Аёлларнинг маънавий ҳуқуқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Кишининг иймондан кейинги хайрияти ва бахтиёрлиги – дунёда яхши хотинга эга бўлишлигидир »(Ҳадис).

Жамиятни ислоҳ қилиш, инсонга бахт-саодат йўлларини кўрсатиш барча самовий динларнинг асосини ташкил этади. Тарихдан маълумки, жамият тараққиёти даврида юксак мақомларга етган ва чуқур таназзулга юз тутган замонлар бўлган. Ҳар бир дин жамиятдаги бидъат, хурофот ва хилма-хил хасталикларга қарши чоралар кўрган. Ислом дини ҳам нозил бўлган вақтиданоқ ижтимоий ҳаётда, оилада, давлатчиликда ҳукм сурган чиркин урф-одатларга қарши илоҳий муолажасини бошлади. Шу ўринда биз кўпчиликка маълум бўлган ҳақиқатни яна бир бор эслатиб ўтмоқдамиз.

Аллоҳнинг башарга биринчи каломи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларининг боши, Қуръоннинг илк амри «Иқроъ» («Ўқи») деган калом бўлди. Бу амр, албатта, аёлларга ҳам тегишли эди. Исломга кўра аёл ва эркак бир бутуннинг икки парчаси кабидир. Бир-бирларини тўлдирадилар. Чунки ҳадиси шарифда айтилганки: «Аёллар эркакларнинг (тўлдирувчи) парчасидир». Исломга кўра, аёл ҳам эркак каби диндор бўлишга, ибодат қилишга ҳақли ва буюрилгандир. Қиладиган амалига қараб мукофотланади ёки жазоланади. Жинсият фарқи савобининг кам бўлишига сабаб эмас. Қуръон аёл ва эркакнинг тенглигини эълон қилди, ундаги фарзлар эркагу аёлларга баробар нозил қилинган.

Аммо улар орасида фақат аёлларга ва фақат эркакларга хос бўлган кўрсатмалар мавжуд. Масалан: ўраниш, ҳайз, эмизишга доир оятлар аёлларга хос бўлса, бир вақтнинг ўзида неча марта никоҳ мумкинлиги, маҳр, нафақа ва ҳоказолар эркакларгагина тегишли буйруқлардир. Қолган илоҳий буйруқлар, айтиб ўтганимиздек, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун баробардир.

Ислом дини аёлларга кенг ҳуқуқ ва ҳақлар берган. Мусулмон аёл қулчилик руҳидан озод бўлиши керак. Бунинг учун у ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини билиши ва талаб қила олиши керак. Ислом амрларига бўйсуниш, диний кўрсатмаларга амал қилиш эса илмсиз бўлмайди, илм унинг дебочасидир. Шунинг учун ҳам бу масалани биринчи ўринга қўйдик. Баъзи бир мусулмон эркаклар аёл киши намоз ўқишни билса, рўза тутса, шу – кифоя, унинг олийгоҳларда ўқиши шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. Бу – хато фикр. Аксинча, Исломни тўғри тушуниб амал қилган мўмин эркаклар, аввало, ўзлари илмли бўлганлари ёки илм олаётганлари ҳолда, аёлларнинг ҳам илм эгаллашларига ёрдамчи бўладилар. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, эркак ўзи жамиятда фаол ишлаб, онги ривожланиб кетаверса-ю, аёл уйда ўғлини ўзига ўхшатиб тарбияласа, ота ва ўғил орасида тафовут пайдо бўлиб қолмайдими? Келажак одамларини тор фикрли аёллар тарбияласа, жамият ривож топадими? Мусулмонлар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ўрнак ва ибрат экан, аёлларга бундай муносабат ва уларнинг илм олишларига мусулмон эркакнинг қаршилик кўрсатиши нотўғридир.

 Исломда иймондан кейинги фарзи айнлардан бири илм олишликдир (фарз – «бажарилиши шарт» деган маънони ҳам англатади). Аллоҳ таоло бандасини тафаккур қилиб, борлиққа қараб, таҳлил қилиб, Ўзини танишини хоҳлайди. Кўр-кўрона, тақлидий иймон келтиришликни хуш кўрмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илмни Чинда бўлса ҳам, бориб олинглар», деганлар. Ваҳоланки, ўша пайтда Чин (Хитой) бутлар ва бутпарастлар ўлкаси бўлган. Лекин улар бундай дейишга қўрқмадилар. Чунки борлиқда Аллоҳнинг қудратини намоён этиб турувчи сон-саноқсиз далилларни ақли билан таъаммул қилган инсон Унинг ваҳдониятига иймон келтиргач, Роббисига ширк келтирмайди, аксинча, ҳақ талабида бўлади.

 Ислом тарихида олима аёллар кўп ўтган. Қуръони Карим амри билан бошланган илм ва маданий фаолият тез суръат билан илгарилай бошлаган. Асри саодатда саҳобиялар ўртасида илмлари, зеҳнлари билан ажралиб турган аёллардан ҳазрати Оиша, Хафса, Умму Салама, Карима бинтул Миқдоя, Умму Гулсум бинти Уқба, Оиша бинт Саъд розияллоҳу анҳуларнинг номлари тарихда қолган. Улар Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини тушуниб олиб, одамларга етказардилар. Ҳадис китобларида ҳазрати Оиша, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён, Умму Адб, Асмо бинти Абу Бакр, Савдо бинти Замъа, Фотима бинти Қайс, Дурра бинт Абу Лаҳаб, София бинт Абдулмуттолиб, Зайнаб бинт Жаҳш, Маймуна бинт Хорис, Умму ҳарам бинт Милҳом, Умму Ферваларнинг номлари келтирилган.

Шубҳасиз, шариатнинг уч амал таянчи бор. Булар илм, амал, ихлос. Шу уч жуздан ҳар бири ҳақиқийлашса, шариат ҳақиқийлашади. Бир кишида бу уч жуз билан шариат вужудга келса, Аллоҳ розилиги қозонилган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳларида тўққиз нафар аёллари бўлган. Умуман, шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Исломда эркак кишига тўрттагача аёлга уйланишга рухсат берилишининг ижтимоий сабаблари мавжуд, эркакнинг табиий эҳтиёжи учунгина эмас. Қуръон эркак кишига тўрттагача никоҳни ҳалол қилар экан, унга аёллар ўртасида адолат қилишликни ҳам таъкидлайди. Албатта, бу осон иш эмас, шунинг учун бунинг савоби ҳам каттадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ниҳоятда яхши муомалали бўлганлар ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилганлар.

Бу ҳақда бир неча ҳадислар ривоят қилинган: «Мўминларнинг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир». «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз» .

Мавзуга оид мақолалар
Кундалик ҳаётимизда қўлланилаётган техника асбоблари ҳаётимиз мазмунига айланган. Уларсиз ташқи давоми...

19:19 / 06.10.2016 4534
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Тонга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн давоми...

21:24 / 18.06.2023 890
Менинг Рамазондаги режаларим Мен сизларга ҳар йилги Рамазонда амал қиладиган оддий бир давоми...

13:42 / 10.11.2016 4360
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Алҳамду лиллаҳи Роббил давоми...

10:03 / 23.02.2017 6984