Намоз – ҳамма нарсадан муҳим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзан намозга турганимда бурним қичийди. Кейин қорним ғулдирайди. Деразадан ниманингдир товуши эшитилади. Хонага қандайдир ҳашарот учиб киради. Негадир болаларнинг овози эшитилмай қолади.

Яна хаёлим олиб қочади: синглимга қўнғироқ қилишим керак, ҳамкасбим билан боғланишим зарур, ҳисоботни ўқишим шарт, ёстиқжилдларни ювишим лозим... Ниҳоят, ҳушимни йиғсам, ҳамон намоз ўқиётган бўламан, нечанчи ракатга келганимни эслайман...

Бу каби ҳодиса кўпчиликнинг бошидан ўтади. Намозни хушуъ билан ўқиш инсон туғилганда бериладиган қобилият эмас. Табиийки, биз бу сифатни ўзимиз тарбиялашимиз, имкон қадар ҳаракат қилиб, уни машқ қилдиришимиз лозим. Ҳар қандай машғулот сингари бунда ҳам режа, йўл-йўриқ, тартиб ва доимийлик билан иш тутиш мақсадда бўлади. Менинг бу борадаги услубим қуйидагича.

Ҳар сафар янгидай бошлаш

Жанг санъатида бир қизиқ қоида бор: «Ҳар бир ҳаракатни янгидан ўрган!» Ҳаракат яхши ўйланган, ишончли ва аниқ бўлиши учун ушу усталари ҳар сафар қайтадан унга эътибор билан ёндашиб, унинг маъноси, тарихи ва траекторияси ҳақида фикрлайдилар. Мен бу усул намозда диққатни жамлашда ҳам қўл келиши ҳақида ўйладим. Биз намозни ҳар кун 5 маҳал ўқиганимиздан ҳаракатларимиз автомат тарзига ўтиб қолган. Бироқ биз ҳар сафар ҳаракатларимиз ҳақида фикрлаб, нима учун бу ишни қилаётганимизни англасак, мақсадимизга етишишимиз осон бўлади.

Бу каби тафаккурга эришишнинг усулларидан бири оғзимиздан чиқаётган сўзларни яхши тушунишдир. Биз сураларни араб тилида ёдлаймиз-у, ундаги ҳар бир сўзнинг маъносини тушунишга ҳаракат қилмаймиз. Маъносига қўшиб тафсирига, оятнинг нозил бўлиш сабабига ҳам аҳамият билан ёндашсак-чи?! Унда бизга ушбу сура сабабидан келадиган барака зиёда бўлиши турган гап.

Рухсатингиз билан яна бир кузатувимни бўлишсам. Биз янги ёдлаган сурамизни намозда ўқисак, адашмаслик учун ҳам секин, тўхтаб-тўхтаб ўқиймиз. Диққат-эътиборимиз тўлалигича намозимизда жамланади.

Йиллар ўтиши билан янги киришган каби ҳолда қолиш Аллоҳнинг неъматидир. Шунда ҳар сафар Аллоҳнинг ҳикматини янгидан кашф қиламиз, ўрганамиз. Билим олишга интилиш эса саодатга эришишнинг шартларидан биридир: “Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт” (Зумар, 9).

Намоз учун «тайёргарлик босқичи»

Кўпчилик муваффақиятли тадбиркорлик йўриқномаларида ҳар қандай лойиҳани бошлашдан аввал унга яхшилаб тайёргарлик кўриш борасида тавсияларни учратганман. Бу тайёргарлик босқичи (рус тилида «нулевой цикл» дейилади) баъзан лойиҳанинг фаол давридан ҳам кўп вақт олади. Бунда ахборотлар йиғилади, манбалар танланади, эҳтимолий қийинчиликлар кўриб чиқилади, тасодифий муваффақиятсизлик ҳолати учун захира тайёрланади. Мен шу маслаҳатларни ўз намозим учун қўллаб кўрмоқчи бўлдим.

Фарз ибодатини амалга оширишга тайёргарлик кўриш учун, уйда бўламанми ёки ишда, мен аввало шуни англашим керак: келаси 10 дақиқа давомида мен шунчаки ишларимдан танаффус қилмайман, балки бутунлай бошқа иш билан, таъбир жоиз бўлса, бошқа лойиҳа билан машғул бўламан. Намоз кетидан намоз – ахир менинг бутун келажагим шундай қурилган, бу «лойиҳа» – ҳаётимдаги энг узоқ муддатли ва энг муҳими.

Намозда мен атрофимда бўлаётган нарсаларни эшитмайман ва кўрмайман, назорат қилмайман, қарор қабул қилмайман, қўнғироқлару хатларга жавоб бермайман. Телефоннинг овозини ўчириб қўяман, компьютерни «кутиш режими»га қўяман, ўша пайт хаёлимни банд қилиб турган зарурий иш ва фикрларни қоғозга ёзиб қўяман. Шунда эсимдан чиқиб қолмасин, деган хавотир мени безовта қилмайди.

Плитани ўчираман, компьютерда ўтказиш жараёнини тўхтатаман, хуллас, менинг иштирокимни талаб қиладиган ҳамма нарсани якунлайман ёки вақтинча тўхтатаман. Бас, мен кетдим, бошқа ҳамма нарса кутиб туради!

