Ўзбекча сўз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бобом ҳақидаги хотираларим яна ўз-ўзидан беғубор болалигим ўтган лаҳзаларга етаклайверади. Бобом менга жуда кўп ҳикоялар айтиб берган эди. Илиқ ёз кечалари катта гилос дарахти тагидаги пастаккина айвон бизнинг узундан-узоқ суҳбатларимизга гувоҳ бўлган.

Кечки овқат еб бўлинар-бўлинмас беихтиёр ҳикоялар бошланиб кетади. Ҳар сафар бошқа бир ҳикоя, лекин “Нон” ҳикояси ва “Ўзбекча сўз” ҳикоясини ҳамма набиралар ёд билишади. “Ўзбекча сўз” ҳикоясини бобом мана бундай айтиб берган:

“1943 йил... Мен ўнг қўлимдан яраланиб госпиталга тушиб қолдим. Ҳамма ёғим кулга беланган. Ёнимдаги танкнинг портлаши оқибатида қўлимдан қаттиқ ўқ едим. Кийимларимдан тутун ва заҳарли қўланса ҳид анқиб кетган. Оғриқдан бутун аъзойи баданим зир титрарди. Кўп қон йўқотдим шекилли,ҳолдан тойиб тилим калимага келмай қолган эди. Рус ҳамшира аёл енгимни қирқиб қўлимни тозалади. Доктор ҳам тезда келди ва ярамни очиб, ўқни олиб ташлади. Ўша пайтлар укол-дорилар танқис, оғриқ қолдирувчи малҳамлар фақат бир маҳал берилади. Икки соатдан сўнг бутун танамни даҳшатли оғриқ тутди. Эс-ҳушимдан айрилай деб дод демоқчи бўламан-у, атрофимдаги ярадор аскарлардан хижолат тортаман. Ич-ичимдан бир сўз отилиб чиқди: “Она!” Бу сўзни бақириб айтсанг ҳам, ичингда сўзсиз айтсанг ҳам, ҳатто эсласанг ҳам роҳат ‒ ҳузур бағишлашини ўшанда билдим. Бу сўз жанг майдонларида ҳам, дам олиш дақиқаларида ҳам, мана шундай изтиробли кунларда ҳам жангчи-аскарлар томонидан энг кўп ишлатиладиган, энг содда, энг осон ва энг таниш, энг ёқимли ва энг жарангдор сўз! Атрофимда ўнлаб ярадорлар ётибди. Баъзи бировларини боши яраланган, баъзиларининг қўли ё оёғи йўқ, баъзилари эса уруш даҳшатидан ақлдан озган, яна мудҳиш йўқотишлар... Лекин уларнинг кўпчилиги қайси тилда бўлмасин, мен лаззат туйган ана шу оромбахш ва сеҳрли сўздан нажот топадилар: мама, дорогая, ана, эне, анна, апа....

Қулоқ солиб ётибман. Бу ифодалар қалбимга яқин, эшитганда юрак ором олади, қалблар таскин топади, дардлар арийди, ҳузур хаёлларни чулғаб олади: Олис қишлоғимнинг пахтазор далаларида меҳнат қилиб фронт ортида ишлаётган муштипар онам, чанг кўчаларида югуриб юрган укаларим, ўчоқ бошида куйманиб юрган, менинг йўлларимга умид билан кўз тутган турмуш ўртоғим Сора ва ҳали туғилмаган фарзандим кўз олдимда намоён бўлади. Шундай ширин хаёллар оғушида мен аста-секин ўзимга кела бошладим. Бир ҳафтадан сўнг касалхонага яна бир ярадор йигитни олиб келишди. Бечора бошидан яраланган, ҳушсиз, юзлари қонга беланган ҳолда ётарди. Жасур рус шифокорлари йигитни тезлик билан операция қилиб бошини оппоқ қилиб боғлаб қўйишди. Бир кун кечгача сўзга келмади. Кўринишидан кўзлари қисиққина, бироз тўлачадан келган, бўй-басти мендан тикроқ йигитни қирғиз бўлса керак, деб суюндим. Унинг тезроқ оёққа туриб соғайишини, қирғизча бўлса ҳам у билан соатлаб суҳбат қуришни энтикиб кутдим. Чунки икки йилдан бери жанг майдонларида лаънати совуқ урушнинг портлашларидан қулоқлар қоматга келган, умидсизлик ва нотаниш жангчилар билан елкама-елка отишувлар ҳар қандай сабрли одамни чарчатади. Бугунгидек лаҳзаларнинг баҳоси эса, жонинг оғриганда ҳам тиллога топилмайди. Йигит уч кун деганда алаҳсирай бошлади: “Она... Она...”.

