Чорва ҳайвонлари закоти. Улар – туя, қўй ва қорамоллардир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганда ушбу мактубни ёзган эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга фарз қилган садақа фарзидир. Буни Аллоҳ Ўз Расулига амр қилгандир. Бас, мусулмонларнинг кимидан уни тўғриликча сўралса, берсин. Кимдан ортиқча сўралса, бермасин.

Йигирма тўрттадан кам туядан то бештагача ҳар бештасидан бир қўй. Қачон у(туя)лар йигирма бештага етса, то ўттиз бештагача – урғочи Бинти Мухоз туя. Қачон ўттиз олтитага етса, то қирқ бештагача – урғочи Бинти Лабун туя. Қачон қирқ олтига етса, то олтмиштагача – эркак туяга лойиқ Ҳиққа. Қачон олтмиш биттага етса, то етмиш бештагача – Жазаъа туя. Қачон етмиш олтитага етса, то тўқсонтагача – иккита Бинти Лабун. Қачон тўқсон биттага етса, то бир юз йигирматагача – эркак туяга лойиқ иккита Ҳиққа. Қачон бир юз йигирмадан ошса, ҳар қирқтасида – битта Бинти Лабун. Ҳар элликтасида – Ҳиққа. Кимда тўртдан ортиқ туя бўлмаса, уларда садақа йўқ. Магар эгаси хоҳласа (ўзининг иши). Қачон туя бештага етса. Унда битта қўй. Қўйнинг садақаси эса яйловда боқиладиганларидандир. Қачон қирқта бўлса бир юз йигирматагача – битта қўй. Қачон бир юз йигирматадан ортса, икки юзтагача – иккита қўй. Қачон икки юзтадан ортса, уч юзтагача – учта. Қачон уч юзтадан ортса, ҳар юзтада – битта қўй. Қачонки, кишининг яйловда боқиладиган қўйи қирқтадан битта қўйга кам бўлса, унда садақа йўқ. Магар эгаси хоҳласа (ўзи билади)». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Шарҳ: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуни Баҳрайнга омил қилиб юборганларида закот олиш ҳақида қўлланма ҳам ёзиб берганлар. Ушбу ривоятда ана ўша мактуб матни келтирилмоқда. Бу матн закот бўйича энг муҳим қўлланма ҳисобланади. Чунки ўша даврдан қолган ёзма ҳужжатдир. У биринчи халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу томонидан ёзилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам бу ҳужжат катта аҳамият билан ўрганилган ва ўрганиб келинмоқда. Биз ҳам уни қўлимиздан келганича ўрганиш ниятида турибмиз. Аввало ушбу ҳужжатдан олинадиган умумий фойдалар ҳақида сўз юритайлик; 1. Мактуб ва ҳужжатларни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» билан бошлаш кераклиги. 2. Закотнинг фарз эканлиги. 3. Закотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амри ила жорий қилганлари. 4. Закотни шариат амрига мувофиқ равишда сўралса, бериш зарурлиги. 5. Шариатда кўрсатилган миқдордан ортиқча сўралган закотни мол эгаси бермасликка ҳақли экани. 6. Тўрт дона туяси бор одамга закот фарз бўлмаслиги. Агар эгаси хоҳласа ва берса ўзининг ихтиёри экани. 7. Чорва ҳайвонларининг яйловда боқиладиганидан закот берилиши. Демак, чорва ҳайвонларидан закот олишда умумий шартлардан бошқа хусусий шартлар ҳам бор экан. Кези келганда ушбу шартлар ҳақида батафсил гаплашиб олганимиз маъқул. Чорва ҳайвонлари закотининг шартлари; 1. Яйловда ўтлайдиган бўлиши. Яъни йилнинг кўп қисмида оммавий яйловда ўтлаб, қорин тўйғазиб, семириб, болалаб юриши. Йилнинг баъзи вақтида қўлдан ем еса ҳам бўлаверади. Йилнинг кўп қисмида қўлда боқилган ҳайвонлардан закот берилмайди. Чунки уларни боқишга шахсий меҳнат ва сарф-харажат кўп кетган бўлади. Йилнинг кўп қисмида яйловда боқилган ҳайвонларга эса, меҳнат ҳам, сарф-харажат ҳам жуда оз кетади. Асосан, кўпчиликнинг ҳақи бўлмиш яйловдан фойдаланилади. Шунинг учун кўпчилик ичидаги камбағал-мискинларга закот бериш керак бўлади. Уламоларимиз ушбу шартни чорва ҳайвонлари закоти учун қўйишларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қуйидаги далилларни олганлар; 1. Биз ўрганаётган ушбу ҳужжатда қўйларнинг яйловда ўтлайдиганларидангина закот олиниши очиқ-ойдин айтилган. Имом Аҳмад, Имом Насаий ва Имом Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳимлар Баҳз ибн Ҳаким, унинг отаси ва бобосидан розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир яйловда ўтлайдиган туянинг қирқтасидан битта Бинти Лабун», деганларини эшитдим», дейилган. Ушбу икки ҳадисда чорва ҳайвонлари закоти учун яйловда боқилган бўлиши шарт қилиб қўйилганлиги кифоя қилади. Закот тўғрисидаги ҳар бир ҳадисда бу нарса айтиб ўтилиши шарт эмас. 2. Ишчи ҳайвон бўлмаслиги. Чорва ҳайвонларининг ишчисидан аравага, омочга қўшиладиган, юк ташишга ишлатиладиган, миниладиган, обжувозда, сув чиқаришда ёки шунга ўхшаш ишларда фойдаланадиганидан закот олинмайди. Чунки, бундай ҳайвонлар ҳожати аслия ва иш воситаси ҳисобланади, ўсувчи мол эмас. Иккинчидан, уларни ишга солиб топилган нарсалардан закот чиқарилади. Ана ўша закот йўлида хизмат қилганлари учун ҳам уларнинг ўзларидан закот олинмайди. Бунга далиллар қуйидагилар: а. Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Ишчи қорамолларда садақа йўқ», дейилган. б. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Ер ҳайдовчи ҳайвондан садақа йўқ», дейилган. в. Абу Довуд Зуҳайрдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан: «Ишчи (ҳайвон)лардан садақа йўқ», дейилган. 3. Нисобга етган бўлиши. Бу ҳақда аввал ҳам кўп гапирилди. Ушбу ўрганаётган ривоятимиз ҳам асосан шу маънода сўз юритмоқда. Бундан кейин ҳам келади. 4. Бир йил ўтган бўлиши. Бу ҳам аввал муфассал баён қилинди. Далиллар ҳам келтирилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, рошид халифалар, мусулмонлар жумҳури бунга амал қилганлари ҳам айтиб ўтилди.

