Мусаффолик дини

0 146

 Авваллари, кичиклигимизда биз “террорчилик”, “қўпориш”, “жиноятчилик” каби сўзларни эшитмас эдик. Уларнинг ҳатто борлигини ҳам билмас эдик. Энди эса ҳар бир жойда бу сўзнинг ёмонлигидан эҳтиёт чораларини кўриш, иймон- эътиқодни тўғрилаш ҳақида бонг уриляпти. Хўш, экстремизм,терроризм каби асл нопок бўлган унсурлар шунчалик ёмонми?
Аслида динимиз софлик, мусаффолик дини бўлиб, бировнинг қонини тўкиш бир четда турсин, ҳаттоки қалбига озор беришни ҳам қоралайди. Шундай экан, Ислом қандай қилиб террорчилик билан бирга бўлсин?
Бугунги биз яшаб турган замонимизда ҳам бу “бало” чиқиб, турли хил фирқалар ўз ғояларини бошқаларга сингдириш йўлида одамлар қонини тўкишдан ҳам қайтмайдиган кимсаларнинг “жидду жаҳдлари, изланишлари” ҳамда уларнинг ўз ғояларини динимиз номидан қилиб кўрсатаётгани эвазига ушбу сўз муқаддас динимизнинг пок номига ёнма-ён ишлатиладиган бўлиб қолди.
Энг ачинарлиси шуки, ўша манфур кимсаларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб инсонларнинг ҳақиқий Исломни улар айтаётган “Ислом” деб ўйлаб, муқаддас динимизга, бутун Ислом умматига нисбатан ёмон кўз билан қараётгани, Исломга ва мусулмонларга зарар етказаётганидир.
Шу фикрларни қўллаб-қувватлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ бош Ассамблеясининг 22-сессиясида: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мутаносиблигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб нутқ этади.
Бу нутқ Ислом динига тош отишни одат қилиб олган, унинг инсонпарварлик моҳиятини ғаразли мақсадда атайлаб буриб талқин ва тарғиб қиладиган бузғунчилар учун огоҳлантирувдир. Динимиз шаъни, унинг мусаффолигини таъмин этиш нафақат Президентимизнинг, балки ҳар бир мусулмоннинг вазифаларидан бири ҳисобланади. Буни таъмин этиш мақсадида интернет тармоқларидаги “Goоgle” компаниясида эълон қилинган материалларда экстремистик гуруҳ борлигини аниқлаш билан шуғулланувчи ходимлар сонини кўпайтириш мақсад этилган. Шунингдек, “You Tube” компаниясининг бузғунчи оқимларга қарши курашиш ролини ошириш ният қилинган. Бундай тадбирлар натижасида инсонлар Ислом экстремизм, терроризм каби ёт ғояларга умуман боғлиқ эмаслигини англайдилар.
Дарҳақиқат, Ислом тинчлик ва барқарорлик динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу нарсани инсонларга ўз ҳадисларида: “Мусулмон шундай инсонки, бошқа мусулмонлар унинг қўлидан ва тилидан омонда бўлган кишидир”, деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида бошқаларни ноҳақдан ўлдириш ҳаром экани борасида шундай оят нозил қилган:
“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир»*. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида сураси, 32-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса мусулмонларнинг жонига қасд қилиш борасида шундай ҳукм қилинади:
“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси, 93-оят).
Биз бу ерда асосан ўзларининг бузғунчи, разолат ботқоғидан сув ичган фикрларини динимиз номидан тарқатишга уринаётган, натижада Исломни инсонлар кўзига ёмон кўрсатаётган кимсалар ҳақида сўз юритдик.
Демакки, авлодларимизга динимизни пок, яхшиликларга лиммо-лим ҳолда етказайлик. Шунда Аллоҳ ҳам биздан рози бўлар, мусулмонлар ҳам аҳил яшар, иншааллоҳ.

Хадичаи Кубро” аёл-қизлар Ислом билим юрти мударрисаси
Ирода Нурмуҳамедова

Баҳам кўринг

Leave A Reply