ИЗҒИРИНЛИ КУЗ ЭДИ…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнгги пайтларда аёллар билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Оилавий зўравонлик ҳолатларининг кўпайиб бораётгани бу борада ечилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. Оилавий ва маиший зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, бундай ҳаракатлар қурбонига айланган шахсларни қўллаб-қувватлаш асосий масалалардан бири сифатида кўрилмоқда.

Борлиқнинг зимдан қишга тайёргарлик кўраётгани кузнинг
ифоридан, япроқлари тарк этаётган дарахтларнинг тушкун қиёфасидан аён… Бу тушкунлик уй юмушларини тугатиб, ҳовлига чиққан Дилшодага ҳам кўчгандек. Унинг кўнглига чироқ ёқса ёришмаяпти. Сабаби уйида янa жанжал бўлди. Эри бу гал ҳам уни камситиб, ҳақоратлади. Аямай дўппослади…

«Бу кеча ҳаммасига нуқта қўяман» деди у ўзига ўзи. Неча йиллик азобларга оиласини сақлаб қолиш, фарзандларини етим қилмаслик учун чидаб келаётган аёлнинг сўнгги қарори шу бўлди. Бу сафар уни негадир норасидаларининг тақдири ҳам қизиқтирмади.

Азобларга барҳам беришнинг чораси шу деб билди…

Бундан ўн йилча аввал Қобил ва Дилшода турмуш қуришди. Кетма-кет туғилган уч фарзанд оиланинг бахтига бахт, қувончига қувонч қўшди.

Кексаларимиз бежиз охири билан қувонтирсин дейишмас экан. Ҳамма ҳавас қиладиган бу оилани Қобилнинг қинғир қадамлари барбод қила бошлади: у Малика исмли аёл билан танишиб, хуфиёна учрашиб юрадиган бўлди. Бу ҳам етмагандай, бўлар-бўлмасга жанжал кўтариб, Дилшодани ҳақоратлайдиган одат чиқарди. Малика билан муносабатлари чуқурлашиб боргани сари хотинига тазйиқи кучайиб бораверди.

Бора-бора Қобил ҳақоратлаш билан чекланмасдан, ажрашиш учун баҳона излаб хотинини урар, руҳан азобларди.

Кунларнинг бирида Қобил Дилшодани бўғиб, кейин уриб-тепиб жароҳат етказди.

Шунча хўрликка қарамай оила шаънини муқаддас билган аёл суриштирув давомида турмуш ўртоғига нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида ариза берди. Аризага асосан туман ИИБ жиноят иши қўзғатишни рад этган. Шундан ҳам хулоса чиқармаган Қобил аёлига нисбатан тазйиқларини давом эттираверди.

Навбатдаги жанжалдан кейин Қобил хотини ва болаларини қайнонасиникига олиб бориб ташлади. Ўзи эса Маликани уйига олиб келиб яшаб юрди. Бундан хабар топган Дилшода ва онаси уйига келиб жанжал кўтаришди. Андишасиз куёв эса уларни ҳақоратлаб, қўлига пичоқ олиб қўрқитди. Бироқ Дилшода ҳам, онаси ҳам бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришни ўзларига эп кўришмади.

Хиёнаткор ва золим эрининг қилмишларига қарамай Дилшода у билан яна бирга яшай бошлади. Аммо ҳақорат ва қийноқлар кўпайса кўпайдики, камаймади.

Дилшода оиласини сақлаб қолиш учун маҳаллага мурожаат
қилди. Маҳалла ходимларининг маслаҳатлари ҳам Қобилга кор қилмади.

Октябрь ойининг ўрталарида Малика ҳеч тап тортмасдан
Қобилнинг уйига кириб келди.
Қадр-қиммати камситилган Дилшода буни ҳазм қилолмай жанжал кўтарди. Орадан бир неча кун ўтгач, Қобил Дилшодани яна аёвсиз калтаклади.

* * *

Дилшода фарзандларини сўнгги бор кўриш учун ўғлининг хонасига кирди. Ширин тушлар оғушида ётган ўғлининг пешонасидан, юзидан ўпиб, ичида «Сингилларинг сенга омонат, менинг полвон ўғлим» деди кўз ёшларини тия олмай. Кейин оҳиста қизларининг хонасига кирди. Кузнинг изғиринли кечаси эмасми, жунжикибгина ухлаб ётган қизларининг устига кўрпасини ёпди. Иккаласининг ҳам юзларидан ўпиб, сочларини силади.

«Юзингиз менга ўхшаса-да бахтингиз ўхшамасин» дея ич-ичидан йиғлади. Эндигина бир ярим ёшга кирган кенжасининг ёнидан ҳечам жилгиси келмади. Унинг сочларини қайта-қайта силаб, ҳидига тўймади…

* * *

Муттасил тазйиқ ва азоблардан тўйиб кетган она бошини
сиртмоққа тиқди… Шу ҳолатидаям «Уйлар совуқ, кичкинамнинг
усти очилиб қолмасин-да» деган ҳадик тарк этмаган эди уни. Сўнгги лаҳзада унинг кўз олдида турмушининг илк йиллари, фарзандларининг атак-чечак қилганлари, бир пайтлар ҳамма ҳавас қилган бахтли турмуши бирма-бир гавдаланди… Бироқ, афсуски…
Яна бир муштипар аёл зулм ва зўравонлик қурбони бўлди.

* * *

Руҳий изтироблар, қалб хотиржамлиги ва иймонга суянадиган ироданинг йўқлиги сабаб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради. Наҳотки шу муаммога ечим бўлса? Наҳотки таслим бўлиш шунча осон?!

Аллоҳ таоло одам боласига ато этган неъматлардан энг қимматли ва муҳимларидан бири ҳаёт, тириклик неъматидир. Ислом динида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳ ҳисобланади. Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирадилар: «Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим” деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

* * *

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а» банди (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан айбланган Қобил Жумаев суд ҳукми билан жазосини олди. Аммо бир жон увол
кетди, ортидан болалари бўзлаб қолди.

Ўйлаб қоласан киши. Мана шу уч норасиданинг уволи кимни тутаркин? Бировнинг бахтсизлиги эвазига бахтга эришиб бўладими? Дилшодага татимаган бахт Маликага ҳам татимаслиги аниқ.

Фазилат ЁДГОРОВА

"Ҳуқуқ" газетаси бўлим муҳаррири


Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама суҳбат иштирокчилари. давоми...

07:17 / 09.02.2017 3245
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу Аввало, муҳтарам шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг давоми...

08:55 / 03.02.2017 6397
 Ҳар тонг уйғонганингда сенга 86400 доллар берилади. Аммо бир шарт билан кун давомида пулнинг ҳаммасини давоми...

20:37 / 28.02.2017 5446
 Аллоҳ таоло    «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил давоми...

13:20 / 25.01.2017 32060