Рабиъус соний ойларида юз берган тарихий воқеалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 3 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 624 йил сентябрь-октябрь) – Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун катта қўшин тўплаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етиб келгани заҳоти (ёки Қурайш карвонини кўзлаб), у Зот уч юз жангчидан ташкил топган лашкар билан Мадинанинг жанубий тарафидаги Буҳрон деган жойга бордилар (лекин жангсиз кейинги ойда Мадинага қайтиб келдилар. Бу юришга Буҳрон ғазоти дейилади).

 Ҳижрий 4 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 625 йил сентябрь-октябрь) – Ғатафон қабиласининг Бану Муҳориб ва Бану Саълаба уруғларидан ташкил топган саҳройи араблар бир жойга йиғилишаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар келганида, бу тошбағир ва тўпори бадавийларнинг дилларига қўрқув солиш мақсадида Нажд даштлари оша улар устига тезлик билан юриш қилдилар (қароқчилик ва босқинчиликни ўзларига касб қилиб олган бу бадавийлар мусулмонларнинг келаётгани хабарини эшитиб, қўрқиб, тоғларнинг тепаларига чиқиб кетишди. Шундай қилиб, мусулмонлар бу босқинчи қабилаларнинг попукларини пасайтириб, дилларига қўрқув солиб қўйишди ва жумодул аввал ойида Мадинага соғ-омон қайтиб келишди. Бу юришга Нажд ғазоти дейилади).

Ҳижрий 6 йил, Рабиъус соний ойи (ёки Рабиъул аввал ойи / мил. 627 йил июль-август ёки август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уккоша ибн Миҳсан розияллоҳу анҳу бошчилигида қирқ нафар саҳобани Ғамр номли сув атрофида жойлашган Бану Асад қабиласига юбордилар (бу юришга Уккоша ибн Миҳсан сарияси дейилади);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу бошчилигида ўн кишилик сарияни Бану Саълаба диёридаги Зулқасса деган жойга юбордилар (у ерга етиб борганларида душман улар учун юз кишилик пистирма тайёрлаб қўйган экан. Мусулмонлар уйқуга кетганда пистирмадагилар тўсатдан ҳамла қилиб, уларни ўлдириб кетишди, фақат битта Муҳаммад ибн Маслама яраланган ҳолда тирик қолди. Бу юришга Муҳаммад ибн Маслама сарияси дейилади).

Ҳижрий 6 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 627 йил август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама сариясида ўлдирилган саҳобаларнинг қасосини олиш учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида қирқ нафар саҳобани яна Зулқассага юбордилар (улар тунлари пиёда йўл юриб, тонг пайти Бану Саълаба қабиласига ҳужум қилдилар. Душман тоғларга қочиб чиқиб кетди. Мусулмонлар фақат бир кишини қўлга олишди ва у мусулмон бўлди. Бу юришга Абу Убайда ибн Жарроҳ сарияси дейилади);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигида бир сарияни Марруз-заҳрондаги Жамум суви атрофида жойлашган Бану Сулайм қабиласи устига юбордилар (бу юришга Зайд ибн Ҳориса сарияси дейилади).

Ҳижрий 9 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 630 йил июль-август) – Рум шоҳи Қайсар Муъта жангидан бир йил ҳам ўтмай, мусулмонлар енгиб бўлмас катта қудратга айланмасларидан туриб, уларни батамом тор-мор қилишга аҳд қилди, ҳамда румликлар, уларга тобе бўлган Ғассон ва бошқа араб қабилалари иштирокида жуда катта қўшин ҳозирлаб, катта урушга тайёрлана бошлади;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак урушга тайёргарлик қилиш мақсадида аёлларидан бир ой давомида ийло қилдилар (яъни уларга яқинлашмасликка қасам ичдилар) ва улардан четланиб, бир ҳужрани маскан тутдилар;

– Шу кунларда мунофиқлар ўз фитна ва макр-ҳийлаларига ўчоқ бўлиши учун масжид суратида бир марказ барпо қилдилар (у Зирор яъни, мусулмонларга зарар етказиш масжиди эди. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрашди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушга тайёргарлик қилиш билан банд бўлганлари учун у ерда намоз ўқишни кейинга сурдилар).

Ҳижрий 18 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 639 йил апрель) – ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Шом мамлакатидаги мусулмонларнинг аҳволидан хабар олиб келиш мақсадида Мадинадан саҳобалар билан йўлга чиқдилар (Шом чегарасидаги Сарғ қишлоғига етганида, Шомда ўлат тарқагани ҳақида хабар етиб келди ва Шомга кирмасдан ортларига қайтишди. Ўша ўлат сабабли, Шомда 25-30 минг нафар мусулмон вафот этган. Ўлганлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Язид ибн Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амр сингари машҳур саҳобалар ҳам бор эди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, шаҳар аҳолисини тоғли ҳудудларга кўчиришни буюради. Чунки ўлат тоғ аҳолиси орасида тарқалмас экан. Шу сабаб, қолган халқ ўлимдан сақланиб қолган. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).

Ҳижрий 368 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 978 йил ноябрь) – саҳобалар ҳақида ёзилган «Ал-истийъоб фи маърифатил асҳоб» китоби муаллифи Абу Умар ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ жума куни имом минбарда хутба ўқиётганида туғилди.

Ҳижрий 491 йил, Рабиъус соний ойи (мил. 1098 йил март) – Салб урушлари бошланди.

Ҳижрий 1252 йил, 21 Рабиус соний (мил. 1836 йил 4 август) – машҳур «Раддул муҳтор» китоби муаллифи ҳанафий уламоларининг охирги муҳаққиқларидан Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ вафот этган.

Ҳижрий 1375 йил, Рабиус соний ойи (мил. 1955 йил ноябрь-декабрь) – Саудия давлати ўз тарихида Масжиди Ҳаромни илк бор кенгайтириш ишларини бошлади.

Ҳижрий 1420 йил, Рабиус соний ойи (мил. 1999 йил июль-август) – машҳур «Мабоҳис фи улумил Қуръон» китоби муаллифи шайх Манноъ Қаттон вафот этди...

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

 
Мавзуга оид мақолалар
АЁЛЛАР УЧУН РАМАЗОН НАСИҲАТЛАРИ Муслима опасингиллар Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ давоми...

17:01 / 05.03.2017 4277
Бир ой тўла рўза тутгандан кейин танангизда нималар содир бўлишини биласизмиБаданингиздан саксон фоиз давоми...

21:01 / 08.04.2023 1641
XV аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил Рамазон ойининг 17куни 1441 давоми...

19:01 / 01.02.2017 7533
Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят ходимлари Сизларни ва юртимизнинг барча муслим ва муслималарини давоми...

11:05 / 13.12.2018 3725