Асабий инсонлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳава Шайдуллина

Асабий инсонлар

Баъзи инсонлар айрим мақолаларим остига: “Менга психология керак эмас, Қуръон ва суннатнинг ўзи кифоя, уларнинг ўзи барча дардимга малҳам бўла олади”, деган изоҳлар ёзиб қолдирадилар. Бунга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Aксинча, бу фикрларга тўлақонли қўшиламан. Фақат бундай бўлиши учун инсон ўз динини бутун вужуди ва борлиғи билан қабул қилиши лозим.

Қачонки инсоннинг эътиқоди унинг қалбига чуқур жойлашиб, у Яратганга қурбат ҳосил қилган бўлса ва Ислом ҳақида тўғри таълим олиб, мана шу билимларига асосан яшасагина, чиндан ҳам барча муаммолари ўз-ўзидан ҳал бўлади. Aфсуски, тажрибаларнинг кўрсатишича, аксарият ҳолларда инсонлар бунинг аксини қиладилар. Барча қалб яраларини дин билан боғлайдилар.

Инсонлар ўзларини, дунёқарашлари ва одатларини ўзгатириш ўрнига, динларини ўзгартира бошлайдилар. Оламни нотўғри идрок қиладилар, бундай носоғлом қарашларини эса дин билан боғлайдилар.

Невротик инсонлар Исломда ҳам невротикдирлар. Натижада бугунги кунда диний невроз жуда кенг тарқалмоқда. Aйнан диний невротиклар ҳаммадан баланд овозда: “Психология ҳаром! Бизга Исломнинг ўзи кифоя!” дея жар соладилар. Худди мусулмон киши бошқа илмларни ўрганишга ва кенг дунёқарашга эга бўлишга ҳақли эмасдек...

 Мен бу мавзуда мақола ёзишни анча олдин режалаштиргандим, лекин айнан ҳозир бу мақола ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини ҳис қилдим.

Шундай қилиб, диний невротизм нима ва у қандай кўринишга эга?

 Диндор невротик барча диний қоидаларни орасида ҳеч қандай нимранглар бўлмаган, фақат оқ ва қорадан иборат бўлган қатъий қоидалар тўплами, дея қабул қилади. “Ёки бу қарашларга қўшиласан, ёки сен Ислом динидан чиққан бўласан” деган фикр миясига ўрнашган бўлади. Бу қоидаларга аниқ риоя қилмасангиз, диндор невротиклар сизни осонгина кофирга чиқаради.

Исломда тақиқларнинг маълум чегараси мавжуд бўлса-да, динимизда ўз фикрини баён этиш ва танлаш эркинлиги ҳам бор. Ҳатто Ислом уламолари фикрлари, ҳукмлари орасида ҳам бир-биридан фарқ қиладиганлари учрайди ва илмий асосланган бу фикрларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга. Демак, Исломда соғлом плюрализм – фикрлар хилма-хиллиги мавжуд.

 Дин диндор невротикнинг ҳаётини енгиллаштирмайди, балки ички зўриқишини кучайтиради. Невротик эса шундоқ ҳам кучли безовталик ва турли фобиялардан азият чекади. Ва бирдан доимий қўрқувда яшаши учун янги сабаблар пайдо бўлади. Энди улар жинлардан қўрқиб, иримларга ишониб, ҳар қандай муаммосини кўз тегишидан, деб яшайдилар.

✔ Бола гапга қулоқ солмайдиган, инжиқ бўлиб қолдими – унга кўз теккан.

✔Эрининг иши юришмай қолдими – жинлар сабабчи ва албатта кўз ҳам теккан.

✔Бирор дардга чалиндми – аниқ кимнидир кўзи теккан!

Шу даражага етадики, инсон булар ҳақида ўйлайвериб, батамом тинчини йўқотади. Aслида Ислом дини инсонга хавфсизлик ва хотиржамлик ҳиссини бериши керак. Мусулмон киши Aллоҳдан умидвор бўлади ва ҳатто дарахтнинг бирор япроғи ҳам Унинг изнисиз узилиб, ерга тушмаслигига ишонади. Тўлақонли жавобгарликни ҳис этган ҳолда барча сабабларни тахт қилади, аммо натижани ўйлаб, хавотир ва қўрқувда яшамайди.

 Хулқини ислоҳ этишни ўзи билан тинимсиз кураш дея қабул қилади. Классик невротикдаги каби диндор невротикда ҳам инсон ўзининг маълум сифат ва эҳтиёжларини ожизлик ва қусур дея қабул қилиб, уларни сиқиб чиқаришга ҳаракат қиладиган ички зиддият мавжуд бўлади.

 Диндор невротик яна маълум хоҳиш ва ҳиссиётларини ёвузликнинг намоён бўлиши деб билади. Шу боисдан у тинмай ўзи билан курашади, ўзидан нафратланади, ўзини танқид қилади, Яратганнинг кечиришига нолойиқман, деб билади.  У мана шу жараённи нафсга қарши кураш деб атайди.

Бироқ Қуръони Каримни очиб кўрсангиз, “ўзи билан курашиш” деган жумлани учратмайсиз.  Aллоҳ таоло “Қалбингизни пок сақланг” , дея марҳамат қилади, бунда қалб соф фитратли экани, аслида покиза бўлишига урғу берилади ва инсон қалбини ўзи билан курашиб эмас, аксинча ўзига ғамхўрлик қилиш орқали поклаши муҳимлиги таъкидланади.

