Охиратга қолган дийдор
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery link="file" ids="6023,5960,5959,5951,5871,5868,5806,5807"]

  Аллоҳ! Аллоҳ! Қанчалар оғир  мусибатга учради диним, халқим. Диним! Шохларингдан бир шох синди! Ўзбегим! Фахринг, ифтихоринг бугун сени ташлаб кетди. Оҳ юрак, бунчалар бардошли бўлмасанг, нечун ёрилиб кетмадинг шундай мудҳиш хабарни эшитиб ҳам?! Одам боласи бунчалар бардошли экан. Аллоҳ сабрга буюргани учунгина чидаб турибмиз.

Аллоҳ! Аллоҳ! Инсоннинг жасадини лойдан яратиб, мўрт қилдинг-у, лекин унинг бардошини тоғлардан-да қаттиқ ва чидамли қилибсан. Сенинг буюклигинг қошида тиз чўкамиз, сажда қиламиз. Ё Раббий..! Сенга савол бера олмаймиз, қилган ишингни тафтиш қила олмаймиз, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Лекин  муштдек, бир сиқим юракларимизни қаттиқ синовга қўйдинг. Эзилиб кетди бу юрак. Дунё қанчалар кенг бўлмасин, юрак сиқилса, эзилса, ҳеч қаерга сиғмас экан инсон. Олам тўла ҳаво-ю, дилинг ёришмаса, жудоликка дучор бўлсанг, айрилиқ сени азоблаб турса, ҳаво етмагандек қийналар, бепоён курраи замин дўппидек тордек туюлар экан. Яхши ҳам сабрга ўргатган экансан, Роббим!

Ҳазратим! Ҳазратим... Сиз не‑не буюк ишларни қилдингиз‑а! Сиз динимизнинг мадори эдингиз, қалбимизнинг чироғи эдингиз. Халқимнинг шон‑шавкати, ғурур ва ифтихори эдингиз. Кутилмаганда айрилиқ етди. Оҳ, бу не мусибат бўлди! Ўзимизни нима деб, қандай юпатамиз? Ё вайлато!!! Китобларингизни варақлаганда: «Аллоҳ таоло сиз, азиз ўқувчиларни ҳам бу китобдан наф олишингизни ва бизнинг ҳаққимизга дуолар қилиб юришингизни насиб этсин! Омин!» деган сўзларингизни ўқиганда  қандай қилиб ўзимизни тутиб турамиз? Борингизда бу жумлаларга эътибор бермаган эканман. Энди айтинг, китобингизни ўқийликми ё йиғлайликми...? Ҳеч ҳам ишона олмайман сиздан ажралганимизга. Интернет саҳифаларида суратингизни кўрганимизда не ҳолга тушаётганимизни билсангиз эди... Оҳ! Бу не мусибат?! Ҳолатимни ёза олмайман ҳам.

   Ҳазратим! Сизни диндаги низолар адо қилдими? Пароканда умматнинг ҳаёти юрагингизни қисдими? Дунёдаги оч-наҳор, бева-бечораларнинг аҳволи юрагингизни тўлдириб юборгандир, балки? Сизни беодоблардан етган озорлар адо қилдими, ҳазрат? Бегуноҳ ўлдирилаётган мусулмонлар, портлатилаётган масжидлар юрагингизни емирдими, ҳазратим? Ҳа, сиз том маънода дин қайғусида эдингиз. Диндаги можаро-ю ташвишлар, ихтилофлар сизни қаритди. Ҳар сафар кўзларингизда ички бир изтиробни кўрардим, ҳазрат. Сизни асрай олмадикми, қадрингизни билмадикми, ҳазратим? Ҳамманинг ҳолига, кўнглига қарадингиз, сизнинг кўнглингизга қарай олмадикми, ҳазратим?

«Ҳозирги кунимизда мусулмон оламида содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, эшитиб, ўрганиб борар эканман, афсус-надомат чекиб, юрак-бағрим ўртанади. Бирин-кетин келаётган хабарлардан, мусулмон оламини ташвишга, ғам-ғуссага тўлдираётган мудҳиш ҳодисалардан ҳасратга тўламан» («Очиқ хат» китоби, 6‑бет ).

Ҳа, ҳазратим, бу сизнинг дил сўзларингиздир. Сизнинг юрагингизни дин изтироблари тўхтатди. Нақадар буюк ва шарафли хотима!

