Хавфу ражо даражаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзида «Хавф афзалми ёки ражоми?» дея сўралади. Уламолар: «Бу каби савол нотўғри бўлиб, худди нон афзалми ёки сув, деганга ўхшайди», дейдилар. Бундай ҳолатда, албатта, очга нон, чанқаганга сув афзал, деган жавоб берилади. Агар иккиси жам бўлса, қай бири ғолиб эканига қаралади. Очлик ғолиб бўлса нон, чанқоқ ғолиб бўлса, сув афзал бўлади. Агар очлик ва чанқоқ баробар бўлса, нон ва сув иккиси ҳам баробар бўлади.

Хавфу ражо қалб хасталиклари учун икки даводир. Уларнинг фазли ҳам мавжуд дардга қараб бўлади. Агар қалбга ғолиб бўлиб турган нарса Аллоҳ таолонинг макридан омонлик ғурури дарди бўлса, унга хавф дориси афзал бўлади. Агар қалбдаги дард Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумидлик ёки маъсиятга ружу қўйиш дарди бўлса, унга ражо давоси муносиб бўлади. Умуман, бу каби масалаларда «афзал» сўзини ишлатишнинг ўзи ҳам дуруст эмас. Унинг ўрнига «муносиб» сўзини ишлатиш яхши бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамларнинг кўпчилиги учун ражодан кўра хавф муносиброқдир. Чунки уларнинг ичида маъсият ғолиброқдир. Ташқи ва ички, махфий ва ошкор гуноҳларни тарк қилган тақводор учун хавфу ражоси баробар бўлгани муносиб. Шунинг учун ҳам мўминнинг хавфи ва ражоси тортиб кўрилса, иккиси баробар келади, дейилган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фарзандларидан бирига: «Болагинам! Аллоҳ таолодан шундай хавф қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча ҳасанотларини олиб борганингда ҳам уларни сендан қабул қилмаслиги мумкин, деб билгин. Аллоҳ таолога шундай ражо қилгинки, агар сен Унинг ҳузурига ер аҳлининг барча гуноҳларини олиб борганингда ҳам уларни сендан мағфират қилади, деб билгин», деганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Агар «Бир кишидан бошқа ҳамма одамлар дўзахга кирсин!» деган нидо қилинса, албатта, ўша одам мен бўлсам керак, деган ражони қиламан. Агар «Бир кишидан бошқа ҳамма одамлар жаннатга кирсин!» деган нидо бўлса, ўша одам мен бўлсам керак, деган хавфда бўламан», деганлар.

Лекин ҳозирда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даражасидаги одамлар қани? Ҳозирги замоннинг одамлари учун хавф муносибдир. Шарти шулки, мазкур хавф ўз эгасини ноумидлик, мағфиратни орзу қилмаслик руҳиятига солиб, амални тарк қилиш даражасига олиб бормасин. Бундай ҳолат ўз эгасини шаръий амалларни қилмасликка ва маъсиятларни тап тортмай қилишга олиб боради. Бу эса хавф эмас, балки умидсизликдир.

Хавф эса амалга чорловчи, шаҳватларни жиловловчи, қалбни дунёга берилишдан қайтарувчи ва алдамчи ғурурни тарк қилишга чақирувчи кучдир. Ўлимга кўзи етгунча бўлган даврда хавфнинг ғолиб бўлиши муносибдир. Ўлимга кўзи етгандан кейин эса ражо ва яхши гумон муносибдир. Чунки хавф амалга боис бўладиган қамчи каби нарсадир. Ўлим келгандан кейин амалнинг вақти тугайди. Бу пайтдаги хавф қалбга зарар қилади.

Аммо ражо руҳи унинг қалбига қувват беради ва умид қилаётган Роббига бўлган муҳаббатини кучлантиради. Аллоҳ таолога муҳаббат қилган ҳолда бу дунёни тарк қилиш улкан саодатдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин: «Сиздан бирортангиз Роббисига яхши гумонда бўлмасдан ўлмасин!» деганларини эшитдим».

Муслим ривоят қилган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлими олдидан ўғлига: «Менга ражо ва яхши гумон ҳақидаги хабарларни зикр қил», деганлар.

Сулаймон Таймий ўлими олдидан ўғлига: «Болагинам! Менга рухсатлар ҳақида гапир! Менга ражони зикр қил! Токим Роббимга яхши гумон қилган ҳолимда рўбарў бўлай», деган.

Мавзуга оид мақолалар
Бировнинг шахсиятидан нусха кўчириш одатда ўша шахснинг обрўсини тўкиш, унга зарар етказиш, у орқали ўз давоми...

16:41 / 21.05.2019 3051
  gallery columns2 linkfile sizemedium ids15424,15426,15427,15428 orderbyrand Керакли маҳсулотлар 4та тухум Турли хил кўкатлар Пишлоқ Оқ ва давоми...

11:59 / 04.03.2017 5406
Сўнгги пайтларда аёллар билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар ҳақидаги хабарлар тезтез қулоғимизга чалинмоқда. давоми...

22:21 / 28.04.2021 9377
ТАҚДИМ Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл Алишер НАВОИЙ   Олимларнинг давоми...

17:11 / 23.03.2017 3633