Қўшхотинлик – нозик масала
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритсак. (Аниқлик киритамиз: оиласи бузилиши натижасида талоқ бериб, сўнг иккинчи ёки учинчи марта уйланганлар эмас, балки айни бир вақтда икки ёки ундан кўп хотинга эга бўлувчилар назарда тутилади.) Русларда «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас» деган мақол бор.

Шуни сал ўзгартириб айтсак, иккита хотин олишни орзу қилмаган эр эр эмас, деган маъно чиқиши ҳам мумкин. Гарчи бу гап ҳазил тариқасида бўлса-да, лекин шундай орзу кўпгина эрларда мавжуд. Айрим эрлар учун ҳаёл орзу бўйича қолиб кетади, айримлар эса орзуни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Камбағаллар учун бу муаммо йўқ, десак ҳам бўлар. Камбағал эрнинг иккинчи хотин олишга ҳаракат қилиши осмондаги ойни узиб олишга уринишдай гап. Чўнтакка тушган пул нафсни қитиқлайди. Бу нафсни қондириш учун мусулмон эрларга тайёр баҳона бор: Аллоҳ таоло тўрттагача уйланишга ижозат этган. Эр қандай ҳолларда хотинни кўпайтириш ҳаракатига тушади?

Ўз хотини билан нафсини қондира олмаса, ташқаридан лаззат излайди. Ота-онасининг зўри билан уйланган хотин кўнглига ёқмайди, ўзига ёқадиганини истайди. Гўё «Ўткан кунлар»даги Ҳомиднинг маслаҳатига амал қилади: «Жиян, – деди Ҳомид Раҳматга қараб, – биринчи уйланишинг, албатта, ота- онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингнинг ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса, учинчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас, деб зорланиб юриш эр кишининг иши эмас». Бу маслаҳатга амал қилганларни биз «адашганлар» деб атасак, ранжимасинлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деб иккинчи, учинчи марта уйланадилар. Ажабки, суннатга амал қилишни айнан шу соҳадан бошлайдилар. Қолган ўнлаб суннатлар эса бажарилмай қолаверади. Бу биродарларимизда андак жоҳиллик бор. Сабаби, улар суннатнинг маъносини яхши англаб етмаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафсни қондириш учун эмас, беваларга меҳрибонлик қилиш учун уйланганлар.

Биринчи оиладаги фарзандсизлик оқибатида бошқа турмуш қуришни ҳеч ким рад этолмаса керак. Ота-онасини беҳурмат қилувчи хотинни қўйиб, ҳурматлайдиганига уйланувчилар ҳам бор. Аммо иккинчи ёки учинчи хотин ота-онасини ҳурматлайди деб, ким кафолат беради? Эҳтимол ҳурматсизликда кейингилари аввалгиларидан ошиб тушар. Балки «ота-онани ҳурмат қилмаслик» нафс талабини яширишдаги бир баҳонадир?

Уйланишдан илгари зино қилган эр бегона аёлни қўмсайверади. Бу нафсини қондириш учун маблағи бўлса, бирон қизни ёки жувонни шаръий никоҳига олади, пули камлик қилса, фоҳишаларнинг хизматидан фойдаланади.

Суриштираман, десангиз, сабаб ва баҳоналар қайнаб чиқаверади.«Нечта хотин маъқул?» деган саволни кун тартибига қўйсак, бир хил жавоб ололмаймиз. «Ўтган кунлар» даги тоға ва жиян баҳсини эслайлик: «Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди. Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? – Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча, энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.

Сенингдек йигитлар учун. албатта, битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, – деб кулади Ҳомид. Кўп хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунғача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйғанимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас».

Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчилар ҳозир ҳам топилади. Фақат айрим фарқлар бор. Чунончи, кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.

Устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларидан фойдаланиб, фикрларимизни давом эттирамиз. Одамлар аввал оила шаклида ҳам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласини саодатли дейиш хатодир. Оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, «оздан кўпга» дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.

Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринлидир. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса, бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бахти қароликдир.

Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб, ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигида ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд дунёга келади.

Аёлнинг ёшлиги ҳамда таровати эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлганидан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу-ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима? Дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам, дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда, бу ваъда унутиладими?

Хуллас, фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлари буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар...(давоми бор)

Тоҳир Малик

Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси давоми...

10:59 / 14.02.2018 4165
Сиз ноёбсиз Бутун дунёдан қидирилганида ҳам худди сиздек инсон топилмайди. Чунки сизни Аллоҳ таоло алоҳида давоми...

11:47 / 01.05.2019 3922
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзаси, Аллоҳдан умид қиламанки, бир йил олдинги давоми...

21:02 / 27.07.2023 1426
Мисс К. «I Got It Covered» лойиҳасида ҳижобга кириши унинг дунёқарашини қандай ўзгартириб юборгани ҳақида айтиб давоми...

06:13 / 26.01.2017 4441