Саодат асри хонимлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


«Эй онажон! Аллоҳ таоло сизни мағфират қилсин, кечирсин, сизни Ўзи мукофотласин.  Аллоҳ сизни раҳматига олсин. Ўзингиз оч бўла туриб, мени тўйдирдингиз, емай едирдингиз, киймай кийдирдингиз. Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ таолодир. У доимо барҳаётдир.

Аллоҳим! Онам Фотима бинти Асадни афв эт, гуноҳларини кечир. Унга ҳужжатингни билдир, қабрини кенгайтир. Эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси Аллоҳим! Мен Пайғамбаринг ва ўтмишдаги барча пайғамбарларинг ҳаққи-ҳурмати, бу дуоларимни ижобат айла!»

 

Дуоси Аллоҳ ҳузурида бешак ижобат Зотнинг  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шундай дуоларини олишга муяссар бўлган бу саҳобиянинг кимлигини билишни истайсизми?  

Бундай дуолар эгаси,  саодатманд аёллардан бири  Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳудир.

 

Фотима бинти Асад

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобия ҳақида: «У менинг онам эди», дея марҳамат қилганлар

 

Исломнинг илк пайтларидаёқ ҳидоятга эришган саҳобия аёллардан бири Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо эди. У Бани Ҳошим авлодидан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва ҳомийлари Абу Толибнинг аёли, Ҳазрати Алининг онаси эди. Пайғамбаримизнинг оналари ва боболари вафот этишгач, амакилари Абу Толиб у Зотни тарбиясига олади. Унинг аёли Фотима эса кичкина Муҳаммадга у уйларига келганидан бошлаб меҳр-мурувват ва шафқат кўрсатди. Ўз фарзандларидан ҳам кўра кўпроқ Муҳаммадни ўйлар, жону дилдан парвариш қилар эди. Орадан йиллар ўтди. Муҳаммад қирқ ёшга тўлганида ваҳий кела бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг биринчи уч йилида одамларни яширин тарзда Исломга чорлар ва бу ишни ниҳоятда махфий, оҳиста олиб борардилар. Ниҳоят, бу динни кенг оммага етказиш пайти келди. Ишни қаердан ва кимдан бошлаш Расули акрамга ваҳий орқали билдирилди:«Яқин қариидошларингизни охират азобидан огоҳлантиринг!» (Шуаро, 214). Шундан кейин Расулуллоҳ бутун қариндошларини тўплаб, бундай дедилар: «Ҳамд фақат Аллоҳга хосдир. Унга ҳамд айтаман. Ундангина мадад сўрайман, ёлғиз Унга иймон келтираман ва Унга таваккул қиламан. Мен кўзим билан кўргандек биламан ва сизга ҳам маълум қиламанки, Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ. У бирдир, Унинг шериги ва тенги йуқдир. Сизларни ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга чақираман. Мен Унинг бутун инсониятга юборган сўнгги Пайғамбариман. Аллоҳга қасам, сизлар уйқуга чўмганингиз каби ўласиз. Уйқудан уйғонгандек тириласиз ва қилган барча амалларингизнинг ҳисобини берасиз. Эзгу ишларингиз мукофотини, ёмон қилмишларингиз жазосини оласиз. Бу ҳам бўлса, ё абадий жаннатда ёки тоабад дўзахда қолиш демакдир. Биринчи марта охират азобидин огоҳ этган одамларим сизларсиз. Эй Абдулмутталиб авлоди! Мен сизларга улуғ ва қийматли, дунё ва охиратингиз учун фойдали нарсалар келтирдим. Араблар орасида ўз қавмига бундан яхшироқ нарса келтирган кимсани билмайман. Мен сизларни осон, енгил ва мезонда тош босадиган (оғир келадиган) икки калимага даъват қиламан. У ҳам бўлса: «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ» (Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир), деб айтишингиздир». Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу сўзларни айтганларидан кейин қариндошларидан бир нечаси иймон келтиришди. Фотима бинти Асад ҳам ана шу бахтиёр инсонлар орасида эди. Эри Абу Толибдан ташқари барча фарзандлари бирин-кетин мусулмон бўлишди. Расули акрам бир сафар яқин қариндошларига мурожаат қилиб, сўзлари сўнггида: «У ҳолда қайси бирингиз бу йўлда менга тобеъ, ёрдамчи ва вазирим бўласиз?» дедилар. Ўн икки-ўн уч ёшлардаги Али ўринларидан сакраб турганларида Расулуллоҳ: «Сен ўтир!» дедилар. Кейин саволларини яна уч бор такрорладилар. Ҳар сафар Али ўринларидан туриб «Мен!» дердилар. Учинчисида яна Али ўринларидан туриб бундай дедилар: «Ё Расулуллоҳ! Ёшим ҳар қанча кичик бўлса ҳам, мен сизга ёрдамчи бўламан!» Ҳали ёш бола Алининг бу самимий сўзлари Расули акрамни жуда тўлқинлантириб юборди. Аллоҳ Фотима бинти Асадга шундай фидокор ва солиҳ фарзандлар берган эди. Фотима бинти Асад гўзал ахлоқли, юшмоқ табиатли булиб, Пайғамбаримизнинг ҳузурларида эътиборли аёллардан эди. Расулуллоҳ уни мадҳ этар, ҳурматини жойига қўяр эдилар. Чунки Фотима бинти Асад, юқорида айтилганидек, Пайғамбаримизни болаликларидан парвариш қилган. У ўз фарзандлари туриб, аввал у Зотнинг қорниларини тўйғазар, олдин у Зотнинг бошларини меҳр билан силар, сочларини тарар эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу саҳобия ҳақида: «У менинг онам эди», дея марҳамат қилганлар. Икки олам сарварининг муборак оғизларидан бу сўзларнинг чиқиши Фотима бинти Асад учун буюк саодат эди. Даврлар ўтиши билан Фотима бинти Асаднинг ҳам умри ниҳояланди ва абадият сари йўл олди. Пайғамбаримиз устларидаги кўйлакларини ечиб, у билан марҳумани кафанлашни буюрдилар. Бу аёлга жаннат либослари кийдирилиши учун шундай қилганларини айтдилар. Расулуллоҳ имомликларида жаноза намози ўқиб бўлингач, майитни у Зот шахсан ўзлари қабрга қўйдилар. Қабрдан чиқаётганларида икки кўзларидан ёшлар оқарди. У ерда ҳозир бўлган Ҳазрати Умар ва бошқалар Расулуллоҳ Фотима бинти Асаддан бошқа ҳеч кимга бундай қилмаганларини айтишади. Кейин Расулуллоҳ қабр бошида бундай дуо қилдилар: «Аллоҳ таоло сизни мағфират қилсин, кечирсин, сизни Ўзи мукофотласин. Эй онажон! Аллоҳ сизни раҳматига олсин. Ўзингиз оч бўла туриб, мени тўйдирдингиз, емай едирдингиз, киймай кийдирдингиз. Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ таолодир. У доимо барҳаётдир. Аллоҳим! Онам Фотима бинти Асадни афв эт, гуноҳларини кечир. Унга ҳужжатингни билдир, қабрини кенгайтир. Эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси Аллоҳим! Мен Пайғамбаринг ва ўтмишдаги барча пайғамбарларинг ҳаққи-ҳурмати, бу дуоларимни ижобат айла!» Дуоси Аллоҳ ҳузурида бешак ижобат Зотнинг ана шундай дуоларини олишга муяссар бўлиши бу саҳобиянинг том маънода саодатманд аёллардан эканидан дарак беради. Аллоҳ ундан рози булсин.

Нуъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

Манба: siyrat.uz 

Мавзуга оид мақолалар
,Аёлларнинг жинсий аъзосига томизишда ҳеч бир хилофсиз рўза бузилади. Бу саҳиҳдир. Фатавойи Ҳиндияrdquo. давоми...

21:28 / 18.04.2023 1507
Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар давоми...

10:28 / 24.01.2017 7421
Керакли маҳсулотлар 250 г маргарин 0,75 л сут 2 та тухум 50г ўсимлик ёғи 1,5 пиёла шакар 1 ош қошиқ хамиртуруш давоми...

12:14 / 29.11.2016 6775
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан давоми...

12:08 / 12.10.2016 3127