Эрон элчиси таъзия билдирди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery link="file" ids="5735,5736,5737,5738,5739,5742,5743,5744,5745,5746,5747,5748"]   2015 йил 16 март куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари муносабати билан Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Али Мардон Фард ҳамда элчихона маданият бўлимининг масъул ходими Муҳаммад Боқир Карамиён Нукободий, котиб Довуд Замониёнлар ташриф буюришди. Элчи жаноблари шайх ҳазратларининг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор этиб, шундай деди: «Буюк аллома фақатгина бир минтақа учун эмас, балки бутун жаҳон аҳли учун жуда ҳам эъзозли, ҳурматли эдилар. Бутун Ислом оламининг буюк мутафаккир олими вафот этганлиги муносабати билан у зотнинг оила аъзоларига, яқинларига, шогирдларига ва бутун Ислом аҳлига чуқур, самимий таъзиямни билдираман. Шайх ҳазратимизнинг бутун ҳаётлари барча мўмин-мусулмонлар учун Ислом динига хизматдан иборат бўлди. У кишининг ҳаёт йўллари барча мусулмонларга ҳар жиҳатдан ибрат бўлганлиги боис, ўйлайманки, у зотнинг жойлари муқаррар жаннатдир. Айниқса, ҳозирги ихтилофли даврда, баъзи бир гуруҳлар Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ана шу пок таълимотни, соф эътиқодни булғашга интилаётган бир вақтда бу зотнинг кишиларни ҳар жиҳатдан тўғри йўлга бошлаганликлари, ёзган китоблари, берган баёнотлари билан халқнинг, мусулмонларнинг ҳидоятига сабабчи бўлганликлари боис ҳам шайхимизнинг вафотлари ғам-андуҳимизни юз чандон оширди, қалбларимизни ларзага солди. Лекин Аллоҳ таолонинг иродаси, қисмат экан, бунинг олдида бандаси ожиздир. У кишининг фарзандларига, яқинларига, шогирдларига ушбу бошланган хайрли, улуғ ишларда Аллоҳ мададкор бўлишини тилаб қоламиз. Шайхимизнинг вафотлари барчамиз учун жуда катта жудоликдир, бу айрилиқ нафақат ўзбек халқини ёки ушбу минтақани ларзага солди, балки бизнинг юртимизда ҳам ҳасрат ва мотам кайфиятини уйғотди. Айниқса, юртимиз уламолари ҳамда илм аҳли бу хабардан ғоятда ташвишга тушиб, маҳзун бўлдилар. Юртимизда ҳам уларни хотирлаб маросимлар ўтказилди. Ислом дини йўлида қилган ишлари зикр этилди. Бу ерда шайх ҳазратларининг солиҳ фарзандлари, шогирдлари олиб бораётган хайрли ишларни кузатяпмиз. Ўйлайманки, шайхимизнинг бошлаган буюк ишларини солиҳ фарзандлари, сафдошлари ҳамда шогидлари улуғ эҳтимом билан давом эттирадилар. Шайх ҳазратларининг вафотлари ҳақидаги хабарни Эронда эшитдим, афсуски, таъзиямни ўз вақтида билдира олмадим. Ушбу фурсат учун эса сизлардан беҳад миннатдорман ва барчаларингизга таъзия билдираман. Ташаккур». Шайх ҳазратларининг ўғиллари элчи жанобларининг самимий сўзларига жавобан миннатдорчилик билдириб, шундай дедилар: «Оиламиз номидан, у кишининг шогирдлари, у кишини яхши кўрган барча биродарлари номидан элчи ҳазратларига ўз ташаккуримни изҳор қиламан. Самимий сўзлар учун раҳмат. Босиб келган йўлларига Аллоҳ ҳасанотлар ёзган бўлсин. Сиз таъкидлаганингиздек, ҳазратим бутун дунё мусулмонлари билан яхши алоқада эдилар. Шу жумладан, эронлик биродарлар билан ҳам. Мен ўзим охирги марта Москвада бўлиб ўтган конференцияда бирга эдим. У ерда ҳам Эрондан ташриф буюрган делегация аъзолари ҳамда шайх Оятуллоҳ Тасхирий билан бирга юрдилар. Ўша кунларда узоқ ўттиз йиллик дўстона алоқалари борлигининг шоҳиди бўлдим. Бунга далил сифатида ҳазратимизнинг ўтган йилги сафарлари ҳам Эронга бўлган эди, хабарингиз бор. У зотга муносиб фарзанд, муносиб шогирд бўлиш ниятида бундан буён ҳам ишларини биргаликда, ҳамкорликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда давом эттирамиз, деган умиддаман, иншааллоҳ. Қадамларингизга ҳасанот, яна бир бор ташаккур». Ташриф сўнгида элчи жаноблари шундай дедилар: «Аллоҳ насиб қилса, шайх ҳазратлари билан йўлга қўйилган ушбу самимий муносабат ва алоқаларни оилалари ва издошлари билан ҳам давом эттирамиз. Умид қиламанки, ҳазратимизнинг бошлаган ишлари сиз, азиз фарзандлари ҳамда шогирдларининг келгусида олиб борадиган фаолиятлари мисолида давом этажак. Бу улуғ ишда ҳар қандай ёрдам керак бўлса, бизлар тайёрмиз».

muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Мисол тариқасида «Шархи «Ақидатут Тоҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз. «Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва давоми...

20:41 / 25.09.2017 4176
9 « ». . Тўққизинчи ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий давоми...

21:18 / 21.05.2018 5102
Ассалому алайкум. Охирги кунлар қизимни бир кунда неча бора кўрсам, ҳар сафар Шайхни эслайман Мен давоми...

08:17 / 03.02.2017 8316
Ғалаба муборак, муносиб авлодлар Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига дуруду салавотлар давоми...

20:32 / 11.03.2017 3950