ТУЯДАН ОЛИНАДИГАН ЗАКОТ ЖАДВАЛИ:

Туянинг нисоби Олинадиган закот
5 тадан 9 тагача Битта қўй
10 тадан 14 тагача Иккита қўй
15 тадан 19 тагача Учта қўй
20 тадан 24 тагача Тўртта қўй
25 тадан 35 тагача Битта Бинти Мухоз (1 ёш урғочи туя)
36 тадан 45 тагача Битта Бинти Лабун (3 ёшга ўтган урғочи туя)
46 тадан 60 тагача Битта Ҳиққа (3 дан 4 га ўтган урғочи туя)
61 тадан 75 тагача Битта Жазаъа (4 дан 5 ёшга ўтган урғочи туя)
76 тадан 90 тагача Иккита Бинти Лабун.
90 тадан 120 тагача Иккита Ҳиққа

Туянинг сони бир юз йигирмадан ортгандан кейин чиқариладиган закот ҳақида уламоларимиз икки хил йўл тутишган. Чунки, бу ҳақдаги далил-ҳужжатлар икки хил келган. Ҳанафий мазҳаби бўйича туянинг сони бир юз йигирма битта бўлганидан бошлаб юз йигирматанинг закотига туяга закот бериш бошланган вақтдаги закот қўшилиб, худди аввалгидек ортиб бораверади, икки юзга етганда яна қўшимча қўшиш қайтадан бошланади, дейилган. Бошқа мазҳабларда эса ҳар қирқтасида битта Бинти Лабун, ҳар элликтасида битта Ҳиққа қўшилиб бораверади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича 120дан ошган туялар закоти жадвали

Туялар сони

Бериладиган закот миқдори

125

Иккита Ҳиққа туя ва битта қўй.

130

Иккита Ҳиққа туя ва иккита қўй

135

Иккита Ҳиққа туя ва учта қўй

140

Иккита Ҳиққа туя ва тўртта қўй

145

Иккита Ҳиққа туя ва Бинти Мухоз

150

Учтата Ҳиққа туя

155

Учта Ҳиққа туя ва битта қўй

160

Учта Ҳиққа туя ва иккита қўй

165

Учта Ҳиққа туя ва учта қўй

170

Учта Ҳиққа туя ва тўртта қўй

175

Учта Ҳиққа ва битта Бинти Мухоз

186

Учта Ҳиққа ва битта Бинти Лабун

196

Тўртта Ҳиққа

200

Тўртта Ҳиққа ёки бешта Бинти Лабун.

Ҳанафий мазҳабининг бу ҳақдаги далиллари: 1. Абу Довуд, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва Тоҳовийлар қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Амр ибн Ҳазмнинг отасига ёздириб берган мактубда, туя 120 дан ошгандан кейин ҳар элликтасига битта Ҳиққа қилиб, зиёдасининг ҳар бештасига битта қўй қўшиш ёзилган. 2. Ибн Масъуд ва Осим ибн Зомра розияллоҳу анҳудан ҳам шу ривоят келган.

