РАМАЗОН МАЖЛИСИ

00:02 / 20.04.2023 1037



Доктор Мустафо Абу Сулаймон ан-Надвий ан-Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳнинг "Рўза ойининг азаматини даъватчиларга ва авом халққа эслатиш" китоби асосида суҳбатлар (37-мажлис).


 ТАСБЕҲ НАМОЗИНИНГ ФАЗЛИ ВА УНГА АЛОҚАДОР ҲУКМЛАР


Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:


“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга бундай дедилар:


“Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракат намоз ўқишдир. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан. Биринчи ракатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: “Субҳааналлоҳ, валҳамду лиллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасан. Сўнг руку қиласан ва рукуда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукудан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракатда етмиш бештадир. Тўрт ракатда ҳам шундай қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).


Одинахон Муҳаммад Содиқ



Муаллиф