Гарданимизда турган энг оғир юк, энг муҳим вазифа солиҳ авлодни етиштиришдир...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Гарданимизда турган энг оғир юк, энг муҳим вазифа солиҳ авлодни етиштиришдир...


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни буюк муаллим қилиб юборган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Исломнинг асосий устунларидан бўлмиш суннат соҳиби Мустафо алайҳиссаломга салоту дурудларимиз бўлсин!


Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!


Аввалом бор, “Бугунги кун қарама қаршиликлар майдонида Россия мусулмонларининг ижтимоий ўрни” номли Умумроссия муслима аёллар ташкилотлари қурултойига меҳмон ва маърузачи сифатида таклиф этилганим учун миннатдорчилик билдираман. Аслида шу дамларда орангизда бўлишни истаган эдим. Аммо сафарларим ва хизматларим сабаб бу гал ҳам бирга бўлиш насиб этмади. Келгуси қурултойларда бирга жам бўлишимизни Аллоҳ таолодан умид қилиб қоламан.

Марямхоним мендан бу анжуманда илмий ишим ҳақида гапириб беришимни сўраган эдилар.


Азиз опа-сингиллар, бу маълумотлар барчага манфаатли бўлади, деб ўйлайман ва албатта бугунги қурултой мавзусида алоқаси каттадир.

Тўғриси, бу мавзу ҳақида жуда кўп гапларни айтиш мумкин. Аммо вақтни эътиборга олган ҳолда жуда ҳам қисқа суратда маълумот етказишга ҳаракат қиламан. Ўзингизга маълум, диний фанларнинг тури кўп, мутахассислик бўйича устозларимизга маслаҳат солганимда ҳадис фанини ихтиёр қилишди. Чунки мен буюк муҳаддислар диёриданман. Устоз ва машойихлар эса юртимизда ҳадис илмини қайта тиклаш зарурлигини кўп таъкидлашади. Ҳадис йўналишида илмий иш қилиш вақти етиб келганида, мавзу аёллар ҳақида бўлишини жуда жуда истадим. Аммо бу осон кечмаслигини билардим. Шунда Аллоҳга таваккул қилиб, илмий ишимнинг номи: “3 ҳижрий асрдан 7 ҳижрий асргача бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросон юртларидаги муҳаддислар ва уларнинг набавий суннатни муҳофаза қилишдаги жидду жаҳдлари”, дея атадим. Мавзунинг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни айтишимиз мумкин:


Тарихни ўрганиш муҳимдир. Тарихини англамаган умматдан ёрқин келажакни кутиш қийин. Тарихидан сабоқ ололмаган уммат камолотга ва ютуққа эриша олмас. Умматнинг охири фақат унинг аввали салоҳият топган нарсадан салоҳият топади, деган гап бор.

Ислом тарихининг бошидан ҳозирги кунга қадар душман ҳужумлари тўхтагани йўқ. Улар ҳар замон ва ҳар маконда Ислом ва мусулмонларга зарар етказиш мақсадида турли воситаларни ишга солишади. Уларга бу мақсадларига етишдаги энг қулай йўл, аёлни йўлдан уриш. Аёлнинг бузилиши эса жамиятнинг бузилишидир. Шу сабаб биз шонли тархимиздан керакли сабоқларимизни олишимиз, аёлларимизга ҳақиқий намуна шахсиятларимизни кўрсатиб беришимиз керак.

Гарданимизда турган энг оғир юк, энг муҳим вазифа солиҳ авлодни етиштиришдир. Чунки улар бизнинг келажагимиз. Авлодларимизга берадиган тарбиямиз ўтмишимиздаги қаҳрамон эркак ва аёлларнинг қиссаларидан холи бўла олмайди.

Бу рисола башариятга гўзал ўрнак бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини муҳофаза қилган саййидаларнинг шахсиятларини ва уларнинг ҳадиси шарифга тақдим қилган хизматларини баён қилиш мақсадида битилди.


Аллоҳнинг фазли ва карами билан кўп сафарларда бўламан, турли миллатлар орасига, илм аҳли доирасига аралашиб, ҳамсуҳбат бўламан. Аммо кўпчилик менинг юртим ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганидан ачинардим. Мазкур илмий иш орқали юртим ҳақида бироз бўлса-да, маълумот етказа олган бўлсам, Аллоҳга шукрлар қиламан. Айниқса бизнинг юртдан ўтган аёллар ҳақидаги билимлар жуда нодир. Улар нафақат бошқа юрт вакилларидан, балки ўз юртимиз аҳлидан ҳам махфий қолган.

Лекин рисолани ёзиш осон кечмади, мавзуга доир моддалар жуда кам эди. Шу билан бирга, маълумотлар манбалар ичида жуда тарқоқ бўлиб, уни жамлаш ва мувофиқлашитириш учун анча вақт ва меҳнат сарф қилишга тўғри келди. Шу билан бирга, исм ва насаблар ноқис келган бўлиб, уни тўлдириш ва аниқлаштириш учун ҳам жидду жаҳд матлуб эди. Қолаверса, бу рисола учун андоза бўладиган бирор бир асар ёки илмий иш ҳам йўқ эди.

рисола муқаддима, кириш, икки боб, хотима ва мундарижадан ташкил топди.

Киришда муҳаддис сўзига алоқадор таърифлар, Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳақида маълумот ҳамда ўша даврлардаги аёлларнинг ижтимоий ҳолатлари баён қилинди.

