Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ

0 151

Саҳобиялар ҳаёти

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Ислом учун ўзини фидо қилган биринчи аёл, жасорат, шижоат ва қўрқмаслиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларида алоҳида хизмати сингган, бу йўлда мушрикларнинг азиятига энг кўп дучор бўлган қаҳрамонлардан ҳисобланадилар.

Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳонинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. Биринчи иймон келтирган фазилатли саҳобиялардан. Имон келтирган мусулмонларнинг ўн еттинчиси  бўлиб, 14 ёшида мусулмонликни қабул қилганлар. Ислом тарихида бобоси, ота-онаси, эри ва ўғли саҳобийлардан бўлган ягона аёл. Онаси Қутайла бинт Абдулуззо.

Эри Зубайр ибн Аввом бўлиб, “ашараи мубашшара”нинг бири, ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр Мадинаи мунавварада туғилган биринчи мусулмон чақалоқ эдилар. Ота бир синглиси Оиша розияллоҳу анҳо эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутаҳҳараларидан. Акаси улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Абу Бакр.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига “Зотун нитоқайн”[1] деган унвонни берган эдилар.

Асмо розияллоҳу анҳо ҳижратдан олдин Зубайр ибн Аввомга турмушга чиқиб, ундан бир неча фарзанд кўрган. У киши эрлари Зубайр ва ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо билан Ярмукда иштирок этганлар.

Эрлари у кишини талоқ қилгандан сўнг ўғли Абдуллоҳ билан Маккада токи у  қатл этилгунига қадар бирга яшаганлар.

Асмо бинти Абу Бакр фиқҳ ва ҳадисда етакчи саҳобиялардан бўлиб, кўплаб тобеинлар у кишидан ривоят қилишган. Асмо бинт Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 56 та ҳадис ривоят қилганлар. Шундан 22 та ҳадис “Саҳиҳайн”да зикр қилинган. Асмо бинт Абу Бакрдан Ибн Аббос, Фотима бинт Мунзир, Урва ибн Зубайр ва бошқалар ривоят қилишган.

 Асмо бинт Абу Бакр  ўта саховатли, қўли очиқ, вазмин ва сабр-бардошли  аёл эдилар. У киши кўпинча: “Қизларим, кўпроқ садақа қилинглар, ҳожатингиздан ошиғини қўлингизда тутиб турманг, ортиқча нарсани кутманг. Инсон яна-яна деявергани билан фазлга эга бўлмайди. Садақа қилган нарсангизни ҳаргиз йўқотган бўлмайсиз”, дер эдилар.

         Абдуллоҳ ибн Зубайр шундай дейди: “Мен Оиша ва Асмодан кўра ҳам сахийроқ, қўли очиқроқ бўлган аёлни кўрмадим. Аммо уларнинг сахийлиги икки хил эди. Оиша ҳузурига келтирилган нарсаларни йиғиб-йиғиб, кўп қилиб тарқатар, Асмо эса эртанги кунгача бирор нарсани қолдирмас эди”.

Асмо бинт Абу Бакр муҳожирларнинг энг сўнггиси бўлдилар.

Асмо бинт Абу Бакр милодий 692,  ҳижрий 73 йилда вафот этганлар.


[1] Белбоғ соҳибаси

Баҳам кўринг

Leave A Reply