Исломда аёлларнинг ҳуқуқи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Турли сабабларга кўра, аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отишнинг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллар масаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжар», деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.

Албатта, бизнинг бу масалага ортиқча тўхташга имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериши қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса яна мавзунинг сиёқига биноан, баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи эмас, деб ўйлаймиз.

 Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди. Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин деб, қизни тириклайин кўмиб юборар эди.

Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса, ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга нисбатан кўп ваъдалар қилинди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларию қийинликларга сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳмати туфайли жаннатга киритур», дедилар.

Бир киши: – Иккита бўлса-чи? Эй Аллоҳнинг Расули?, деб сўради. – Иккита бўлса ҳам, дедилар.

Бир киши: – Биттта бўлса-чи? Эй Аллоҳнинг Расули?, деб сўради. – Битта бўлса ҳам, дедилар».

Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда яшаб, ўсиши учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси ака ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.

Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизлари ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ҳаммамиз ҳам ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини билмасак керак.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у анга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан. Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб қилганлар ва уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.

Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳаққига ҳам эгадир.

Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.

Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши қуйидагиларни айтдилар: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб менга: «Сен бунга худди ёзишни ўргатганингдек, намила дамини ҳам ўргатмайсанми?» ,дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди. Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.

Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар! Агар у бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, У Зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.

Шунда бир аёл ўрнидан туриб: «Эй Умар! Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)лардан бирига қинтор – чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!», деди. Хутбаси бу шаклда кесилган халифа: «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олдилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача биров аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундоқ иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 6-ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар.

Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб, туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимир этиб қўймади.

У Зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеъани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундоқ ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар. Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар: «Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари, айтган амрингиз бўлишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар. Шундоқ қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди. Аллоҳнинг Пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина Ислом умматидан чиқиши мумкин. Энди муслима аёлнинг нидосини Аллоҳ эшитиб, фикрини тасдиқлаганини ўрганиб чиқайлик. Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига, сен менга онамнинг белидек ҳаромсан, деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қолар эди.

Кунларнинг бирида Хавла бинти Саълаба исмли аёлни унинг эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра Авс аччиғидан тушгач, надомат қилди ва хотинига, энди сен менга ҳаром бўлган бўлсанг керак, деди. Хавла бўлса Аллоҳга қасамки, бу – талоқ эмас, деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У Зотнинг олдиларига келиб:

— Эй, Аллоҳнинг Расули! Эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақлу ҳушлик пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?, деди. — Унга ҳаром бўлибсан, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. — Сизга Қуръонни туширган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У – менинг боламнинг отаси, энг севимли кишим-ку, ахир?! деди Хавла. — Унга ҳаром бўлибсан, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. — Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим, деди Хавла. — Унга ҳаром бўлибсан, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва «Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ», деб қўшиб қўйдилар. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди. Қачон у Зот алайҳиссалом, «Сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Хавла, «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан», дер эди. Ушбу тортишув чоғида Хавла бинти Саълаба: — Ахир, менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар, дер ва бошини осмонга кўтариб: —Эй бор Худоё! Ўзингга ёлбораман. Эй бор Худоё! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир», дер эди.

Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да: «Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди», дедилар ва қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар: «Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ва хоҳлангки, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувларингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир» («Мужодала» сураси, 1-оят).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр кафорат бериб, хотини билан ярашса мумкинлиги баён қилинган эди. Мана, ўн тўрт асрки, ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шариат қонуни сифатида амал қилинмоқда. Қиёматгача шундоқ бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон оятлари тушиши аёл зотининг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳам ҳамасрлари яхши билганлар.

Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни бомдод намозидан давоми...

00:44 / 27.06.2023 1629
Халқ табобати Шарқда минг йиллардан буён одамларни табиблар даволаб келишади. давоми...

11:57 / 25.11.2016 12121
 Тарбиячини муваффақиятга элтувчи сифатлардан бири раҳим меҳрибонликдир. Демак, меҳрибон отагина тарбияда давоми...

18:03 / 17.01.2017 3910
Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради, дейишади. Тиришқоқ, солиҳа, муслима аёллар яхши, тақводор авлодни давоми...

16:34 / 25.01.2019 3658