Бизга кечиришни ўргатинг, ё Расулуллоҳ!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир зарурат учун туман марказига чиқиб, уйга қайтаётган эдим. Биз томон қатновчи машинани тўхтатдим. Қарасам, ҳайдовчи бир неча йиллар аввал яхши борди-келди қилиб юрган, кейин бир-икки қалбимизга ботадиган иш қилиб, биздан ўзини тортган узоқроқ бир қариндошимиз экан. Чиқиш-чиқмасликни ўйлаб қолдим. Чунки ҳаво иссиқ, кейинги машинани ҳали кўп кутишга тўғри келади. Таваккал қилиб машинага чиқдим. У оғиз очиб бир сўз демади, мен ҳам ҳеч нарса демай, машинага ўтирдим. Унинг гапирмаганини машинада биздан бошқа йўловчилар борлигига йўйдим.

Ҳали йўл узоқ, боргунча унинг қилган ишлари кўз олдимдан ўта бошлади. Ичимда бир куч “Силаи раҳм қил, сен гап бошла, бирор ширин сўз айтиб, орадаги дилхираликни арит”, деса, яна бошқаси “Наҳотки, унинг ёмонликларига кўз юмиб кетаверсанг?! Ахир сен унга шу ишларни қилганингда сени ҳеч қачон кечирмасди. Унга сўз ҳам увол, гапирма!” дерди. Шунда бирдан яқинда ўқиган китобимдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ёдимга тушди.

...Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ва яқинларига катта зарар етказди. Улар у зот алайҳиссаломни саҳобаларидан жудо этиб, юрган йўлларига тиконлар сочишар ва доим масхара қилишар эди. Ҳатто бир гал сажда қилиб турган ҳолатларида бошларига туянинг ичакларини ташлаб кетишган. Бу ҳол бир ёки икки йил эмас, балки ўн уч йил муттасил давом этди.

Макка фатҳидан сўнг ўша мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бериладиган ҳукмни кутишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом тарихда ҳеч бир инсон қилмаган, умматларга буюк дарс бўладиган ҳусну хулқни кўрсатдилар.

–         Кетаверинглар, сизлар озодсизлар! – дедилар.

Амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қотили Ваҳший Исломни қабул қилиб, кечирим сўраб келганида уни афв этдилар!

Энди ўз ҳолимизга бир назар ташлайлик. Арзимаган буюмни биздан бесўроқ ишлатган дўстимизни жеркиб берамиз, ҳеч бўлмаса, ҳўмрайиб қўямиз. Яқинларимизга қилинган бирор ёмонликни эшитганимизда эса суриштириб ҳақиқатни билмасдан ўша ёмонлик қилганлардан хафа бўлиб, нафратланиб юрамиз. Бизга зарар етказганлардан-ку ўч олмагунимизча тинчимаймиз. Нега шунча раҳмсиз, кекчи, аразчи бўлиб қолдик экан-а? Нима учун адашиб оёғимизни босиб олган ўртоғимизни ҳам “Кўзингга қарасанг бўлмайдими?” деб уришиб берамиз? Шу қадар шафқатимиз камайиб кетдими?

Мана шу сўзларни ўйлаб манзилга етганимни ҳам билмай қолибман. Йўловчилар ҳам машинадан тушиб кетишганди. Ўзимни ўнглаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳусни хулқларига ҳавас қилиб, ўша қариндошимга қараб жилмайдим ва уйдагилари ҳақида сўраб, уларга салом айтиб, уйимизга хуш кайфиятда қайтдим.

Ё Расулуллоҳ! Юрагида кек сақлаб юрган биз умматларга кечиришни ўргатинг. Гўзал хулқингиздан ибрат олиб яшайлик!

Мавзуга оид мақолалар
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК...  ТАВБА Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Тавба қилишлик неъмати Аллоҳ давоми...

15:25 / 21.03.2017 3661
Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъқиқлаган нарсалардан бири зарурат бўлмай туриб ит давоми...

16:44 / 27.11.2016 4131
  Экстремист лотинча сўз  бўлиб, ўта яъни ижтимоийсиёсий характердаги муаммоларни ҳал этишда, ўта кескин давоми...

09:31 / 07.02.2018 1503
«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур» Шуро давоми...

03:27 / 20.02.2019 4572