Бошқа мазҳаблар бўйича 120дан ошган туялар закоти жадвали

Туялар сони

Бериладиган закот миқдори

121дан 129гача

Учта Бинти Лабун

130дан 139гача

Битта Ҳиққа ва иккита Бинти Лабун

140дан 149гача

Иккита Ҳиққа ва битта Бинти Лабун

150дан 159гача

Учта Ҳиққа

160дан 169гача

Тўртта Бинти Лабун

170дан 179гача

Иккита Бинти Лабун ва битта Ҳиққа

180дан 189гача

Иккита Бинти Лабун ва иккита Ҳиққа

190дан 199гача

Учта Ҳиққа ва битта Бинти Лабун

200дан 209гача

Тўртта Ҳиққа ёки бешта Бинти Лабун

Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалийларнинг далиллари: 1. Ушбу биз ўрганаётган ривоят, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Анас розияллоҳу анҳуга ёзиб берган мактублари. 2. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам закот тўғрисида мактуб ёздириб, қиличларига қўшиб қўйдириб қўйганларини ва у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ ва Умар Одил розияллоҳу анҳумлар ўшанга амал қилганларини ва ўша муктубнинг матнини ҳам ривоят қилганлар. Бунда ҳам мазкур гаплар бор. Ҳар мазҳаб ўз далилини тўғри, мухолиф тарафиникини заиф, дейди. Ҳар ким ўз ижтиҳоди бўйича амал қилишга даъват қилади. Бу – табиий нарса. Аммо бу масалани чуқур ўрганган ҳамаср уламоларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки хил мактубни шароитга қараб, яна бошқа омилларни ҳисобга олиб ёздирган бўлсалар керак, шунинг учун бу маълумотларни заиф ёки амалдан қолган, дейиш ўрнига, шароитга қараб амал қилиш маъносида қабул қилиш керак, дейдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ёзиб берган мактубида қўйнинг нисоби ва ундан чиқариладиган закот миқдори ҳам зикр қилинган. Шунинг учун бу масалани ҳам ўрни келганда батафсил ўрганиб ўтайлик. Фақат эчки ҳам қўй ҳисобида бўлишини унутмаслигимиз керак. Қўйнинг сони қирқтага етганда нисобга етади ва ундан бир дона қўй закотга чиқарилади. Қўйларнинг умумий сони ўттиз тўққизта бўлса ҳам закот фарз бўлмайди. Эгаси закот бериш-бермасликни ўзи билади. Бераман, деса, бераверсин; бермаса, гуноҳкор бўлмайди. Қирқтадан то бир юз ўн тўққизтагача бўлган қўйлардан бир дона қўй закотга берилади. Бир юз йигирмага етгандан сўнг иккита қўй закотга берилади. То, икки юзга етгунча иккита қўй берилаверади. Икки юздан ўтганидан кейин учта қўй Закотга берилади. Уч юздан ошгандан кейин ҳар юзидан битта қўй закотга чиқарилади. Бунда тескари пропорционал қоидага амал қилинган. Яъни қўй боқишни кўпайтириш мақсадида у қанча кўп бўлса, ундан шунча оз закот олиш йўлга қўйилган.

Қўйдан олинадиган закот жадвали

Қўйнинг сони

Олинадиган закот

1тадан 39гача

Закот йўқ

40тадан 120гача

Битта қўй

121тадан 200гача

Иккита қўй

201тадан 399гача

Учта қўй

400тадан 499гача

Тўртта қўй

500тадан 599гача

Бешта қўй

600тадан 699гача

Олтита қўй
ва ҳоказо ҳар юздан биттадан.

Шу ерда яна бир масалани баён қилиб ўтишга тўғри келади. Чорва ҳайвонларининг болаларидан закот олинадими ёки йўқми? Уламолар бу масалага турлича қарашган: Ҳанафий мазҳаби бўйича агар ҳайвонлар фақат қўзи, улоқ, бузоқ ёки бўталоқдан иборат бўлса закот олинмайди. Чунки қирқта сут эмадиган қўзиси ёки бешта сут эмадиган бўталоғи бор одам бой ҳисобланмайди. Аммо, оналарнинг сони нисобга етган бўлса, болаларини ҳам уларга қўшиб санаб закот олинади. Чорва ҳайвонларидан закот олишда бир сон билан иккитасининг орасида кўп сон қўйиш, мисол учун қўйда 40 тадан битта, 120 тадан иккита закот олиш ўша кичик болалари эътиборидан бўлган. Ҳанафий мазҳабининг бу қавли кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган.

ҚОРАМОЛНИНГ ЗАКОТИ

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва ҳар бир ўттиз сигирдан битта эркак ёки урғочи бир ёшли бузоқ олишимни ва ҳар бир қирқтадан бир дона икки ёшли урғочи бузоқ олишимни амр қилдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилган, ал-Ҳоким «саҳиҳ», деган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қорамол ўттизтага етмагунча ҳеч нарса олмаслигимни амр қилдилар. Қачон ўттизтага етса, ундан бир дона онасига эргашиб юрган бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ. Бу то, қирқтага етгунча. Агар унга етса, икки ёшли ғунажин». Насаий ривоят қилган. Шарҳ: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу икки ривоятдан уламоларимиз қорамол закотига тегишли кўпгина ҳукмларни олишган. Қорамол деганимизда мол ва қўтос эътиборга олинишини унутиб қўймаслигимиз керак. Ушбу икки ривоятдан олинадиган ҳукмлар: 1. Қорамолдан закот бериш фарз экани. Буни аввал ўтган ҳадисларнинг бирида ҳам ўрганган эдик. Унда қайси бир одамнинг туяси, қорамоли ва қўйи бўлатуриб закотини бермаса, қиёмат куни улар энг гавдали ва энг семиз ҳолларида келиб, эгаларини туёқлари билан тепкилаб, оғизлари билан тишлаб, шохлари билан сузиши ҳақида сўз кетган эди. 2. Қорамол ўттизтага етмагунча закот йўқлиги. 3. Қорамолнинг нисоби ўттизта бўлиши эканлиги.

Қорамол закоти жадвали

Қорамолнинг сони

Чиқариладиган закот

1тадан 29тагача

Закот йўқ.

30тадан 39тагача

Бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ.

40тадан 39тагача

Икки ёшли урғочи бузоқ.

60тадан 39тагача

2та эркак ёки урғочи 1 ёшли бузоқ.

70тадан 39тагача

1та 2 ёш урғочи ва 1та 1 ёш эркак бузоқ.

80тадан 39тагача

Иккита 2 ёшли урғочи бузоқ.

90тадан 39тагача

Учта 1 ёшли бузоқ.

100тадан 39тагача

Иккита 1 ёшли, битта 2 ёшли бузоқ ва ҳоказо.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз қилган (закот) нарса ҳақида ёзган мактубида: «Садақадан қўрқиб айри-айрини жам қилинмайди ва жам бўлиб турганни айириб ташланмайди. Икки аралаштирган киши ўзаро ҳисоб қилиб олишади», дейилган эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг маъноси кенг эканлигидан уламоларимиз унинг ҳақида турли фикрларни айтиб, турлича шарҳ қилганлар. Чунончи айириб ташловчи ким? Молнинг эгасими ёки садақа олувчи омилми? Айриб ташлаш қандоқ бўлади-ю, жам қилиш қандоқ бўлади, деган маъноларда ижтиҳодлар бўлган. Мол эгасининг айириб ташлаши ўз фойдасини кўзлаб, садақани озроқ беришга уриниш сифатида бўлмаслиги керак. Мисол учун, иккита шерикнинг 201 қўйи бор, улар учта қўйни закотга беришлари керак. Лекин улар закотчи келганда қўйларни бўлиб ташлаб, ҳар бири 100 та ва 101та қўйи борлигини кўрсатади. Натижада учта ўрнига иккита қўйни закотга беришади, биттаси ўзларида қолади. Закот бергувчининг қўшиб юбориши эса икки кишида 40 тадан қўй бўлади. Икковлари биттадан, жами иккита қўйни закотга беришлари керак. Лекин закотчи келганда икковлари қўшиб юбориб, саксонта қўй бор, деб кўрсатишади ва закотчи улардан битта қўйни закотга олади. Закотчининг айириши ва қўшиши бунинг тескариси бўлади. У кўпроқ закот олишга уринади. Иккита одам булар бизнинг қўйларимиз, деб 80 та қўйни кўрсатса, икки киши қўшиши мумкин эмас, «ажратиб икковингдан алоҳида закот оламан», дейди ва 80 та қўйни 40 тадан иккига бўлиб, биттанинг ўрнига иккита қўйни закотга олади. Шунингдек, иккита одамда 101 тадан қўй бўлса, «икковинг қўшишинг керак, дейди-да», қўшиб 202 та қилиб иккитанинг ўрнига учта қўйни закотга олади. Ҳанафий мазҳабида чорва молларини аралаштириб шерик бўлиш, закот масаласига таъсир қилмайди. Ҳар ким ўз улушининг закотини ўзи бераверади. Бошқа мазҳабларда эса аралаштириб юборишнинг таъсири бор. Уларга битта мулк эгасининг муомаласи қилинади. Улар молни аралаштириб шерик бўлишнинг закотга таъсири бўлиши учун тўртта шарт бор, дейишади; 1. Шерик бўлиш закотдан қочиш мақсадида бўлмасин. 2. Ҳар икки томоннинг ҳайвони бир-бирига қўшиладиган ҳайвонлардан бўлиши керак. Мисол учун, қўй-эчки. 3. Икки шерик ҳам закотни адо эта оладиган сифатга эга бўлиши керак. Яъни мусулмон, ҳур, болиғ, оқил, нисоб эгаси бўлиши керак. 4. Икковларининг чўпони, эркак ҳайвонлари, сув ичадиган жойи, яйлови, қўраси бир бўлиши керак. Ушбу шартлардан келиб чиқиб, ҳар тараф ҳадисни ўз ҳолича тушунади, лекин нима бўлганда ҳам, ҳийла йўли билан закотдан қочиб ҳам қолмаслик керак, закот берувчига зулм ҳам бўлмаслиги керак.

АГАР ЗАКОТГА ЛОЙИҒИ БЎЛМАСА, ЎРНИГА БОШҚАНИ ОЛИШ ҲАҚИДА

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр унга Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга амр қилган садақа фарзини ёзганда қуйидагилар ҳам бор эди: «Кимнинг ҳузуридаги туяси закотига Жазаъа берадиган даражага етса-ю, унинг Жазаъаси бўлмай, Ҳиққаси бўлса, ундан Ҳиққа қабул қилинади ва у билан бирга имкони бўлса, иккита қўй ҳам олинади. (Агар қўй бериш) имкони бўлмаса, йигирма дирҳам олинади. Кимнинг ҳузуридаги(туя)си Ҳиққани закотга берадиган даражага етса-ю, унинг Ҳиққаси бўлмай, Жазаъаси бўлса, ундан Жазаъа қабул қилинади ва садақачи унга йигирма дирҳам ёки иккита қўй беради. Кимнинг ҳузуридаги (туя)си Ҳиққани закотга берадиган даражага етса-ю, унинг Ҳиққаси бўлмай Бинти Лабуни бўлса, ундан ўша қабул қилинади ва у яна иккита қўй ёки йигирма дирҳам беради. Кимнинг закоти Бинти Лабунга етса-ю, унинг Ҳиққаси бўлса, ундан Ҳиққа қабул қилинади ва садақачи унга йигирма дирҳам ёки иккита қўй беради. Кимнинг закоти Бинти Лабунга етса-ю, унда у йўқ бўлса ва унинг Бинти Мухози бўлса, ундан ўша қабул қилинади ва яна йигирма дирҳам ва иккита қўй ҳам беради. Кимнинг закоти Бинти Мухозга етса-ю, унда у бўлмай Бинти Лабун бўлса, у қабул қилинади ва садақачи унга йигирма дирҳам ёки иккита қўй беради. Агар унинг кўнгилдагидек Бинти Мухози бўлмаса-ю, Бинти Лабуни бўлса, ўша ундан қабул қилинади ва у билан бирга қўшиб ҳеч нарса бермайди». Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. Шарҳ: Бу ривоятда келган тушунтиришлар айниқса закотчилар учун ниҳоятда зарур. Закот олиш пайтида туялар сонига биноан маълум ёшдаги ва сифатдаги туяни закотга олиш керак бўлиб қолди, дейлик. Лекин ўша ёшдаги ва сифатдаги туя мазкур туялар ичида йўқ. Нима қилинади? Лозим бўлган туядан кичик ёшдаги туя олинади-да, камига, иккита қўй олинади. Агар қўй бўлмаса, йигирма дирҳам, яъни икки қўйнинг нархи олинади. Агар лозим бўлган туядан катта ёшдаги туя бўлса, буни ҳам қабул қилса бўлади. Аммо ортиғини закот вазифадори закот берувчига икки қўй ёки йигирма дирҳам пул шаклида қайтариб беради. Ушбу қоида бошқа ҳайвонларда ҳам ўзига мос равишда ишлатилади. Агар кичик ёшдаги урғочи ҳайвон ўрнига катта ёшдаги эркак ҳайвон олинса, ҳеч нарса олинмайди. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, закотга олинадиган ҳайвонларда урғочи устун кўрилади. Чунки урғочи ҳайвоннинг камбағаллар қўлига тушиб кўпайиши назарда тутилган.

ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИ ЗАКОТИ ШАРТИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр унга Аллоҳ Ўз Расулига амр қилган закотни ёзганда: «Закотга қари, ғилай ва қўчқор чиқарилмайди. Магар садақа берувчи хоҳласа, майли», дейилганди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Шарҳ: Демак, закотга чиқариладиган ҳайвон айбдор бўлмаслиги керак. Чунки уни камбағал одам олгандан кейин фойдаланиши лозим. Қариб, тиши тушган ҳайвонни олиб нима фойда топилади? Шунингдек, ғилай ёки бозорда ўтишига монеълик қиладиган баъзи айблари бор ҳайвонлар ҳам камбағал кишига кўзланган фойдани бермайди. Қўчқор ёки така эса закот берувчи учун керак бўлади. Шунинг учун унинг розилиги бўлса, олиш мумкин, бўлмаса, йўқ.

Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса бор, ким уларни қилса, иймон таъмини тотган бўлади: Ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса ва, албатта, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деса, молининг закотини ихлос ва чин қалбдан ҳар йили иона ўлароқ берса. Қарисини, ифлосини, касалини, сутсизини бермаса. Лекин молингизнинг ўртасидан бўлса. Албатта, Аллоҳ сиздан яхшисини сўрагани йўқ, ёмонига амр қилгани ҳам йўқ», дедилар».

Абу Довуд ва Табароний ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий Қайсдан бўлган Ғозира исмли кишининг сулоласидандир. У киши фақат ушбу ҳадисни ривоят қилган, холос. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишнинг аҳамияти. 2. Закот йилига бир марта фарз экани. 3. Закотни ихлос билан чин қалбдан бериш кераклиги. 4. Қари ҳайвонларни закотга чиқариш керак эмаслиги. 5. Ифлос, касал ва сутдан қолган ҳайвонларни ҳам закот қилиб бермаслик кераклиги. 6. Ўта яхши ёки ўта ёмон ҳайвонларни эмас, ўртача ҳайвонларни закотга бериш кераклиги. Шунда камбағалларни ҳам, бойларни ҳам хафа қилинмаган бўлади.

