Суннатни тирилтириш – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш демакдир (8-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

26 ноябрь, 2016 йил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Суннатни тирилтириш – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш демакдир»

Аллоҳ таолога ҳамд, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салом-салавотлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу ва мағфиратуҳу ва тийбу солаватуҳу.

«Суннатни тирилтириш – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш демакдир».

Ҳа, шубҳасиз шундай.

Аллоҳ ўз динини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари орқали ўрганиб, унга амал қилишни насиб қилсин.

СУННАТИ САНИЯ сўзининиг луғавий маъноси «баланд мартабали суннат» деганидир ва у суннатларга амал қилиш эса биз, умматлар учун шарафдир.

Ҳар бир қилинаётган иш ёки амал суннатга мувофиқ бўлсагина, у комил ва  гўзал хотима топади. Шундай экан, келинг, ҳаётимизни суннат асосида ўтказайлик.

Аллоҳ таоло ояти каримасида шундай дейди:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир».

 Бир ҳадиси шарифда: «Унутилган бир суннатимни қайта тиклаганга юзта шаҳид савоби бор», деб марҳамат қилинди. Ва яна бир ривоятда шу маънога яқин ҳадис бор. «Бир даврлар келади, менинг суннатимни маҳкам  ушлаган одам худди чўғни ушлаган кишидай бўлиб қолади».

Унутилиб бораётган баъзи суннатлар:

1.Икки киши бўлса ҳам фарз намозни жамоат билан ўқимоқ.

2. Намозларни салла ёки дўппи кийиб ўқимоқ. Ҳозирда  бошяланг намоз ўқиш жуда оммалашиб кетган. Ваҳоланки, ҳеч бир саҳоба ёки  тобеин, таба тобеинлар ва салафи солиҳлар бош кийимсиз намоз ўқиганликларини ўқимадик, эшитмадик. Бу – бемазҳабларнинг йўли,  дейишади.

3. Чошгоҳ (бомдод билан пешин орасида ўқиладиган намоз), аввобин (шом намозидан кейин ўқиладиган намоз),таҳажжуд, Таҳиятул-масжид, субҳ намозларини ўқимоқ.

7. Истишора ва истиҳора қилмоқ.

8. Аксирганда «Алҳамдулиллаҳ» дейиш. Ва эшитган одам «ярҳамукаллоҳ» дейиши. Алҳамдулиллаҳни эшитамиз-у, биздан жавоб «соғ бўлинг» бўлади, лекин бу – суннатга хилоф.

9. Суннатга мос салом бермоқ, саломлашишдаги унутилган суннат.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг бўйларини олтмиш аршин  қилиб яратди. Сўнг ўтирган бир неча фаришталарни кўрсатиб, «Анавиларнинг олдига бориб, салом бергин ва уларнинг қандай алик олишини эшитгин. Бу сенинг ва зурриёдларингнинг саломи бўлади», деди.

«Ассаламу алайкум», деди у.

«Вассаламу алайка ва роҳматуллоҳи» дейишди. Унга «ва роҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди.

Бас, ким жаннатга кирса, у(Одам)нинг сувратида киради. Ҳозиргача халқ нуқсонга учраб келмоқда».

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саломни тарқатинг, саломат бўласиз», дедилар».

Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.

«Ҳа! Ё Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлислари олдидан ўтиб кетаётиб:

«Ассалому алайкум», деди.

«Ўнта савоб», дедилар.

Бошқа бир киши ўтаётиб:

«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи», деди.

«Йигирмата савоб», дедилар.

Яна бошқа бир киши ўтаётиб:

«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деди.

«Ўттизта савоб», дедилар.

Ҳа, биз фақат аввалги саломни берамиз.

Биз аввалги саломни беришимиз,  соғ-саломат кўришганимиз учун бўлса, хайрлашаётгандаги  салом эса

яна қайта саломат кўришликка берилган бўлади.

Бир киши мажлисдан туриб, салом демай кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана шу биродарингиз жуда муҳим нарсани унутди. Бирортангиз мажлисга келса, салом берсин. Ўтиргиси келса, ўтирсин. Қачон турадиган бўлса, салом берсин. Биринчиси иккинчисидан афзал эмас», дедилар».

10. Жума куни ғусл қилмоқ ва ўша ғусл ила жума намози ўқиш. Баъзилар жума куни ғусл қилса, бўлади, деб тушунадилар.

11. Дуо қилаётганда қўлларини суннатга мос ҳолда очмоқ.