Душман ғафлатда эмас

Маълумки, шайтон намоз ўқиётган кишини кўрганда унинг намозини бузиш, намозхонни чалғитиш ва адаштириш учун қўлидан келганини қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга азон айтилса, шайтон азонни эшитмаслик учун орқасидан ҳаво чиқариб ортга қочади. Азон айтиб бўлинса, яна келади. Қачон иқомат айтилса, яна ортига кетади. Иқомат айтиб бўлинса, одамнинг дилига васваса солиш учун қайтиб келади. У олдин эсламай юрган нарсаларни айтиб: “Уни эсла, буни эсла”, дейди. Ҳаттоки одам қанча намоз ўқиганини ҳам билмай қолади», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

Мен доим буни ёдда тутаман. Ахир шунинг учун ҳам намозни бошлашдан аввал «истиоза» айтамиз: «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир-рожийм» – «Аллоҳдан қувилган шайтон ёмонлигидан паноҳ сўрайман». Мана шу ихлос билан Аллоҳдан ёлвориш барча нарсага кифоя қилади. Ҳеч нарсаси йўқ уй ўғрига қизиқ бўлмагани каби «насибаси» йўқ жойга шайтон ҳам келмайди. Ўз уйида хушуъ билан намоз ўқишга киришган муслима шайтон учун нақадар «қизиқ»!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда аланглаш ҳақида сўрадим. У зот: «У кисавурликдир. Шайтон банданинг намозидан уриб қолур», дедилар» (Имом Бухорий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Мана шу ҳадислар билан қуролланиб, менинг ҳар қандай чалғишим шайтонни хурсанд қилишини англаган ҳолда унинг ҳийлаларига қарши самаралироқ тура олишим мумкин. Зеро, душманнинг услублари ва найранглари сенга маълум бўлса, уни мағлуб қилишинг осон.

Махсус шароитлар

Аслида Аллоҳнинг бизга марҳамати ўлароқ, бутун ер юзи бизга саждагоҳ қилинган. Бизга намозларимизни ўқиб олишимиз учун алоҳида жой шарт қилинмаган. Бироқ каттароқ ҳовлида яшайдиганлар учун, менимча, намозни адо қилиш ва Қуръон ўқиш учун махсус шароит қилинган кичикроқ бир хонани ажратиб қўйиш қийин эмас. Покиза сақланган, муносиб безатилган, диний китоблар билан тўлдирилган бу хона бизни тезда муносиб кайфиятга тушириб қўяди. Буни масжидда инсонда ҳосил бўладиган кайфиятга таққослаш мумкин. Жуда бўлмаганда одатда фойдаланадиган жойнамоз ҳам диққатни жамлашга ёрдам беради.

Аёлларга намоз ўқиш учун энг яхши жой уни бегона кўзлардан асрайдиган ўз уйидир. Ҳадисларда ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқилмайдиган уйни қабристонга тенглаштирганлар. Шундай экан, аёл киши уйда бўлганида уни Аллоҳнинг зикри билан ҳам безаш имконига эга бўлади.

Кийим ҳам худди шундай. Ҳар бир муслиманинг кийим жавонида намоз учун ажратиб қўйса бўладиган чиройли кўйлак ва шарф топилса керак. Уни ҳамиша тоза тутиб, фақат намоз учун кийиш ўзимиз учун ҳам ёқимли. Шу каби махсус кийим ва жой билан тайёргарлик кўриш шахсан менга намозда диққатимни жамлашга ёрдам беради.

Намознинг «бонус»и

Намозни ўқиб бўлгач, баъзан саломни берибоқ дунё ҳаётимизга чопамиз. «Ҳаёт маъносини тушунган киши ҳеч қачон шошилмайди», деб бежизга айтишмайди. Ахир намоздан кейинги дақиқалар – ғанимат-ку!

Абу Умома Бохилийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қайси дуо тезроқ қабул бўлади?» деб савол берилганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечанинг ўртасида ва фарз намозлари орқасидан қилинган дуо», деб айтдилар” (Термизий ривояти).

Қизиғи шундаки, дуо орқали биз ҳаётимизни тартибга соламиз, десак ҳам бўлади. Чунки биз дуода ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда ҳаётимиздаги энг муҳим мақсад ва вазифаларимиз, бирламчи ишларимиз ва энг керакли эҳтиёжларимизни ёдга оламиз.

Ҳар куни беш маҳал намозни адо этиш, дуо қилиш, Қуръон ўқиш, Рамазон рўзасини тутиш билан бирга буларнинг барчасидан ҳузур-ҳаловат топа билишимиз учун Аллоҳ таолодан иймонимизни мустаҳкам қилиб, зиёда қилишини сўраймиз. Омин!

Оиша Умму Адам,

рус тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар

16:03 / 21.05.2018 3366
Аёл Яратганнинг нозик ҳилқати, табиатдаги нафис мавжудоддир. Аёл  фитратан бир томондан назокат тимсоли давоми...

17:01 / 23.09.2016 11912
Ассалому алайкум  Муҳтарам сайтимиз фойдаланувчилари диққатига. Сиз, азизлар учун эндиликда давоми...

14:24 / 28.02.2017 4574
Жаҳолат разолат омили         Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва давоми...

02:57 / 17.03.2017 5488