Баҳз ибн Ҳакимдан, отасидан ва бобосидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча яйловда боқилган туянинг қирқтасидан Бинти Лабун. Туялар ҳисоб юзасидан тарқатиб юборилмайди. Ким улардан ажр олиш умидида бўлса, ажр олади. Ким у(закот)ни ман қилса. Биз уни ҳам, молининг ярмини ҳам олувчидирмиз. Бу Роббимизнинг азму-қарор(фарз)ларидан бир азм(фарз)дир. Оли Муҳаммад учун ундан ҳеч нарса йўқ». Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Яйловда ўтлайдиган ҳайвонлардан закот олиниши. 2. Туяси қирқтага етган кишидан закотга битта Бинти Лабун туя олиниши. 3. Закотдан қочиб жам туяларни тарқатиб ҳисобини озайтиришга уриниш мумкин эмаслиги. 4. Закотни ажр олиш ниятида бериш кераклиги. Риёкорлик, садақачини рози қилиш, вазифадан қутулиш каби ишлар бўлмаслиги керак. 5. Закотни бермаган кишидан Ислом мажбуран олади ва қўшимчасига жазо сифатида қолган молини иккига бўлиб туриб, садақачи хоҳлаган қисми ҳам олинади. 6. Закот Аллоҳ таоло азму қарор ила фарз қилган ибодатлардан бири экани. 7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларига, оила аъзоларига закот олиш умуман жоиз эмаслиги. Бу жуда ҳам улуғ бир қоидадир. Кишиларни Пайғамбаримизга қариндошлиги учун садақалардан маҳрум қилиш-бошқа камбағалларнинг эътиборини ва ташвишини қилишдан иборатдир. Агар Оли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга садақа олиш жоиз бўлганида, ҳамма уларга беришга ҳаракат қилар эди.

Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Қорамолнинг ҳар ўттизтасидан бир ёшли бузоқ ва ҳар қирқтасидан икки ёшли ғунажин. Ишчи(мол)ларга ҳеч нарса йўқ», дейилган. Шофеъийнинг ривоятида эса: «Туя ва қорамолнинг ишчиларида садақа йўқдир», дейилган. Шарҳ: Уламоларимиз чорва ҳайвонларидан закот фарз бўлиши учун улар ишчи ҳайвонлари сифатида ишлатилмайдиган бўлиши керак, деган шартни ушбу ҳадисдан олганлар. Аввал айтганимиздек, ишчи ҳайвонлари ҳожати аслияга киради, ҳунар асбоби каби эътибор қилинади ҳамда уларнинг ишидан келган самарадан закот олингани учун ўзларидан закот олинмайди. Иккинчидан, бу ҳадисда қорамолнинг нисоби ва ундан олинадиган закот ҳажми ҳам белгилаб берилмоқда. Ўттизта қорамол нисобга етган бўлади ва улардан бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ закотга олинади. Садақачи мулоҳаза қилиб эркак бузоқ камбағалларга фойдали бўлса уни олади, бўлмаса урғочисини олади. Молнинг сони қирқтага етганда икки ёшли урғочи бузоқ закотга олинади. Кейин ҳисоб ўттиз ёки қирққа бўлинадиган бўлгунча қараб турилади. Молнинг сони кўпайиб ўттиз ва қирққа бўлинадиган бўлганда ўттизтасидан бир ёшли бузоқ, қирқтасидан икки ёшли урғочи бузоқ олинаверади. Масалан, олтмишга етганда иккита ўттизга тенг бўлади ва иккита бир ёшли бузоқ олинади. Етмишга етганда бир ўттиз, бир қирқ бўлади. Демак, битта бир ёшли, битта икки ёшли бузоқ олинади.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва: «Дондан дон олгин, қўйдан совлиқ олгин, туядан эркак туя, қорамолдан сигир олгин», дедилар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган. Шарҳ: Бу ҳадисда уламоларимиз ҳар бир нарсанинг закотини ўз жинсидан олинади, деган қоидани чиқарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мол фойда қилса, ундан эгасининг ҳузурида бир йил ўтмагунича закот йўқ», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «Ким мол фойда қилса», деган жумлани, йил давомида асл молига қўшимча даромад олса, деб тушунишимиз керак. Демак, унга ҳам бир йил тўлгандан кейингина закот беради. Ушбу ҳадиси шариф ҳам нисобга етган мол ўз эгаси ҳузурида тўлиқ бир йил тургандан кейин закот фарз бўлишига далилдир. Бир йил деганимизда мусулмон йил ҳисоби (қамарий йили) кўзда тутилади. Ушбу мажмуадаги ҳадисларда келган аҳкомлардан нисоб, бир йил ўтиши, закотга олинадиган ҳайвонларнинг сони ва ёши, эркак-урғочилиги аввал батафсил ўрганилди. Фақат Закотга олишга ярамайдиган ҳайвонлар ва қайси сифатдагисини олиш афзаллиги ҳақида бир оз батафсил сўз юритишимизга тўғри келади. Чорва молларидан закотга олинадиганлари: 1. Айблардан саломат бўлган ҳайвонлар закотга олинади. Касали, у ер-бу ери синган майиб-мажруҳи, қариб тиши тўкилгани ва манфаатини ноқис қиладиган бошқа айблари борлари олинмайди. Бунга асос: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ифлосини қасд қилиб ундан нафақа қилманг», деган. Ушбу фаслда зикри келган: «Закотга қари, ғилай ва қўчқор чиқарилмайди. Магар садақа берувчи хоҳласа, майли», деган ҳадис. Садақа берувчи қўчқорни хоҳласа, беради. Бошқасида унинг хоҳиши шарт эмас. Чунки қўчқорда унинг манфаати бор. Мазкур айбларга эга ҳайвонларни Закотга олмасликда фақирларнинг манфаатини ҳимоя қилиш бор. Айби бор ҳайвонни олишга мажбур бўлиб қолиш ҳамма ҳайвонлар айбли бўлгандагина бўлади. 2. Закотга урғочи ҳайвонлар олинади. Фақат икки ҳолатда эркак ҳайвон Закотга олиниши мумкинлиги ҳадисларда зикр қилинган. Ўттизта сигирдан олинадиган Закот бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ бўлиши ва Бинти Мухоз туя топилмаганда ўрнига Ибни Лабун олинади. Ҳанафий мазҳабида мол ва қўйда ораларидаги фарқ кам бўлгани учун урғочининг ўрнига эркак олса бўлади, дейилган. Закотга урғочи ҳайвонларни олишнинг тайин қилинишида ҳам камбағалларнинг фойдаси кўзланган. Чунки уларни боқиб кўпайтириш мумкин ва бу билан камбағал кишига ўзининг иқтисодий ҳолини ўнглаб олишга, ўзи учун, жамияти учун ҳайвонот бойлигини кўпайтиришга ҳисса қўшишга шароит яратилади. 3. Закотга олинадиган ҳайвонларнинг ёшига эътибор. Ҳадисларда Закотга олинадиган ҳар бир ҳайвоннинг ёши зикр қилинган. Араб тилида маълум ёшгача ҳар ёшдаги ҳайвонни алоҳида ном билан аталиши шунга имкон берган. Ҳадисларда қорамолдан бир-икки ёшлиги закотга олиниши, туядан бир, икки, уч ва тўрт ёшлиги олиниши айтилган. Чунки мазкур ёшлардан кичик бўлса, камбағалларнинг, ортиқ бўлса, бойларнинг ҳақи куяр эди. Қўй ва эчкиларга келганда эса турли фикрлар айтилган. Чунки араб тилида уларнинг ҳадисда келган номлари олти ойлигига ҳам, ўн ойлигига ҳам, бир ёшига ҳам айтилар экан. Ана шу эътибордан уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Бирлари олти ойлик қўзи ва улоқлар ҳам бўлади, десалар, бошқалари бир ёшли бўлиши шарт, деганлар. Туянинг закотида талаб қилинган ёшдагиси топилмаса, унинг ўрнига кичик ёшдагисини олиб, устига иккита қўй ёки йигирма дирҳам олиш, ёхуд катта ёшдагиси олинса, Закот берувчига иккита қўй ёки йигирма дирҳам қайтариб бериш мумкин эканлигини ўтган ҳадислардан бирида ўргандик. 4. Закотга олинадиган ҳайвон ўртача бўлиши керак. Бу маънони юқорида ўрганган ҳадисларимизда мулоҳаза қилдик. Шунингдек, Ибн Абу Шайба раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақага олинган туялар ичида бир чиройли туяни кўриб қолиб, садақачидан аччиқлари чиққан ва: «Бу нима?!» деганлар. «Мен уни иккита туянинг ўрнига олдим», деган закотчи. «Ундоқ бўлса, майли», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам». Закотга болалик ҳайвон, семиртириш учун боқилаётган ҳайвон ва ҳомиладор ҳайвон ҳам олинмайди. Имом Молик ўзларининг «Муватто» номли китобларида Оиша розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Умар ибн Хаттобнинг олдидан садақага олинган қўйларни олиб ўтилаётганда, катта, елини тўла сутли совлиқни кўриб қолиб: «Бу совлиқ қаёқдан келди?» деди. «Садақага тушган совлиқ», дейишди. «Бунинг аҳли ўз ихтиёри билан берган бўлмаса керак. Одамларни фитнага солманглар. Мусулмонларнинг кўзини қувонтирадиган нарсаларини олманглар», деди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу». Бу масалада камбағалларга ҳам, бойларга ҳам зарар келтирмайдиган ўртача йўл тутиш керак.

