Кирсам майлими?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадрли болажонлар, бугун сиз билан бировнинг уйига ёки хонасига кириш учун рухсат сўрашни ўрганамиз. Сиз кимнингдир хонадонига борганда кириш учун аввало уй эгасини чақириш кераклигини биласиз. Эшик очиқ бўлса ҳам, ичкаридан уй эгасини чақирмасдан кириб кетиш мумкин эмас. Буни биласиз-а? Ҳа, яхши, барокаллоҳ! Бировнинг уйига чақирмасдан кириш у ёқда турсин, ҳатто кўз ташлаш, “Ичкарида ким бор экан?” деб қараб қўйиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун эшикни тақиллатиш ёки «Ичкарига кирсам майлими?» дея уй эгасини чақириш керак бўлади.

Демак, эшик ёпиқ бўлса ҳам, очиқ бўлса ҳам, ичкарига қарамасдан эшикнинг рўпарасида эмас, балки унинг ўнг ёки чап томонида туриб, эшик қўнғироғини босасиз ёки эшикни уй эгалари эшитадиган даражада тақиллатасиз. Жуда қаттиқ тақиллатиб, уларни чўчитиб юбормайсиз. Лекин жуда секин тақиллатсангиз ҳам, ичкаридагилар эшитмаслиги мумкин. Истасангиз, эшикни тақиллатмай, баландроқ овозда керакли кишини чақиришингиз мумкин. Қўнғироқни чалиб, эшикни тақиллатиб ёки овоз чиқариб чақириш уч марта бўлади, ундан кўп чақириш одобсизлик ҳисобланади. Ҳар бир чақиришнинг орасида бироз кутиб турасиз. Ичкаридан биров «Ким?» деб сўраса, исмингизни айтиб, ўзингизни таништирасиз. Мабодо, киришга рухсат бўлмаса, масалан, «Уйда ҳеч ким йўқ эди» каби гаплар айтилса ёки уч марта чақирганингизда ҳам жавоб бўлмаса, индамай қайтиб кетишингиз керак, ҳатто эшик очиқ бўлса ҳам, кириб кўришингиз мумкин эмас.

Худди шунингдек, ўз уйингизда ҳам ота-онангиз ёки опа-укаларингиз ўтирган ёки ётган хонага рухсатсиз кириш керак эмас. Бунда ҳам, ҳозир айтилганидек, ё эшикни тақиллатасиз, ё овоз чиқариб чақирасиз. Рухсат берилсагина, кирасиз.

Болажонлар, бирор жойга кириш учун рухсат сўраш нега бунча муҳим экан, деб ўйлаяпсизми? Масалан, мактабда бирор синфхонага рухсат сўрамай кирсангиз, дарсга халақит қилишингиз мумкин. Ёки бировнинг хонадонига ё ўз уйингизда кимнингдир хонасига рухсат сўрамай кирсангиз, у ердагилар кийим алмаштираётган бўлиши ёхуд ухлаш учун ётган бўлиши, ё бўлмаса, бошқа турли ҳолатларда турган бўлиши мумкин. Шунда ноқулай вазият юзага келади. Мана шундай нохуш ёки хижолатли ҳолатларнинг олдини олиш учун рухсат сўраб кириш керак.

Яна бир гап – рухсат сўрасангиз ҳам, бировнинг уйига ёки хонасига истаган вақтингизда бораверманг. Масалан, намоз вақтида, овқатланиш вақтида ё кеч бўлиб, уйқуга ётиш вақти бўлганда бормаган маъқул.

Ғиёсиддин Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ҳазил нафсни ҳаёт чарчоғидан халос этади. Ва дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазил қилар давоми...

05:59 / 26.02.2017 5770
embedhttpswww.youtube.comwatchvrlQId3LbeIembed

07:35 / 29.04.2017 5432
Ибн Умардан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Барчангиз масъулдирсиз ва ўз давоми...

03:01 / 13.11.2016 4379
Саломатлик дарсларини бошлаганимизда соғлом турмуш тарзининг бир қатор омиллари тўғрисида тўхталган эдик. давоми...

16:01 / 02.01.2017 4212