12. Фойдали ишга киришаётганида «бисмиллаҳ» демоқ. Бир ҳадисда  басмаласиз бошланган ҳар бир ишни охири кесикдир, дейилади. Кўпчилик таомда, намоздан олдин айтади-ю,  бошқа кўп амалларда айтмайди. Кейин ишлари унмаётганидан ва баракаси йўқлигидан нолийди.

13. Ётишда таҳоратли ётмоқ. Бу амални жуда кўплаб фойдалари бор бўлиб, биз мусулмонларнинг бошқа динлардан ажралиб туришимиз сабабларидан  бири, таҳорат билан афзаллигимиздир.

14. Ўлим ёки ёмон хабар эшитганида  ёки бирор азият етганида:

«Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» демоқ, янъи Бақара сурасидаги

  الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

«Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».

оятига биноан иш кўрмоқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузури муборакларида бир шам ўчиб қолганида «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуън» деган эканлар. Шунда Хадича онамиз: «Ё Расулуллоҳ, буни, одатда, бирор мусибат етганда айтардингиз,  шам ўчганига нега айтдингиз?» деганларида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси нарсаки мўминга азият пайдо қилса, шу мусибатдир», деган эканлар.

Мана, бизга  бирор мусибат етса, нима дейишимиз кераклиги. Бу суннат ҳам унутилаёзди. Ҳа, фақат кимнингдир вафотини эшитсак, айтишимиз мумкин. Буни ҳам билганлар айтади, кимлардир бехабар ва бу илмсизлигимиздан, суннатга бепарволигимиздан.

15. Мисвок суннати:

Мусулмон кишининг кундалик ҳаётида мисвок тутиши суннат бўлган бир неча ўринлар бор.

Масалан:

  1. Беш маҳал намоз олдидан.
  2. Ишроқ, чошгоҳ, таҳажжуд ва бошқа намозлар олдидан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Агар умматимни машаққатга солиб қўмаганимда, уларни ҳар бир намоз олдидан мисвок тутишга буюрган бўлар эдим» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

  1. Уйга кирганда.

Имом Муслимнинг саҳиҳида Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб оғизларини мисвоклашлари нақл қилинган.

  1. Қуръон қироати олдидан.
  2. Уйқудан турганда.
  3. Оғизнинг ҳиди ўзгарганда.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Мисвок оғизни тозалагувчи, Парвардигорни рози қилгувчидир» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу суннатни татбиқ этишдаги фойдалар:

— Аллоҳ таоло бандасидан рози бўлади.

— Оғиз пок ва соғлом бўлади.

Замонавий тиббиёт ҳам мисвокнинг тиш ва милк учун фойдали бўлган кўплаб моддаларга эга эканини кашф қилган. Жумладан, унинг таркибида бактерияларга қарши моддалар, умумий тозаловчи (дезинфекция қилувчи) моддалар, тишни оқартирувчи модалар, оғизни хушбўйлантирувчи моддалар мавжуд экан.

16. Ётишдан олдинги суннатлар:

Таҳорат билан ётиш.

«Ётоғингга келсанг, таҳорат қил...» ҳадисига мувофиқ.

Ўнг тарафни қиблага қилиб ётиш.

 Ўнг ён билан ётиш.

«Кейин ўнг ёнинг билан ёт» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ўнг қўлни ўнг ёноқ остига қўйиб ётиш.

«Қачонки ётсалар, ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўйиб ётар эдилар» (Абу Довуд ривояти).

17. Уйқудан уйғонишдаги суннатлар:

  1. Уйқу дангасалиги ва унинг асоратини қўл билан юздан аритиш.

Имом Нававий ва ибн Ҳажар роҳимаҳумуллоҳлар бунинг суннат эканлигига қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб ўтирдилар ва юзларини ишқалаб, уйқуни аритдилар» (Имом Муслим ривояти).

  1. Дуо қилиш.

У қуйидагича:

«Бизларга руҳимизни олганидан кейин қайта ҳаёт бахш этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қайта тирилиб бориш у томонгадир» (Имом Бухорий ривояти).

  1. Мисвок тутиш.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

  1. Бурун қоқиш.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғида тунаган бўлади» (Муттафақун алайҳ).

  1. Қўлларни уч марта ювиш.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, идишга солмасдан, кафт қўлларини уч марта ювсин»(Муттафақун алайҳ).

18. Таомланишдаги  ва таомдан кейинги унутилаёзган суннатлар. Булардан бири, овқатдан сўнг қўлни уч бор ювмоқ. Баъзилар овқатдан олдин ювадилар-у, лекин кейингисига бепарво бўладилар.

Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир».

 «Бисмиллаҳ» дейиш.

 Ўнг қўл билан ейиш.

Таомни ўз олдидан олиш.

Бу уч суннатни қуйидаги ҳадис жамлаган:

«Ҳой болакай. Аллоҳнинг номини айт, ўнг қўлинг билан, ўз олдингдан е».

Тушиб кетган луқмани олиб, еб қўйиш:

«Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин» (Имом Муслим ривояти).

Имкон бўлса, учта бармоқда ейиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқ билан ер эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксарият ҳолларда шундай ер эдилар. Таомлангандан кейин

идишни ялаб, тозалаб қўйиш.

Бармоқларни ялаб тозалаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амалга буюриб туриб:

«Барака қайсида эканлигини билмассиз», деганлар.

19. Ичимлик ичишдаги суннатлар:

  1. Тасмия.
  2. Ўнг қўлда ичиш.
  3. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, уч бўлиб ичиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

  1. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Бирортангиз тик туриб ичмасин» (Имом Муслим ривояти).

  1. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

«Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб, Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади» (Имом Муслим ривояти).

20. Жаноза номозидаги суннатлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза намозини ўқиб, икки ёққа  салом бериб бўлгач, қўлларини кўтариб дуо қилмас едилар.

Бизнинг диёрларда эса жаноза намозини ўқиб, икки ёққа  салом бериб бўлгач, қўллар кўтарилиб дуо қилинади. Суннатдаги жанозани худди ками бор-у, саломдан сўнг қўлларни кўтариб, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб тўлдириб қўйгандек, гўё бу эса суннати санияга хилоф. Жаноза ўзи аслида, дуо ҳисобланади.

Имом Бухорий ривоят қиладирлар:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки маййитга жаноза ўқиғайдир, унга бир қийрот савоб теккайдир», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўсту биродарларингизга ўзингиз жаноза ўқингизлар!»  деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нажошийга жаноза ўқингизлар!» деганларида, жанозани «намоз» деб атаб: «Унинг рукуъ ва саждалари бўлмағайдир, уни ўқиётганда (дунёвий сўзлар) сўзланмайди, фақат такбири таҳрима айтилиб, салом берилғайдир», деганлар.

21. Никохдаги  суннатлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида икки ёш ўтирганда аввал хутба ўқир эканлар, кейин қолган нарсаларни тушунтирар эканлар.

Бизнинг диёрларда эса тескариси, аввал сўроқ-савол қилиб, олди-берди қилиб бўлинганидан кейин хутба ўқилади, бу эса суннати санияга хилоф.

Бизда никоҳ бошидан бошланишданоқ суннатга хилофлик билан бошланади ва келин танлашда ҳам суннатни унутганмиз. Биз зоҳирпараст, суратпараст бўлиб кетганмиз. Бизга сийратнинг қизиғи йўқ, гўё.

Бунинг мисолини  яқин йиллар ичида ажралишлар сонини кўпайганидан билсак ҳам бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда Ҳазравуддиманни олманглар, деганлар.  Ҳазравуддиман деб, гонг тепада ўсган чиройли гулни айтилади. Бу дегани, ифлос хонадонда ўсган чиройли қизни олавермаслик керак, дегани. Албатта, чирой – ўткинчи. Жуда яхши биламиз ва тўйдан бир оз вақтлар ўтганидан сўнг келин-куёвларниниг ҳали  маънавий тайёр эмасликлари келишмовчиликларга сабаб бўлади.

22. ХАЛО ОДОБЛАРИ

Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс ўзи билан Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмларни бирга олмаслиги керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида «Муҳаммадур Расулуллоҳ» деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар.

Шунга биноан, Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръон билан халога кириб бўлмайди.

Оёқ ва бош кийими ила истинжо қиладиган нарсаси ва сувини тайёрлаб олиб кейин халога кириши керак.

Халога кирганда аввал чап оёғини ичкарига қўяди ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида келган дуони ўқийди:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар:

«Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хабаиси» – «Эй бор Худоё, сендан эркак ва урғочи ифлослар (шайтонлар)дан паноҳ тилайман», дер эдилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Ушбу дуони хало очиқ жойда бўлса, қазои ҳожатга тайёрланаётган вақтда, махсус жойда бўлса, унга киришдан олдин ўқиш керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони доимо ўқир эдилар.

Эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шуки, одатда, хало жойида Аллоҳнинг номи зикр этилмагани учун эркак-урғочи шайтонлар у жойни ўзига қароргоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳдан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин.

Шунинг учун ушбу ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, халога киришдан олдин ўқишни одатга айлантириш ҳар бир киши учун зарурдир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жинларнинг кўзлари билан одам боласининг аврати орасидаги тўсиқ, қачон бирларингиз халога кирса, Бисмиллаҳи, демоғидир», дедилар» (Имом Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган).

Одам боласи халога киришдан олдин «Бисмиллаҳ»ни айтса, унинг авратини жинларга кўрсатмайдиган тўсиқ бўлар экан.

Уламоларимиз иккала ҳадисни жамлаб, халога кираётган одам: «Бисмиллаҳи, аъузу биллаҳи минал хубуси вал хабаиси», дейиши керак, дейдилар.

Халодан чиқаётганда эса Имом Насаий қилган ривоятга биноан «Ғуфронака! Алҳамду лиллаҳиллазий аҳзаба аннии ал-аза ва аъфании» дейди.

Ўтирганда оғирини чап оёғига солиб ўтиради. Икки оёғининг орасини кенг қилиб ўтиради. Ўшанда чиқадиган нарса осон чиқади.

 Заруратсиз гапирмайди.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб гаплашавермасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур», дедилар».

Ўтириб сияди.

Пайғамбаримиз соллаллулоҳу алайҳи васаллам доимо ўтириб сийганлар. Саҳобаларни ҳам тик туриб сийишдан қайтарганлар.

Имом Аҳмад, Термизий ва Насаийлар қилган ривоятда Ойша онамиз розияллоҳу анҳо:

«Ким сизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб сияр эди, деса, тасдиқ қилманглар. У киши фақат ўтириб сияр эди», деганлар. Ҳозирда айрим кимсалар бу суннатларга хилоф қилган ҳолда халода  бемалол гаплашадилар, қўшиқ эшитиб ўтиришади, ўйин ўйнаб ҳам ўтирадиганлар йўқ эмас.

Қазои ҳожатни қиблага олди ёки орқасини тўғрилаб қилиб бўлмайди. Баъзилар қибла қайси тарафда эканини билмаса, баъзилар ўйлаб ҳам ўтиришмайди.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин», дедилар (Бешовлари ривоят қилган).

 23. Эътикоф суннати:

Сиҳҳоҳи ситта муҳаддислари Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтирар эдилар. Унинг таъкидлаб айтишига қараганда, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

كان النبى صلى الله عليه وسلم اذا دخل العشر شدّ مئزره واحيا ليله وأيقظ أهله

«Қачон Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кириб келса, аҳллари билан алоқа қилмоқдан узоқлашар эдилар, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилмоққа уйғотар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Демак, ибодатларга шўнғийдиган ой бўлмиш, савоб ва ажрларни кўпайтириб қолишга бир имконият, бир ғанимат бўладиган ойда масжидларга чекиниб, эътикофда ўтириб, ғайрат кўрсатиш ҳар бир тақводор мусулмоннинг бурчи экан. Эътикофнинг ўзи бир кун, ўн кун ўтирилса, ажри жуда улуғ бўлади,  иншааллоҳ.

Имом аз-Зуҳрий айтадилар: «Мен эътикоф ўтирмайдиган одамлардан ажабланаман. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи амалларни тарк қилардилар, баъзисини айрим ҳолатлардагина бажарар эдилар. Баъзиларини эса кейинчалик умуман тарк қилгандилар. Аммо ул зоти шариф Мадинага келганларидан сўнг бирор йилда ҳам асло эътикофни тарк қилган эмасдилар».

Ассалому алайкум, ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу ва мағфиратуҳу ва тийбу салавотуҳу

Суннат асосида ҳаёт кечиришга ҳаракат қилувчи банда

 Каримов Ислом 

 
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Ёшлар орасидаги саволжавобда, «Психологга ҳеч мурожаат қилганмисиз» деган саволга давоми...

21:12 / 12.12.2016 6632
Дуо луғатда истамоқ, чақирмоқ, ёлвормоқ каби маъноларда келтирилган. Истилоҳда эса инсон ўзини хокисор тутиб, эҳтиёжларини чексиз қудрат соҳиби Аллоҳдан давоми...

04:33 / 17.11.2016 3928
Ким неъматларга шукр қилмаса, албатта унинг заволига учрайди. Ким уларга шукр қилса, уларни арқонлар билан боғлайди. Неъматлар тўғрисида сўз борар экан, бу давоми...

19:56 / 17.04.2019 2796
Бугунги кунда кўпчилик ижтимоий тармоқлар дея аталувчи интернет сайтларида ўз саҳифаларига эгадир. У ерда ўзаро мулоқот қилиш имкониятидан ташқари давоми...

07:49 / 27.11.2016 3396