Отанинг салоҳияти бола салоҳиятининг сиридир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзандимизда намоён бўладиган ҳар бир салбий жиҳатларга эътибор бериб, айб иш қилганда маломат қилишга шошилмаслигимиз, балки ўз ҳис-туйғуларимизни иложи борича бошқаришга ҳаракат қилишимиз лозим. Уларга бирор яхши нарсани буюришдан олдин ўзимиз уни қилиб ўрнак бўлайлик, уларни бирор ёмон нарсадан қайтаришдан олдин, ўзимиз ундан қайтайлик. Хуллас, шундай намуна кўрсатайликки, улар беихтиёр бизга эргашсинлар.

Ҳаёт менга кўп нарсани ўргатди. Хоссатан, руҳий тарбия устозларидан ва китоблардан ўқиган ва ўрганган нарсам шу бўлдики, комил ва етук фарзанд ортида комил инсонлар – ота-оналар бор. Улар тарбия фанининг фаннонларидир. Ёки аксинча ёмон болалар ортида ноқис тарбияли ота-оналар бор. Улар тарбия фанини мутлақо билмайдилар. Бошқача қилиб айтганда, отадаги солиҳлик фарзандга ўтади. Яна шуни билдимки, болаларнинг бузилиши ота-онанинг бузилишидан экан.

Агар ота-она комил инсон бўлсалар, болалар ростгўйликдан бошқа нарсани билмасдан ўсадилар. Оддий қилиб айтганда, улар ёлғонга қодир эмаслар. Чунки ҳақиқатни ўзгартира олиш юқори савиядаги ақлнинг ишидир. Ақл ўсгандагина инсон ўша юқори савияга эга бўлади. Бу эса гўдак ақлининг ёлғонга қодир эмаслигини кўрсатади. Улар гўё борни борича кўрсатадиган ойна кабидир. Агар биз уларнинг олдида ёлғон ишлатмасак, улар умуман ишлатмаган бўлар эдилар. Уларнинг қалбларига биринчи ёлғонни ўзимиз жойлаймиз. Ўзимиз уларни ёлғонга тайёрлаймиз.

Мисол учун, баъзиларимиз телефон жиринглаганда фарзандимизга: «Отам уйда йўқ», дегин», деб айтамиз. Яна баъзиларимиз боламизга: «Одамлар борида ўзингни ундай тут, бундай тут», дея мунофиқликни, иккиюзламачиликни ўргатамиз. Бу мунофиқликдан биринчи дарсдир. Аслида болаларимизни Аллоҳ учунгина, Аллоҳ рози бўладиган одоб-ахлоққа одатлантиришимиз керак. Агар шунга одатлантирсак, одамлар кўриб турганда ҳам, кўрмай турганда ҳам, ёлғиз қолганда ҳам одобли, ахлоқли бўлади! Яна фарзандларимизга қўпорувчиликни ўргатадиган ҳам, бошқаларга нисбатан аёвсиз бўлишни ўргатадиган ҳам ўзимиз. Уларнинг олдида бошқалар билан бемалол ёмон муомалада бўлиб, уларга ўрнак бўламиз. Бундай муомалани улар ўзларининг келажак ҳаётлари учун намуна қилиб олишларини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Эй мураббий биродар! Кел, сенга чекувчи оталар ва уларнинг ўғилларига таъсирлари тўғрисида бир мисол айтаман. Агар Аллоҳ раҳим қилмаса, чекувчи отанинг боласи ҳам чекувчи бўлади. Боланинг кашанда бўлиши отанинг кашанда бўлиши таъсиридандир. Бола отадан чекиш меъёрларини ўзлаштириб олади ва ёшлигиданоқ чекишда отасига тақлид қилади. Чунки бола балоғатга етганидаёқ ўзининг мустақил шахс ва эркак эканлигини исботламоқчи бўлади. Оталарга «Чекманг, ундай қилманг, бундай қилманг», десак, хафа бўлишади. Уларнинг аксарияти: «Болаларимга чекишнинг зарарини айтаман, иншааллоҳ, улар бу ишни қилишмайди. Агар қилишса, уларни турли жазо усуллари билан жазолайман…». дейишади. Мураббий биродарим, сенга бир кулгили ҳолатни айтиб бераман: Ота тамаки сотиб олади ва тутунини ўғлининг юзига пуфлаб, яъни заҳарини сочиб чека бошлайди ва дейди: «Чекишга умуман яқинлашма, чунки чекиш соғлиқни кетказади, инсонни ҳалокатга етаклайди. Чекиш ҳаром…» Ота бу гапларнинг ҳаммасини ўзи чекаётиб гапиради: «Сенинг бирон марта тамаки чекаётганингни кўрмайин, буни яхшилаб уқиб ол!» Сўнг болага ўшқиради: «Бор, кулдонни олиб кел!...» Кейин ўғлига пул узатиб, тез бориб, тамаки олиб келишни буюради. Бола «Отам диққатчиликдан халос бўлиш учун тамаки чекяпти», дея мулоҳаза қилади ва чекишни ҳаёт қийинчиликларидан халос бўлишнинг ягона йўли деб билади. Ота-боланинг шундай муҳитда ҳаёт кечириши боланинг отага тақлид қилишига олиб боради. Ҳар бир бола учун ота – энг севимли киши, ҳеч қандай хато қилмайдиган қаҳрамондир. Шундай бўлгач, албатта, у отасига тақлид қилади ва у тутган йўлни тутишга ҳаракат қилади. Ушбу ҳолатдан қандай хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Боланинг отага боғлиқлигининг сирларидан бири

