Энди Рамазонлар Сизсиз келади, Ҳазратим!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 
[gallery link="file" size="medium" ids="8086,6057,5915,5809,5808,5807,5806,5804,5571,6241,6256,6193,6100,6171"]
Ҳазратсиз Рамазон!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Бизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон кечаларини бедор ўтказишни бизга суннат қилган Расули aкрам соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин!»

Бу сўзлар ҳар йили Рамазон ойининг кечаларида масжидлардаги илмий-маърифий суҳбатларда Шайх ҳазратлари томонидан янграр эди. Энди биз бу сўзларни жонли эшитиш бахтидан маҳруммиз, чунки уларни дилларимизга сингдириб келган Ҳазратимиз йўқлар.

Рамазон – ойларнинг султони. У нафақат биз мусулмонлар учун, балки бутун инсоният учун энг афзал ойдир. Бу ойнинг улуғлиги ҳақида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб маълумотлар келган. Шу билан бирга, бу ойнинг файзига файз, виқорига виқор қўшиб турадиган Ҳазратимиз ҳам бор эдилар. Афсуски, бу йил бу фазилат йўқ.

Тан олишимиз керак, Рамазон ойининг қанчалар муқаддас ва хайр-баракага тўла ой эканини яхши билмасдик. Ҳазратнинг китобларини ўқиб, маърузаларини эшитгачгина, бу ой биз ўйлагандан анча буюк эканини билдик, ҳис қилдик. Айниқса, Ҳазратнинг таровеҳ намозларида қиладиган илмий суҳбатлари Рамазоннинг шукуҳини яна‑да орттирар эди. У киши ҳамиша жамоатни руҳлантириб турардилар. Одамларда ёзнинг жазирамасида, йилнинг энг узун кунларида, 40–45 даража иссиқда шавқу завқ билан рўза тутишга иштиёқ уйғота олардилар. Биргина «Тутган рўзаларимиз бизларни қўлимиздан тутиб, «Райён» деган эшикдан жаннатга олиб кирсин!» деган дуоларининг ўзиёқ эндигина рўза тутишни бошлаган одамнинг ҳам бу ибодатга бўлган рағбатини ошириб, ёзнинг иссиғию, ташналик машаққатини унуттириб юборар эди.

Ҳа, Ҳазратим! Энди Рамазонлар сизсиз келади. Энди таровеҳлар сизсиз ўқилади. Энди миллион марта соғинсак‑да, дийдорингизни бизга туҳфа этадиган суҳбатларингиз йўқ! Ҳеч кимни, ҳеч бир соҳани қўймай қамраб оладиган, ҳаммани дилдан йиғлатадиган дуоларингиз йўқ!

Ҳазратим, бу гаплар маддоҳлик эмас. Зотан, маддоҳлик мадҳ қилинаётган шахс тарафидан ниманидир умид қилиш билан кечади. Бизнинг эса ҳеч нарсадан умидимиз йўқ. Биз Сизда бор фазилатларни эсга олмоқдамиз, файзингизни васф этмоқдамиз, холос. Бу ҳам бўлса, Сизни соғинганимиздан, қадрингиз ўтганиданир.

Азиз Ҳазратим! Мубашшир Аҳмад жаноблари айтганларидек, Сиз дунёмизга бир келиб-кетдингиз. Бу гапнинг тагида улкан ҳақиқат ётибди. Сизнинг бошқа қилган ишларингизни бир четга қўйиб туриб, нурли сиймойингизга термулиб туриб ҳам англаб олса бўладики, Сиз дунё ишларига шўнғиган биз ношудларнинг ичимизга бир келиб, динимиз таълимотларини етказиб, яна қайтиб кетдингиз.

Азиз Ҳазратим! Жигаргўшангиз Оминахон айтганларидек, Сиз бутун мусулмон умматини етим қилиб кетдингиз.

Азиз Ҳазратим! Дилбандингиз Одинахон каби биз ҳам Сизга алвидо демаймиз, чунки биз ҳам охират диёрида Сиз билан учрашиш умидидамиз.

Мен ҳар доим яқин танишларимга: «Биз ҳали қиёматда Ҳазрат хусусида ҳам сўраламиз: у кишининг илмларидан қанчалар фойдаландик, қанчалар амал қилдик, асарларини ўқидикми, йўқми – ҳамма‑ҳаммасидан сўраламиз», дер эдим. Бу гапни ҳозир ҳам айтаман.

Бундан кейин Рамазонда бўладиган хатми Қуръонлар Сизга бағишланади, иншааллоҳ. Зеро, Сиз бунга хақлисиз. Ҳар намоздан сўнг, ифтор олдидан дуолар тўхтовсиз қабул бўладиган онларда ҳаққингизга дуолар қиламиз, албатта.

Дарвоқеа, яқинда ўғил кўрдим. Яхши ният билан унга Сизнинг муборак исмингизни қўйдим. Буни анчадан буён орзу қилиб юрардим. Оиламизда биров шу исмни қўйиб олмаса‑да, деган хавотирим ҳам бор эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, оилада бу исм менинг ўғилчамга насиб қилди, уни Муҳаммад Содиқ деб атадик. Аллоҳим Сиздек Муҳаммад Содиқларни кўпайтирсин ва уларни тарбиялашда бизга ҳам отангиз Муҳаммад Юсуфга бергандек ҳиммат ато этсин.

Энди Рамазонлар Сизсиз келади, Ҳазратим!

Иброҳимов Орифжон

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид таҳрири

Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси лафз жиҳатидан ҳам, маъно жиҳатидан ҳам, аҳкому ахбор давоми...

03:00 / 18.01.2020 3337
Жумъа, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир. Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат давоми...

14:27 / 29.10.2016 3281
ЭЪЛОН ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИРОАТИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА ЎТКАЗИЛАДИ Азиз муслималар Юртимизда муҳтарам давоми...

13:09 / 10.01.2018 4265
Дилфуза КОМИЛ ДЎЗАХИЙ ХАТАР ёхуд АБАДИЙ ҲАСРАТ Сиз ҳеч одам гўшти еганмисиз агар шундай савол давоми...

21:00 / 31.12.2019 2538