламга тақдим этасиз! Сизнинг тақдимотингиз – оналигингиз ўз фарзандларингизда кўринажак!

Яна шуниям айтишим керакки, мен ушбу сафарим орқали ғайрат-шижоатли жуда кўп ўзбек аёллари билан танишишга ноил бўлдим. Улар билан жуда яқин дўстона мулоқотларда бўлдим. Уларнинг ҳатто сонлариниям санаб, адоғига етолмайман. Чунки жуда кўп ўзбек хонадонларида меҳмон  бўлдим, учрашув, тақдимотларга таклиф этилдим.

Бу учрашувларнинг нақадар гўзал тарзда кечганини ҳатто таърифлаб беришдан ҳам ожизман. Яна такрор айтаманки, ушбу дўстлик риштасига китоб сабаб бўлди! Китоб – энг гўзал унсият воситасидир!

Осиф Отанинг сўзлари билан айтсак, “Китоб – идрок изҳоридир!” Мен идроким маҳсулини сизга тортиқ этдим, сиз ҳам ўз ўрнида менга ўз фикрингизни билдирдингиз. Бу эса мени бениҳоят севинтирадиган ҳолдир.

Эътиборингиз учун миннатдорлик билдираман.

Ушбу суҳбатим сизга озгина маънавий манфаат бера олишига аминман. Аммо ишонтириб айтаманки, СИЗ менда жуда улкан таассурот қолдирдингиз! Ва яна бир нарсани айтмасдан ўтолмайман: ўзбек нонини, патирини жуда-жуда ёқтириб қолдим! Ҳам таъми, мазаси, ҳам эстетик тарафдан фойдали ва гўзал кўриниши мени лол қолдирди. Ўзбек нонини мен ҳар доим ўз дастурхонимда кўришни истайман! Бу нонни ўзим билан олиб кетиб, шунга ўхшаган нонни пишириб, дастурхонимга қўёлмас эканман, у ҳолда мен Ўзбекистонга такрор-такрор келавераман! Шу ноннинг мазаси, таъми мени тортаверади!

Диққатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply