Қорни тўқларга таклифнома
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Одатга кўра, меҳмондўст халқимиз бошқа ойларда бўлгани каби, бу муборак ойда ҳам меҳмон кутгиси келади. Кутганда ҳам шу ойнинг ҳурмати учун, савобини яна кўпроқ бўлишини аввалдан билгани учун бошқа ойларгада нисбатан яхшироқ кутгиси келади. Шунинг учунмикин, оддий гап-гаштаклардан  фарқли ўлароқ ифторлик дастурхонларида хонтахталар «синаман» дейди. Одатда уч хил таом тортилса(иссиқ газак: яъни сомса, блинчик, варақи кабилар ва салатлардан ташқари), негадир овқат кам танаввул қилиниши керак бўлган ойда 5 хил, баъзан 6 хил ҳам таом тортилади. Ифторликка  деб энг сара маҳсулотлар харид қилинади. Тахминан, 30 киши меҳмонга келиши кутилаётган бўлса, 60 кишига мўлжаллаб бозор қилинади.

Айтганча, дастурхон ва ундаги ноз неъматлар таърифига берилиб кетиб, мақолада айтмоқчи бўлганимиз асосий нарса: меҳмонлар рўйхатини унутай дебмиз. Ўзи аслида шундан бошлашимиз керак эди. Чунки меҳмонсиз ифторлик ифторликми? Рўйхат тузмасдан эса кимни чақиришни, нечта одам келишини билолмаймиз. Катта ҳовли эгаларини билмадим-у, кўп қаватли уйларда турадиганларга бу масалада жуда қийин бўлади. Чунки чақирмоқчи бўлганлари 40 киши бўлса ҳам, 20 тадан ортиқ одам кутишолмайди. Мана, бизда ҳам,  тахминан, 20 кишини кутишга имкон бор. Хўш, келинг, рўйхатни тузишни бошлаймиз. Кимларни чақирсак экан? 1 рақамини бўяб ёзамиз-у, энг биринчи бўлиб икки йўлак нарида турадиган ёлғиз кексани чақириш керак, шунинг исмини биринчи бўлиб ёзамиз. Тўғрида, ахир ифторлик, бу – эҳсон дегани. Эҳсонни эса мухтожларга берилади. Бир косагина овқату икки оғиз ширин сўз билан ифторлик баҳона шу инсоннинг кўнглини олсак, нур устига аъло нур. 2-рақам. Ўзимизнинг подъезддан, 5 болали, қўли калтароқ оила бор. Ўзини ҳам чақираман, болаларига ҳам бирон нима тугиб бераман. Савоб қилсанг, охиригача қил дейишган ахир. Хўш, 3-рақам. Яна танишлардан бирор эҳтиёжманд кишини эслшга ҳаракат қиламиз. Ҳа, шунақалар бор. Тахминан, 5 киши экан. Демак жами 7 та бўлишди. Энди узоқ яқин қариндошлардан эслайлик-чи! 7 қизи билан эридан бева қолган қариндошимиз бор. Жуда қийналган. Шуларни чақирамиз. Жами 8 та бўлиб келишсин. Балки, кимдир закотини ҳам уларга берар. Савобга қолади. Хўш, 15 та бўлди. Яна 5 кишини топиш керак. Буни қаранг, қўли калтароқ одамни ҳам топиш бир оз қийин бўлиб қолибди. Майли, қолган 5 кишига энг яқин қариндошларни чақирамиз: опам, синглим, учта келинойим. Ва ниҳоят, рўйхат тайёр. Энди чақирсак ҳам бўлаверади. Айтганча опамнинг кечагина узатилган қизини ҳали чақирмагандим. Рўйхатдан икки кишини ўчириб, жияним билан қайнонасини ёзиб қўяман. Биратўла чаллавораман. Тўғрида, ҳозир иқтисод қиладиган давр. Алоҳида яна қачон меҳмон кутаман. Вой, уни чақирсам, иккита акамнинг битта келини ва иккитадан қизларини ҳам кутишим керак. Бирини айтсам, бири қолиб кетса, кўнгли оғрийди. Хўш, жами 6 киши. Шунда 7 та мухтожлардан, 13 та ўзимизникилар.

Вой, айтганча қайнонам тарафни унутибман-ку! «Нуқул ўзингизнинг тарафдагиларни айтасиз», деб ҳафа бўладилар. Тўғрида, яхшиси рўйхатга қайнонамни, қайнисинглимни, унинг қайнонасини(ахир айтмасак, эшитса, ҳафа бўлади), иккита овсинимни ҳам чақирадиган бўлдим. Хўўўўўш! Рўйхат бузилиб кетди-ку! Чақирмоқчи бўлганларимга 2 тагина жой қолибди, холос. Бу жой ҳам ўзи аслида заҳира сифатида қолгани дуруст. Чалланадиган жиянлардан бирортаси овсиними, қайнисинглисими билан келиб қолса, шарманда бўлмай.

Нима ҳам дердим, бўлганча. Ахир ҳаммаси ниятга боғлиқ. Мен аслида кўнгли яримларнинг кўнглини олмоқчи эдим, аммо қорни тўқларда ҳам кўнгил бор-да. Ифтордан кейинги кунлар турфа гап сўзлардан иборат бўлмаслиги учун ҳозирча уларни чақириб турамиз. Кейинги ҳаёт-чи, эҳсон-чи дейсизми? Худо хоҳласа, бир гап бўлар.....

Мен ҳозир олиб келинадиган маҳсулотлар рўйхатини тузишим керак. Қилинадиган овқатлар,  қариндошларга бўлинадиган тоғоралар. Ўзимда йўқ асл идишларни кимдандир олиб туриш лозим. Опаларим билан гаплашиб кўрай-чи. Ҳозир ҳатто сара меваларни ҳам прокатга олса бўлади дейишётганди. Телефонини топиб, гаплашиш керак. Хуллас, ҳозирча узр, роса ишим кўп...

Умму  Муҳаммад Билол

Мавзуга оид мақолалар
Ахлоқбузар сериаллар Яқин йиллар ичида ойнаи жаҳонни, деярли, бутунлай эгаллаб келаётган турли хил давоми...

15:06 / 01.12.2016 5109
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Албатта, Аллоҳ ҳамда унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй давоми...

10:19 / 26.02.2017 4975
embedhttpswww.youtube.comwatchvDJ7SzPwXZoembed

10:06 / 09.03.2018 5224
 Бу қиссани мулоҳаза қилиб кўринг  Эрхотин янги уйга кўчиб ўтишди. Кунларнинг бирида  нонушта қилиб давоми...

20:59 / 02.02.2017 5549