Ҳали-ҳануз ишонолмайман. Ё Раббим! Ўзинг сабр бер! Ҳазратимизнинг қабрларини Ўз каломинг нурлари ила мунаввар айла! Руҳларини бизлардан шод эт! Халқидан рози эт! Биз ул зоти муборакдан розимиз. Бизга – бутун миллат га бебаҳо хазиналар қолдириб кетдилар. То рўзи қиёматгача азиз номлари қалбларда қолажак! Китоблари ўқилар экан, савоблар доимийдир. Ҳазрат, ҳар бир хонадонда сизнинг китобларингиз бор. Улар қўлдан-қўлга ўтиб, ардоқланиб бораверади. Бу энг улуғ диний хизматдир, энг буюк омонатдир.

Тарих китобларини титкилаган одам охирги уч-тўрт аср ичида юз жилдлаб китоблар ёзган аллома чиқмаганини кўради. Ҳа, миллатлар сиз каби олим чиқишини асрлар кутади. Демак, сиздек улуғ зот билан ҳамнафас бўлганимиздан, дуоларингизни олганимиздан хар қанча фахрлансак, арзир экан.

Ҳа, ҳазратим, сизнинг ким эканингизни миллат сиздан кейин янада чуқурроқ тушуниб етди. Кимдан ажралганларини теранроқ англаб етдилар. Кошки, энди бунинг фойдаси бўлса!

Аллоҳим!  Дуоларимиздан устозимизга манфаат етказ! У кишини Фирдавс жаннатида висолинггга меҳмон қил! Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қўшни эт!

Ҳазратим, иншааллоҳ, сиз буюк хизматларингизнинг ажру савобларини ола бошладингиз, сиз учун роҳат-фароғат ҳаёти бошланди.

Инсон ниятини холис Аллоҳ учун қилса, муродига етар экан. 2005 йилларда шайх ҳазратларининг китобларига муҳаббат қўйган пайтларим у зоти муборакнинг дуоларини олиш ва  зиёратларини қилиб, суҳбатларига мушарраф бўлиш бахтини Аллоҳдан сўраб, ич-ичимдан тилаб юрар эдим.  Маҳалламизга бир укамизнинг никоҳ тўйларига келадиган бўлиб қолдилар. Ўша кеча ёмғир шаррос қуяр эди. Шайх ҳазратлари келдилар. Улуғлар қаторида бир чеккадан каминага ҳам жой тегиб қолди. Бир пайт ҳазратимизнинг ёнларида ўтирган имом-домламиз мени имлаб чақириб қолди. Мени буткул ҳаяжон қамраб олди. Уларнинг олдига тавозе ила бордим. Шунда домламиз: «Ҳазрат (машинадан) чиқаётиб, ҳўлни босиб олдилар, тезда пайпоқ топиб келмасангиз бўлмайди», деб қолди. Буни қарангки, бир кун олдин масжиддаги ҳужрамга битта янги пайпоқ олиб келиб қўйгандим. Ҳазратимизнинг пайпоқларининг ҳўл бўлиши-ю, менинг хонага янги пайпоқ келтириб қўйишим тасодифми ё мени ҳазратимизга боғловчи бир кароматми, билмадим. Балки, ниятим Аллоҳнинг наздида холислик касб этгандир. Анчадан бери ўғил кўрсам‑у, ҳазратимизнинг дуоларини олсам, деб юрардим. Ўша кунлари ўғиллик бўлган эдим. Домламиз шайх ҳазратларидан ўғлимнинг ҳаққига дуо сўрадилар, у киши жуда ҳам гўзал дуолар қилдилар. Бу тасодифми ё кароматми, билолмадим.

Сўнгги йилларда ҳазрат ҳар Рамазонда Андижонга келадиган бўлиб қолдилар. У кишини масжидга таклиф қила олмаётганимиздан ичим ачишиб юрарди. Бир биродаримизнинг фарзандининг никоҳ тўйига таклиф қилган эдик, қабул қилдилар. Тўйга келишларидан олдин: «Аср ўқигани масжидингизга кетяпмиз, қаердасиз?» деб телефон қилишлари тасодифми ё менинг ниятимнинг холислигими, яна билолмадим. Ёки бу фазилатли шайхимизга Аллоҳнинг билдиргани бўлдими?

Ҳазратим! Ҳар сафар Андижонга келганингизда Булоқбошига, ота ҳовлингизга зиёратга борардик. Дилдан самимий суҳбатлар қилардик. Шундай учрашувларнинг бирида бирга тушлик қилдик. Кун иссиқ эди, мен сизни елпиб турардим. Нурли сиймоингизга термулиб тўймасдим. Ўшанда сизнинг соғломлигингизни кўриб, таскин топган эдим. Ҳазратимиз ҳали ёшлар, ҳали узоқ йиллар насиҳатгўйимиз, дуогўйимиз бўладилар, деб хотиржамлик, кўнглимда илиқлик туйган эдим. Сиздан бундай тез ажраб қолиш кимнинг ҳаёлига келибди, устоз?! Лекин кўзларингизда яширин изтироб бор эди. Энди тушуниб етсам, бу дин қайғусидаги изтироблар экан.