Биринчи бобда ҳар асрдаги муҳаддисаларнинг таржимаи ҳоллари тартиб билан келтирилди. Муҳаддисларнинг умумий сони 91 га етди.

Иккинчи бобда эса мазкур муҳаддисаларнинг ҳадис ривоят қилиш, қилган ҳадисларининг тахрижи, ҳадис ривоятидаги забтлари ва ҳадис таълимидаги меҳнатлари баён қилинди.

Хотимада эса натижалар ва тавсиялар айтилди. Ана ўша натижалардан баъзилари: аксар муҳаддисалар илм ва ҳадис хонадонларидан бўлганлар. Уларнинг бу даражага етишларида оилаларининг ўрни каттадир.

Кўп муҳаддисалар Найсобурдан чиққан. Бу эса айнан мана шу минтақада илм жуда ривож топганига далолатдир.

Муҳаддислар фақат ҳадис илм билан эмас, балки, солиҳлик, ибодат, зуҳд, тақво, иффат, тазкия, хайри эҳсон билан шуҳрат топганлар.

Муҳаддисалар фаолияти авжига чиққан давр олтинчи ҳижрий аср бўлган.

Аср ўтган сари аёллар таржимаи ҳоли мукаммаллашиб боргани мулоҳаза қилинади. Бу эса илм борган сари ривож топганини англатади.

Бу мавзудаги муҳаддисаларининг зикри, умуман кўп муҳаддиса аёлларнинг зикри сақланиб қолишида Имом Самъоний раҳматуллоҳи алайҳнинг ўрни каттадир.

Ҳадис илми бўйича муҳаддислар ичида ҳофиза, муснида, мужийза даражаларига етганлар бор. Улардан ҳадисий китоб, ҳадисий жуз, ҳадисий фойдалар ривоят қилганлари бор. Карима Марвазия “Саҳиҳи Бухорий”ни ривояти билан, Биби бинту Абдуссомад ўз исми билан номланган ҳадисий жуз билан шуҳрат топган.  Ҳадис забтида ҳам катта хизматлари бўлган.

Мазкур аёлларнинг шогирдлари фақатгина аёллар эмас, балки кўп шогирдлари эркаклар бўлишган. Ана шу эркаклар ичида машҳур олимлар ва мансабдорлар ҳам бор.

Тўрт аёл шогирдлари кўплиги билан танилган: Карима Марвазия, Биби бинт Абдуссомад, Фотима бинт Даққоқ ва Зайна Шаърия.

Ҳижрий олтинчи аср ниҳоясида ҳадис илмидан қайтиш мулоҳаза қилинади. Бунинг сабаби ушбу диёрларга мўғулларнинг бостириб киришидир.


Таржимаи ҳолларни ўқиркансиз, ибрат оладиган жиҳатлар кўп. Муҳаддисалар ичида оила қурмай, бутун ҳаётини ҳадис хизматига тикканлар бор. Халифага дарс берганлари бор. Ҳаётининг охирги лаҳзаларида ҳам ўлим тўшагида ётиб ҳадис ривоят қилганлар бор.


Аллоҳ таолонинг марҳамати билан илмий ишимни Шайх ҳазратлари ва ўзим таҳсил олган Ливия давлатидаги Исломга чақириқ университетига тобе Истанбулдаги Имом Молик академиясида араб тилида ёқлашга муваффақ бўлдим.

Рисола устозларимизга, хабар топган аҳли илмларнинг барчаларига манзур келди ва буни ҳақиқатда янгилик ва аҳамиятли асар деб баҳоладилар. Шунингдек, юртдошларимиз ҳам бу ютуқдан бағоят мамнун бўлишди.

Ҳадис билимига оид, ватаним тарихига алоқали, аёллар фаолияти ҳақида ёзиш имкониятини менга берган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтаман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари билан видолашар эканлар, уларга васият қилиб икки нарсани маҳкам ушлашларини, агар ушласалар, ҳаргиз адашмасликларини айтилар. Улар ҳам бўлса Қуръон ва суннатдир.

Юқорида зикри келган аёллар суннатни маҳкам ушлаган ва бошқалар ҳам уни маҳкам ушлашлари учун фидокорли қилган аёллардир.


Азизаларим, модом Қуръон ва суннатни маҳкам ушлар эканмиз, бу ва аввалги қурултойларимизда кўрилган муаммо ва масалалар ечимини тўғри топамиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло сизу бизни шариатимиз, халқимиз ва ватанимиз хизматида бардавом қилсин!


Одинахон Муҳаммад Содиқ

Муслима аёллар ташкилотларининг ўнинчи Умумроссия қурултойида сўзлаган нутқи


Москва

Мавзуга оид мақолалар
3 « , ». « ». Учинчи ҳадис Амр ибн Мурра Жуҳанийдан ривоят қилинади «Расулуллоҳ давоми...

10:31 / 13.12.2018 3398
 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бу дунёда бизларни нозик ҳилқат давоми...

19:54 / 20.01.2017 3199
Озиш, вазнимизни камайтириш учун баъзан нималар қилмаймиз ўзимизни охири йўқ парҳезлар билан қийнаймиз, давоми...

20:18 / 18.01.2019 2897
   Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким бир увқия қийматида давоми...

15:12 / 10.10.2016 7480