«Англовчи қулоқлар англаб олиши учун эшитинг, эй дўстим!»

0 305

 

АНГЛОВЧИ ҚУЛОҚЛАР АНГЛАБ ОЛИШИ УЧУН ЭШИТИНГ,
ЭЙ ДЎСТИМ!

Эй Роббим! Ҳар биримиз ёлғиз бир ўзимиз қиёмат куни Сенинг олдингда тўхтаймиз. Бизнинг ҳар биттамиз билан гаплашасан ва айтасан: «Эй бандам, фалон кун ва фалон кечани эслайсанми? Эшикни беркитиб, одамлар кўзидан ўзингни тўсганингда Менинг назарим тушишидан уялмай, Менга гуноҳлар қилганингни биласанми? Эй бандам, нима учун Мени сенга назар қилувчиларнинг энг аҳамиятсизи деб билдинг?!»
Эй Роббим, Сенинг иззатинг ва жалолингга қасамки, Сен назоратчиларнинг аҳамиятсизи эмассан! Қандай қилиб?! Ахир, Сен оламлар Роббисан-ку! Сен менинг Хожам ва Яратгувчимсан-ку! Менга нафсим ғолиб келганди, мени шаҳватим мағлуб қилганди. Лекин Сен назар қилувчиларнинг аҳамиятсизи эмассан! Эй Роббим, агар мен ушбу вазиятга тушган бўлсам, бошқалар ҳам бу ҳолатни бошдан кечиришган-ку. Биз Сендан (Карим ва Ваҳҳоб Зотнинг олдида турганимизда) Ўзингнинг яхши кўрган бандаларинг ҳолатида бўлишимизни сўраймиз.
Жавоб эса бундай бўлади:
«Менга дунёдалигингда тавба қилган сен эмасми?» Сен: «Ҳа, Роббим, Сенга тавба қилгандим. Энди мен одамлар олдида шарманда бўламан, деб ўйлагандим», дейсан. Шунда У Зот: «Бандам, Мен дунёда буларни яширган эдим, энди эса охират кунида сени (ўша гуноҳларингни) кечираман, – дейди. – Уларни гуноҳларинг саҳифасидан ўчириб ташлаб, яхшиликка алмаштирдим, уни ёзганларнинг ёзганларини ҳам эсларидан чиқардим. Сенинг ер билан осмонча бўлган қилмишларингни ҳам унуттирдим».
Кейин нидо қилгувчи нидо қилиб: «Фалончининг ўғли фалончи саодатга эришди. Энди у бундан кейин ҳеч қачон бахтсиз бўлмайди», дейди.
Аллоҳим, бизга ҳам бу жарчининг овозини эшиттиргин. Бизларни бахтсиз бандалардан қилмагин. Эй Роббим, агар биз сиротда тўхтасак, саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга қил. Сиротдан яшин тезлигида ўтказ!
Агар ҳавзи кавсарга тушсак, Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ, ҳабибинг ҳавзнинг ўртасида сув улашиб турадилар. У сув сутдан оппоқ, асалдан-да ширин ва мушку анбардан ҳам хушбўйдир.
У ерда сувга бўлган ташналикларини қондириб, сувдан тўйиб-тўйиб ичаётган кишилар бўлади. У ерда сув бераётган қўлдан қониб сув ичаётган одамлар бўлади.
Агар жаннат эшиклари олдида тўхтаб, унинг халқалари қимирлатилганда «Ким бу?» деб сўралади. Шунда: «Муҳаммад», дейдилар. «Бизга сиздан олдин ҳеч кимга эшик очмаслигимиз буюрилган», дейилади. Кейин эшик очилади.
Эй Роббимиз, бизнинг амалларимиз бизни унга (яъни, жаннатга) муносиб аҳл қила олмайди. Лекин қалбимизда муҳаббат бор, холос. Ҳабибинг: «Киши ўзи яхши кўргани билан бирга бўлади», деганлар.
Эй Роббим, бизга бирга бўлиш ҳақиқатини рўёбга оширадиган муҳаббатни бергин, ҳатто у зот билан бирга жаннатга кирайлик ва у кишига қўшни масканга жойлашайлик ҳамда ҳабибинг билан бирга Ўзингнинг пайғамбарларинг орасида саодатимиз нурларига гувоҳ бўлайлик. Саййидимиз Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо масиҳ алайҳиссаломлар билан учрашайлик. Бу дунёдаги дўстларимиз билан кўришайлик.
Сенинг улуғ жамолингга назар солиш эса, Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ, бу жаннат лаззатларининг энг ёқимлисидир. Эй Роббим! Агар одамлар сенинг нурингга назар солишда бир-бирларидан фарқ қиладиган бўлса, сенга аҳл бўлган бандангнинг биргина тилагини сўрайман. Лекин Сенинг караминг ўз аҳлингга лойиқдир. Сенинг барча айбу нуқсондан пок жамолинг нурини саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом минбарлари орқали кўришни тилайман.
Аллоҳим, бу истаклардир. Аллоҳим, гарчи биз бунга лойиқ бўлмасак-да, Ўзинг буни бизга муносиб кўргин.
Аллоҳим, бизларни офиятда тирилтириб, офиятда вафот эттирадиган бандаларингдан қил.
Эй Тирик ва Қоййум Зот, эй улуғларнинг Улуғи, бизнинг дунёдаги охирги сўзимизни «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» қилгин.
Соллаллоҳу алайҳи ва ъалиҳи ва саллам. Эй раҳмлиларнинг Раҳмлиси, Сенинг марҳаматинг билан сўраймиз.
Охирги дуоимиз эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Ҳабиб ал-Жифрийнинг хутбасидан
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси,
27.03.2017 йил

Баҳам кўринг

Leave A Reply