Қулоқларимга ишонмайман! Наҳотки, наҳотки бу йигит ўзимиздан бўлса, наҳотки бу йигит ўзбек йигити бўлса! Бир оёқда ҳакиллаб ҳассамга таяниб унинг бошига бордим. Лаблари қуруқшаб ёрилиб кетган, иситмадан бадани қизир, аъзойи бадани зир қақшар, бир кўзидан эса, милтиллаб ёш оқарди. Лаблари беихтиёр пичирлади: “Сув...” Унга зудлик билан сув тутдим. Бир- икки қултум сувни базўр ичиб бироз тинчланиб қолди. Ҳамшира аёл йигитни мижжа қоқмай дори ичириб чиқди. Уч-тўрт кунда ўзига келиб овқатга кириб қолди. Қанийди шу йигит тезроқ тузалиб, у билан тезроқ гаплашсам, балки мен билан ҳамюртдир у?.. Секин-аста йигит билан танишиб, бирпасда юз йиллик қадрдон ака-укалардек чиқишиб кетдик. Тошпўлат исмли бу йигит асли фарғоналик бўлиб, мендан икки ёш кичик, ҳали уйланмаган экан. Қишлоғидаги Насиба исмли қизни севишини, унга нон синдирилган пайтда Она Ватан ҳимояси учун жангга отланганини, агар  урушдан эсон-омон қайтса, унга уйланмоқчи эканини ҳаяжонланиб сўзлаб берарди. Бошидаги оғриқни жуда яхши ҳис қилганим учун унга Насиба ҳақида савол бераверардим.Тошпўлат оиласи ва орзулари ҳақида гапирганда гўё бир дақиқага дардларини ва бошидаги оғриқни унутгандек бўларди. Мен уни бироз бўлса ҳам чалғитишга, кўпроқ гапиртиришга уринардим. У ҳам севган қизини Ватан ҳимояси йигит кишининг олий ва шарафли бурчи эканига, ўзининг, албатта, ғалаба қилишига ишонтирганини ғурурланиб айтиб берарди.

Тошпўлат билан бўлган қизғин суҳбатларимиз то тонггача чўзилиб кетарди. Унга жуда ўрганиб қолган эдим. Ўн кун деганда мен анча соғайиб, яраларим бита бошлади. Тошпўлатнинг аҳволи эса, яхшиланиш ўрнига оғирлашиб борарди. Яраси битмай қийнар, кўп қон йўқотганидан ҳолсиз, бемажол эди. Кўз олдимда инграб, баъзан тонггача алаҳсираб чиқарди. Энди унга оғриқ қолдирувчи уколлар таъсир қилмай қўйди. Госпиталда шифокор битта, ярадорлар эса, қирқ- элликта. Ҳар бири дард тортиб инграйди. Тошпўлат ҳам гоҳ ҳушидан айрилиб, гоҳ ҳушига келади. Бугун у оғирлашиб қолди. Мен ўзимдан ҳам кўра кўпроқ унинг соғайишини кутардим. Ундан айрилиб қолишни сира истамасдим. Бор диққатимни тўплаб докторнинг ташхисини тушунишга ҳаракат қилардим. Биродарим ёнимдаги кушеткада ўлим билан олишарди. Қуруқшаган лаблари бир нималар деб пичирларди. Бор вужудим қулоққа айланиб унинг лабларига термуламан. “Она, биз ғалаба қиламиз. Насиба, мени кут...” Бир оёғим билан оқсаб-оқсаб унинг бошига бордим. Қонли бошини аста қучоғимга олдим: “Тошпўлат, биродарим, мен ёнингиздаман. Сув берайми?”дедим. У мени эшитмас, танимас, энди тамомила ўзини Ҳаққа топшираётган эди. Кўзларим жиққа ёш, бағримга босдим.  Жангчи биродарим, елкадошим, ҳамюртим Тошпўлатнинг жонсиз танаси қўлларимда қолди. Доктор унинг шинели чўнтагидан ғижимланиб кетган бир расмни олиб менга тутқазди.

