Қуръон тушишининг бошланиши ва жамланиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган ваҳий бўлиб, у Зотдан бизларгача сон-саноқсиз кишилардан нақл орқали етиб келган ва самовий китобларнинг охиргиси ҳисобланади. «Ваҳий ўзи нима?» ва у Муҳаммад алайҳиссаломга қандай келганлиги билан танишиб чиқайлик.

Ваҳий Аллоҳ таолонинг ўз Пайғамбарига юборган диний кўрсатмаларидир.

Ваҳий фаришталар орқали юборилиши ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) воситасила бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тажрибаларида эса ваҳий қуйидагича кечган:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:

1. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди.

2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди.

3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.

4. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга одам шаклида бўлиб кўринар эдилар».

Шу тўғрисида «Саҳиҳ Бухорий» китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган:

«Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбаримиздан: «Ё Расулуллоҳ, Сизга ваҳий қандай келади?»– деб сўрабди. Шунда ул жаноб қуйидаги жавобни берибдилар: «Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан».

5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади.

6. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалломга Меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.

Кўринадики, ваҳий хилма-хил тарзда нозил бўлган.

Бироқ бу ҳодисага шубҳа билан қаровчилар кўп. Ҳатто Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётида юз берган ушбу ҳодисанинг ҳақиқий эканлигини тан олиш у ёқда турсин, айрим гумроҳлар буни «гастерия касаллигининг бир тури» деб талқин қиладилар ҳам. Гўёки Пайғамбаримиз гастерия хасталиги билан оғриганлар-у, биз «ваҳий» деб атаган нарса, аксари беморлик чоғида кечадиган жазава, босинқирашдан фарқ қилмас эмиш.

Бундай фикрнинг хато ва туҳмат эканлигини исботлаш қийин эмас. Зеро, гастерия касаллигида зўриқиш чоғида бемор инграйди, бақиради-чақиради, алмойи-алжойи ҳаракатлардан, пойинтар-сойинтар сўзлардан ўзини тўхтата олмайди. Касаллик хуружи қайтгач, бемор бояги «қилиқ»ларининг биронтасини эслаб қололмайди. Муҳаммад алайҳиссаломда эса бундай аломатлар мутлақо юз бермаган. Аксинча, у киши ваҳий дамларида аён бўлган жумла, ибора ва сўзларнигина эмас, балки ҳарфларигача, барча оҳанг ва талаффуздаги мусиқавийлиги билан ёд олиб қолганлар. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ваҳийнинг ҳақиқат эканлигига ўзида ишонч туғдира олмаган кишилар Қуръони Каримнинг нозил бўлиши илоҳий бир ҳодиса эканлигига ҳам Иймон келтира олмайдилар.

***

Макка. Хиро ғори. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ёлғиз ибодат қилмоқдалар. Шу чоқ «Иқро» сурасининг айрим оятлари нозил бўла бошлади. Бу – Қуръони Карим тушишининг аввали эди! Қуръон шу тариқа Аллоҳ таоло томонидан ўз бандаларига нозил этила бошланди. Таъбир жоиз бўлса, Қуръони Каримнинг тушиши 23 йил мобайнида давом этди.

Қуръон суралардан иборат. Сура Қуръони Каримнинг бир бўлаги, у уч ёки ундан ортиқ оятни ўз ичига олади.

Қуръони Каримда 114 сура бўлиб, ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг аталиши унинг дастлабки сўзларидан олинган. Айримлариники эса мазкур сурада кўпроқ зикр этилган нарсаларнинг номига қўйилган.

Қуръон суралари икки қисмга бўлинади:

1. Пайғамбаримизнинг ҳижрат қилишларидан муқаддам тушган суралар («Маккий суралар», яъни «Маккада тушган суралар» дейилади).

2. Ҳижратдан сўнг тушган суралар («Маданий суралар», яъни Мадийнада нозил бўлган суралар). Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар. У киши Қуръон оятларини фариштадан эшитиб, ёд олганлар ва шундан сўнггина мусулмонлар учун ўқиб эшиттирганлар. Ўша кезларда саводли кишилар кам бўлганидан, ёзиш воситалари тақчиллигидан кишилар ваҳийни – Қуръони Каримнинг илк оятларини ёд ола бошлаганлар. Хат-саводни эгаллаган Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб сингари зотлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларида хурмо пўстлоғига, япалоқ-ясси тошларга, ҳайвон суяги ёхуд терига Қуръон сўзларини қайд этиб борганлар. Пайғамбаримиз ҳар бир янги оятнинг қайси сурага тааллуқли эканлигини ва ўрнини дастлабки Ислом мирзаларига тушунтириб берганлар.

Қуръон суралари шу тариқа 23 йил асносида ёд олинган ва хатга битилган.

***

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида «Яна ваҳий тушиб қолар» деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. У Зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида сақланиб қолди. Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. Бу кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид кетдилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклида жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни бердилар. Аввал бошда Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръони Каримни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит номли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширдилар. Чунки Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръони Каримни ниҳоятда яхши ёд олган ва уни Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръони Каримни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эдилар.

Шундай қилиб, Зайд ва Умар розияллоҳу анҳумолар машаққатли уринишлардан кейин Қуръони Каримни кийик терисидан бўлган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва боғлаб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйида сақлаб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хотинлари Ҳафса онамиз ихтиёрларида қолди. Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилгач, Қуръони Каримни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамиздан Абу Бакр розияллоҳу анҳу давридаги саҳифаларни сўраб олиб, 6 нусха кўчиришга буйруқ бердилар. Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага Қуръони Каримни фақат шу нусхадан кўчириш ва шу қоридан қироатни ўрганиш бўйича буйруқ бердилар. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга, Ислом уммати Қуръони Каримга эътибор берганидек, аҳамият берган эмас. Юқорида баён этганимиздек, биринчи оятлар тушган вақтдан бошлабоқ, аввало, Пайғамбаримиз ёдлар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар.

Бошқа муқаддас китоблар сингари Қуръон махсус бир тоифа кишилар қўлида сақланмади. Бу ҳолат эса, Қуръонга ҳар ким истаганича ўзгартириш киритган, деган фаразларни истисно этади. Зеро, Қуръон омманинг кўз ўнгида, шоҳидлигида тушганидан сўнг ҳам доимо омманинг наздида бўлди. Турмушдаги барча чигалликлар, маслаҳату ҳукмлар Қуръон кўрсатмаларига асосан чиқарилди. Қуръон мусулмонларнинг диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида ягона қўлланмага, доимий йўлбошчига айланди.

Хулоса келиб чиқадики, Қуръон кимларнингдир хоҳиш-истагига кўра ўзгартирилган ёки ўзгартиш киритилаверадиган китоб эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга йўл қўймасликни ушбу сўзларида таъкидлагандир:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

«Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» («Ҳижр» сураси, 9-оят).

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на узун қоматли ва на паст бўйли эдилар, балки ўрта қадлик, жисмлари давоми...

20:48 / 20.01.2017 4372
Эҳтимол, бугунги кун муборак Рамазон ойининг охирги кунидир. Ҳар йили ушбу муборак ойнинг охирига етиб давоми...

11:02 / 10.02.2017 4773
Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари ҳар он инсонларга бериб турилади. У неъматлар шунчалик кўпки, уларни санаб давоми...

14:43 / 27.12.2016 3370
Абул Ҳасан Али Ҳасаний Надавий 19131999 Исломнинг забардаст олимларидан бири, етук мутафаккир, тарихчи бўлиб, давоми...

07:05 / 02.01.2017 7456