Келинг, мен сизга башариятнинг бир-бирига боғлиқлигининг, хусусан, оталар билан болалар ўртасидаги боғлиқликнинг сирларидан бирини айтиб берай. Боғлиқлик икки ҳил бўлади:

1. Лафздаги ёки гапдаги боғлиқлик. 2. Лафздагидан бошқа боғлиқликлар (юриш-туришлари, феъллари, имо-ишоралари, шаклан боғлиқликлари). Лафздаги ёки гапдаги боғлиқликнинг таъсири 7% ни, лафздагидан бошқа боғлиқликларнинг таъсири 93%ни ташкил этади. Лафздагидан бошқа боғлиқликлар икки турга бўлинади. 55% кўришдаги боғлиқлик, 38% эшитишдаги боғлиқлик. Бу қоидани юқорида айтилган қиссадаги тамаки воқеасига татбиқ этадиган бўлсак, кўрамизки, бола отанинг тамаки чекишидаги Лафздагидан бошқа боғлиқликлар таъсиридан 93% ни, лафздаги боғлиқликдаги таъсиридан 7% ни ўзлаштиради. Отанинг айтган сўзидаги таъсири қай даражада-ю, қилаётган ишидаги таъсири қай даражада? Хулосани ўзингизга ҳавола қиламан. Шунинг учун ҳам юқорида «Агар Аллоҳ раҳим қилмаса, албатта, чекувчининг боласи чекувчи бўлади», деб айтиб ўтган эдим. Яна қайтариб айтаманки, болаларни тарбиялашдан олдин оталарни тарбиялаш лозим. Ҳаётда гувоҳ бўлдимки, асабий отанинг боласи асабийликка мойил бўлади, қўпорувчи отанинг боласи, албатта, қўпорувчи бўлади. Ҳар қандай таъсирни отадан оладиган бола қўпорувчиликда ундан-да ўтиб кетади. Баджаҳл отадан қўрқадиган онанинг қўрқуви боласига ўтади. Босим остида яшайдиган онанинг боласи келажакда заиф, ҳар кимдан ётсирайдиган, ҳаёт лаззатларини ҳис қилмайдиган бўлиб етишади. Шунинг учун юқорида айтиб ўтдимки, «Сен менга кимлигингни айтсанг, келажакда ўғлинг ким бўлишини айтиб бераман». Демак, фарзандимиз бизнинг ойнадаги аксимиздир. Биз болаларимизни айблашдан олдин ўзимизнинг юриш-туришимиз, ахлоқ-одобимиз ҳақида мулоҳаза қилайлик. Бир шоир айтган эди: «Ота товус кибр билан гердайиб юрди. Болалари орқасидан эргашишди. Ота сўради: «Нима учун бундай қиляпсизлар?» Болалар: «Сизга ўхшаб, сизнинг орқангиздан», дейишди. Ота: «Мен каттаман, шунинг учун шундай юраман», деди. Болалар: «Албатта, биз ҳам сизга ўхшаб юриб катта бўламиз!» Ана кўрдингизми? Қуш инида кўрганини қилади-да. Фарзандлар оталар қандай тарбияласалар, шундай бўладилар. Улар ўз тарбияларига ўзларича янги услуб олиб кира олмайдилар.

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Муслималар форумида Саҳобаи киромлар ҳаётлари ҳақидаги давоми...

19:33 / 11.01.2017 3494
Келиб чиқиши хитойлик бўлган жанубишарқий Осиёнинг таниқли топмодели Феликсиа Йип Felixia Yeap Исломни қабул давоми...

13:52 / 25.01.2017 2730
 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Қирғизистон Республикасининг Ўш давоми...

12:31 / 23.09.2018 2429
embedhttpswww.youtube.comwatchvzpvO2BgNkembed

17:55 / 06.03.2018 2709