ҲАЙВОНОТ БОЙЛИКЛАРИ ЗАКОТИГА ТЕГИШЛИ БОШҚА МАСАЛАЛАР

1. Закот молга фарз бўладими ёки мол эгаси зиммасигами? Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларида молга фарз бўлади, дейилган. Шунинг учун закоти фарз бўлганидан кейин мол ҳалокатга учраса, эгаси бошқа томондан закот топиб бериши шарт эмас. Аммо закот фарз бўлганидан кейин эгаси уни ишлатиб юборса, закотни топиб беради. 2. Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қийматини берса бўладими? Ҳанафий мазҳабида закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қиймати берилса, бўлади, дейилади. Қиймат ҳар юртнинг ўз нархларида – закот берилаётган куннинг баҳосига қараб бўлади. Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда ривоят қилинишича: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам закотга олинган туялар ичида ўркачи баланд, катта туяни кўриб қолиб закотчига: «Сизларни одамларнинг яхши молларини олишдан қайтармаганмидим?» дедилар. «Мен уни садақа туяларидан икки туянинг ўрнига олдим», деди садақачи. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар». Икки туянинг ўрнига бир туяни олиш қийматни олишга рухсат борлигини кўрсатади. 3. Бир жинсдаги ҳайвонларни қўшиб ҳисоблаш. Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, қўй ва эчки, мол ва қўтос ҳамда арабий туя ва ажамий туя бир жинсдан ҳисобланади. Уларни қўшиб санаб, бир хил ҳайвондан олинганидек закот олинаверади.

ОТНИНГ ЗАКОТИ ҲАҚИДА

Илмли кишилар ўртасида ва баъзи китобларда ҳам отнинг закоти ҳақида икки хил фикр бор: Баъзи уламолар отдан закот олинади, деганлар. Бошқалари отдан закот олинмайди, деганлар. Бу маълум турдаги отлар ҳақида айтилган гапдир. Бошқа бир неча от турлари ҳақида ҳеч қандай икки хиллик йўқ; 1. Миниладиган, ишлатиладиган ва жиҳодга тайёрланган отлардан закот олинмайди. 2. Тижорат учун сақланадиган отлардан закот олинади. 3. Ем бериб боқиладиган отлардан закот олинмайди. 4. «Насл учун ва қиймати ўсиши учун яйловда боқилаётган отлардан закот олинадими-йўқми?» деган саволга уламолар икки хил жавоб берганлар; Фуқаҳолар жумҳури бу каби отлардан закот олинмайди, деганлар. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ эса, бундай отлардан закот олинади, деганлар. Ҳар икки томон ҳам ўз далил ҳужжатларини келтирган. Ҳар икки томон ҳам ўз далилини кучли, деб, қарши тарафнинг далилини кучсиз, деган. Ақлий далилга келганда эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг далиллари кучли чиқади. Чунки баъзи жойларда отлардан туяга қараганда кўпроқ фойда олинади, шундай экан, нима учун туядан закот олинади-ю, отдан олинмайди?! Ҳанафий мазҳаби уламолари отнинг нисоби ва ундан чиқариладиган закот миқдори ҳақида бир неча хил гап айтганлар. Улардан мақбулроғи, нисоб бешта от, бериладиган закот ҳар бир отдан бир динор бўлади. Ёки отнинг нархини пулга чақиб, ҳар икки юз дирҳамдан беш дирҳам чиқаришдир.

БОШҚА ҲАЙВОНЛАР ЗАКОТИ

Ҳадисларда номи зикр қилинганларидан бошқа ҳайвонлардан закот олинмайдими? Бу масала билан қадимги уламоларимиз машғул бўлмаганлар. Ҳамаср уламоларимиз эса алоқалар ва маълумотлар кўпайгани эътиборидан бу масалани батафсил ўргандилар. Уларнинг фикрлари бўйича, шаръий далилларда номлари зикр қилинган ҳайвонларга ўхшаш ҳайвонлар пайдо бўлса ва закот бериш шартлари мавжуд бўлса, улардан закот олинади. Бундай ҳайвонларнинг нисоби ҳақида ҳамаср уламоларимиз икки хил фикр айтишган. Баъзилари  қиймати йигирма мисқол тиллонинг қийматига етса, деганлар. Бошқалари, бундай ҳайвонларнинг сони бештадан кам бўлмаслиги керак ва қиймат бешта туянинг ёки қирқта қўйнинг қийматига тенг бўлиши керак, деганлар. Охирги гап кучли ҳисобланади. Менимча эса ўша янги ҳайвоннинг қандоқ эканига ҳам қараш керак. Туяга яқинми, қорамолгами ёки қўй-эчкигами, шундан сўнг қиёс қилиш керак.

Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умардан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Барчангиз масъулдирсиз ва ўз давоми...

08:01 / 13.11.2016 4845
Ҳайит байрамингиз бўлсин муборак Дунёда байрамлар тўлиб ётибди, Уларнинг асли бир чўпчак, ё давоми...

06:10 / 20.11.2016 3271
gallery ids31506,31508,31507,31510,31509,31512,31513,31511,31515,31516,31517,31518,31519,31520,31521,31522,31523,31514

07:33 / 10.02.2018 3754
Аллоҳга битмас туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин Халқимиз ўзининг абадий давоми...

10:11 / 14.11.2016 6101