XXI асрнинг янги эпидемияси: телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда “ёрдамчи”мизга айланган. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбориш – бунинг учун телефондаги бир қанча тугмаларни босишнинг ўзи кифоя бўлиб қолди. Бироқ, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммолар юзага келтириб чиқариши мумкин.


Афсуски, кўпчилик бунга бепарволик билан қарайди. Ҳозирги замонда мобил алоқа воситаларини, ҳатто, боғча ёшидаги болаларнинг қўлида ҳам кўриш мумкин. Айрим ота-оналар уй юмушлари билан машғул бўлганда ҳали тили чиқмаган гўдакларга мультфильм ёки видеолар қўйиб беради, бунинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди...


Отабек Икромов,

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори:


– Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда 5-16 ёшдаги болалар кунига 3 соатдан 8 соатгача вақтини телефон қаршисида ўтказади. Бунинг натижасида уларда телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи бу касаллик “номофобия” дейилади, – таъкидлайди мутахассис.


Номофобия болалар орасида энг кўп тарқалган психологик касалликлардан бирига айланишга улгурди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гаджетларга бўлган тобелик даражаси, айниқса, у кичик ёшдан шаклланиб келган бўлса, ҳатто, наркоқарамликдан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин экан. Телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.


Биринчидан, телефонлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлган электромагнит тўлқинлар чиқаради. Тўлқинлардан нурланишнинг зарари кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.


Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланишдан азият чекадиган асосий органлардан бири – бу кўзлар. Болалар бир дақиқада ўртача 18-20 марта мижжа қоқади. Бу кўзларни намлантириб, улар зўриқишининг олдини олади.


Аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келиши мумкин.


Ота-оналар ва болалар буни дарров пайқашмайди. Кўпинча гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш оқибатида келиб чиққан кўз касалликлари болалар мактабга чиқиши, айрим ҳолларда эса ҳатто ўсмирлик даврида, масалан ҳарбий хизматга жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланади.


Айрим болалар ва ўсмирлар уйқудан олдин, баъзида эса ухламасдан қоронғи хонада телефонга термулиб чиқади. Бу – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат! Бундай бедор тунлар сурункали тус олса, кейчинчалик уйқусизлик, диққатни бир жойга жамлай олмаслик ва ҳатто кўрликка олиб келиши мумкин.


Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.


Таниш олиш керак, кўпчилигимиз телефондан ёнбошлаб ётиб фойдаланамиз ёки ўтирганда экранга гавдани ва бўйинни эгиб қараймиз. Бу суяк тизими ривожланиш босқичида бўлган болаларда умуртқа поғонасининг деформацияси, сколиоз, бўйин мушакларининг зўриқиши, спазмлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун телефон ёки планшет ишлатганда уни камида 40-50 см масофада ва кўз баландлигида ушлаш керак.

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий қайси ойда туғилганлар           Жавоб Расулуллоҳ давоми...

05:36 / 28.11.2017 2467
Бир ишни бошлашдан, қарор қилишдан аввал, бирор ҳодиса олдидан Хайрлиси бўлсин дейиш мўминмусулмон давоми...

13:52 / 29.11.2016 3652
  Катта кутубхона. Жудаям кўп китоблар иккита бўлимга ажратиб қўйилган. Чап тарафдагиси каттагина, давоми...

18:31 / 14.12.2016 3112