Уч-тўрт кундан сўнг мени лагерга қайтиб кетишимга буйруқ келди. Тошпўлатдан айрилган кунимдан бери она қишлоғимни, оилам ва келган кунларимни эслаб, юрагим алланечук бўлиб кетди. Мен яна жангга отланиб, йўл ҳозирлигини кўра бошладим. Европа мамлакатлари сарҳадларида икки йил жанг қилдим. Германиягача бўлган масофани солдатлар билан бирга босиб ўтдик. Дўстим Тошпўлатнинг ёрқин хотираси, Она Ватанга муҳаббат ва ғалабага бўлган ишонч менга жанг майдонларида куч ва шижоат бағишлар эди. Ўзбек тилида айтилган “Она”, “Ватан”, “Муҳаббат” сўзлари менинг юрагимга ёзилгандек эди.

Орадан йиллар ўтиб, жангчиларнинг ягона орзуси бўлган ғалаба кунлари ҳам етиб келди. Ва ниҳоят, 47-йил кузда ўз она юртимга бир қўлим ва бир оёғим чўлоқ ҳолда қайтиб келдим. Ҳарбий ҳаётимдан ўрин олган, ёдимда  бир умрга сақланиб қолган биродарим, жангчи дўстим Тошпўлатнинг оиласи ҳамон мени ўйлантирар эди. 52-йили уларни излаб топиш учун Фарғонанинг Бувайда туманига йўл олдим. Йигит айтган манзилни, ака-укаларини, Насиба исмли қизни роса қидирдим ва уларни топдим. Мен Тошпўлат билан ўтган ҳар бир дақиқамни ҳикоя қилиб бердим. Улар билан роса йиғладик. Менинг юрагимга ўқдек санчилган нарса Насибахоннинг ҳалиям ёрининг кутаётгани бўлди. Аёл ҳалигача турмуш қурмабди. Маҳалладаги икки етим болани асраб олган экан. Унинг дардини янгилаб қўйганимдан, очиғи, ўзимдан роса хафа бўлиб кетдим. Ортимга чуқур қайғу ичида қайтиб кетдим. Бирор кимсанинг “Она”, деб чақирган овозини эшитсам, ногоҳ кўз олдимда Тошпўлат намоён бўлаверади. Дўстимнинг айтган бу ёқимли сўзи ‒ ўша ўзбекча сўз менга уруш майдонларидан соғ-омон қайтишимга умид, дардимга даво, соғинч-изтиробларимга малҳам, иссиқ оилам бағрига қайтиш учун куч ва ишонч бағишлаган эди...”

Дилором Эргашева,

Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани,

10-умумий ўрта таълим мактаби муаллими

Мавзуга оид мақолалар
2011 йили БМТнинг ЮНЕСКО Бош конференцияси ўзининг 36сессиясида 13 феврални Халқаро радио куни деб эълон қилди. давоми...

14:29 / 13.02.2019 4576
смартфонларга қарамликbull Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизмиАгар шундай бўлса, давоми...

21:39 / 19-yanvar 4263
Kuni kecha ustozlar ustozi Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahulloh asos solgan .Peshqadamlar karvoni, loyihasining bir yillik sarhisob tadbirida qatnashdim. Tadbir juda manfaatli va fayzli давоми...

02:31 / 08.06.2023 1536
Бисмиллаҳир Романир Роҳим Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

21:44 / 13.12.2016 3764