Ҳазратим! Ўша мудҳиш сешанба куни юрагингиз хуруж қилишидан бир неча соат олдин сизни соғиниб, тинчлигингизни билиш учун укангиз Муҳаммад Амин ҳожи акамга қўнғироқ қилдим. У киши тинч эканингизни айтиб: «Апрель ойи ўрталарида Андижонга борадилар, иншааллоҳ», дедилар. Ўшанда роса хурсанд бўлдим. Тез кунларда дийдорлашиш қувончи мени чулғаб олган эди.  Икки кун олдин тушимга кирган эдингиз. Ёнимда ўтириб дуо қиляпсиз, фарзандим ҳам бирга. Бир неча сониялик ширин туш. Бу тушни мен сиз билан дийдор яқинлигига йўйдим. Не додки, дийдор охиратга қолди.

Ажаб, ўша куни шомдан сўнг ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Ҳеч қаеримда оғриқ йўғ-у, ўзим оғирлашиб борардим. Кўнглим нотинч бўла бошлади. Юрагим сиқиларди. Хуфтон намозини аранг ўқиб, ётиб олдим. Ҳаво етмагандек ҳадеб хўрсинардим. Ухлай олмадим. Соат чамаси 22:15 экан, ноибимиз телефон қилиб қолди. Телефонни олдим. У киши: «Ҳазратимизнинг юраги ҳуруж қилибди», деди. Мен шоша-пиша:  «Тузук эканларми», десам, у киши истиржо айтди. Тамом бўлдим. Ўшандаги аҳволимни ёзолмайман ҳам, ҳазратим! Қани эди буларнинг ҳаммаси туш бўлса. Ахир бир неча соат олдин укангиз билан гаплашганимда соғлигингиз яхши эканини айтган эди‑ку! У киши билан гаплашиб, сизнинг овозингизни эшитгандай бўлгандим, сиз билан гаплашгандай бўлгандим. Икки кун олдин кўрган тушимни дийдорга йўйгандим. Энди билсам, у видолашув дуоси экан. Не додки, ғафлатда қолибман. Ё Раббий! Бу не синов бўлди энди?! Не мусибат, не кулфат бўлди?!

Устоз, мени маъзур тутинг, жанозангизга бора олмадим. Юрагим шундай оғридики, вужудимда мажол қолмади. Ким сиз хақингизда сўраса, жавоб беролмай йиғлаб юборавердим. Ўшандан буён юракда оғриқ... Дилим изтиробда...

Вафотингиздан беш кун ўтганда сал ўзимга келиб, зиёратингизга бордим. Қабрингизга яқинлашмоқдаман‑у, оёғимдан қувват кетарди. Сизни асрай олмадик, қадрингизни билмадик, ҳазратим. Бизларни кечиринг!

Эй қалб! Кўзингни оч! Улуғларни ғанимат бил! Уларнинг ҳикмат хазиналаридан бенасиб қолма! Кўрдингми, ичимизда юрган «чинор»имиздан ажраб қолдик. Ғафлатда яшама! Олимларни эъзозла! Уларнинг хизматлари пайидан бўл, дуоларини ол! Энди ҳазрат кабиларни кўрасанми-йўқми, билмайман. Зотан, у кишидек улуғлар ҳадеб туғилавермайди. Аммо бор олимларни ғанимат бил!

Минг афсус... Дийдор охиратга қолди. Юрагимнинг тубига санчиқ ўрнашди...

Фарҳодбек Жўраев

Андижон шаҳар «Уйғур» жомеъ масжиди мутаваллиси.

25.03.15

Мавзуга оид мақолалар
Исломда ҳомиладорлик хусусидаги ҳукмлар ва тиб илми Савол Бугунги тиббиётга кўра ҳомила тўрт, беш, давоми...

14:05 / 24.11.2016 11014
 манба httpumma.newsbolshetynepropustishutrennyuyumolitvu  Тонг. Уйқунинг энг ширин пайти Ўриндан турмасдан яна озроқ тушлар давоми...

12:25 / 17.09.2018 4341
Муҳаммад Аҳмад 20 йил олдин  Сомалидан АҚШ га кўчиб ўтган. Ҳозирда ёқилғи қуйиш шаҳобчасидаги доимий ишидан давоми...

12:04 / 04.03.2017 8620