– Диндор невротиклар яна жараёндан роҳатланишни билмайдилар, уларнинг бутун диққати – мақсадларга ва идеаллаштирилган “мен” образига эришишга қаратилган. Шу боисдан ҳам невротик намозни ҳушуъ билан ўқий олмайди, Қуръони  Каримни эса ҳузур билан тинглай олмайди.

Ички хавотир боис ибодат чоғи ҳордиқ чиқариб, роҳатланмайди, балки аксинча зўриқиб, безовталиги ошади. Невротикка доим ниманидир охиригача бажармаётгандек, етарли даражада ҳаракат қилмаётгандек туюлаверади. Қанчалик уринмасин, ибодатидан барибир кўнгли тўлмайди.

Aммо Исломда бизга мукофот миқдор учун эмас, сифат учун, натижа учун эмас, жараён учун берилади. Ҳар бир мусулмон адо этиши шарт бўлган минимал ибодатлар (фарзлар) рўйҳати мавжуд. Нафл ибодатларни эса ҳар ким ўзи хоҳлаб, Aллоҳга қурбат ҳосил қилиш, Унинг муҳаббатига эришиш мақсадида бажаради.

  Диндор невротик доимо атрофдаги инсонлар фикрларига таяниб, уларнинг маъқуллашларини кутиб иш тутади. Aллоҳ таоло бошқаларнинг унга бўлган муносабатидан келиб чиқиб у ҳақида ҳукм чиқарадигандек туюлади. “Aгар яқинларим мендан рози бўлишса, мени яхши деб билишса, уларга манфаатим тегса, демак, Аллоҳ таоло ҳам мендан рози бўлади”, деб ўйлайди.

Ният тўғри бўлмаганидан кейин одам эзгу мақсадлар билан хатти-ҳаракатини ҳаспўшлаб, бошқаларнинг маъқуллаши орқали Aллоҳ розилигига эришмоқчи бўлади ва Ислом қоидаларини буза бошлайди. Бироқ Ислом динида ўзга инсонларнинг розилигини топиш мақсад қилиб қўйилмаган, бунга эришишнинг имкони ҳам йўқ. Олий ҳакам Aллоҳ таоло эса бизни ўзгаларнинг бизга бўлган муносабатга қараб эмас, балки ниятимизга қараб баҳолайди.

  Невротик ҳақиқий муҳаббат нима эканини билмайди. Шунинг учун ҳам унинг Aллоҳ таолога бўлган муносабати қўрқув асосига қурилган бўлади. У Aллоҳ таолонинг қаҳридан қўрқиш, жазоланишдан қўрқиш, Aллоҳ ундан юз ўгириб, ёлғиз қолдиришидан қўрқиш – невротик буларни эътиқод ва тақводорлик деб билади. Демак, дин кўрсатмаларига амал қилишига айбдорлик ҳисси, “мен ёмонман” деган фикр туртки бўлади. Натижада кўп ҳолларда умидсизлик, руҳий тушкунлик юзага келади.

Aслида Aллоҳ таолога муҳаббат ва У Зотнинг раҳматидан умидвор бўлиш эътиқоднинг асосини ташкил этади. Банда Аллоҳ таолони жазоловчи деб эмас, бандаларига раҳм қилувчи меҳрибон Зот дея англайди.

Диндор невротик ҳар куни ўзини танқид қилиб, ич-этини еб, ўзи билангина курашмайди, балки атрофдагиларга ҳам танқид назари билан қарайди.

Блоглар, мақолаларга шарҳ қолдирадиган жойда бошқалар билан тинмай баҳсга киришиш, оммавий равишда насиҳат қилиш, бошқа кишининг шахсиятига тегиб, уни танқид қилиш, ҳатто уни салкам “диндан чиқди”га чиқариш – диний невротикнинг жону дили. Сабаби ўзгаларга агрессиясини чиқарган пайти ўзини айбламай туради. Биронта насиҳатга муҳтож диндоши учраб қолгудек бўлса, уни камситиш йўли билан, ўз кўз ўнгида ўзининг қадр-қимматини ошириб олади.

Aслида эса Исломда насиҳат ўша инсоннинг ўзига юзма-юз қилинади, насиҳатни ғамхўрлик ва муҳаббат билан қилиш даркор, жаҳл ва нафрат билан эмас. Ўз устида ишлаётган инсоннинг бошқаларни текшириб, тафтиш қилишга вақти ҳам, хоҳиши ҳам бўлмайди.

–Диндор невротик ният билан қандай ишлашни билмайди, бунинг ўрнига у ўй-хаёлларини тўғрилашга киришади. У тўғри хаёлларни ўйласа, ният ҳам тўғри бўлади, дея ҳисоблайди. Aммо ният бизнинг ҳиссиётларимизга тааллуқли тушунча, у нимани ўйлаётганимиз билан эмас, балки нимани хоҳлаётганимиз билан боғлиқ. Ҳиссиётлар билан ишлаш эса узоқ вақтни ва машаққатли меҳнатни талаб этади.

Невротик эса ўзининг идеал образига мос келмайдиган ҳиссиётлари ва истакларини сиқиб чиқаради. Натижада ўзида босишга ҳаракат қилган бу ҳиссиётларни ўзгаларда кўра бошлайди.  Унинг бундан ғазаби қўзийди ва: “Сиз нафсингизга анча эрк бериб юборибсиз. Бу билан нима демоқчи эканингизни билиб турибман. Иймонингиз сустлашгани шундоқ кўриниб турибди”, дейди.

Шу боисдан диндор невротиклар “ўзгаларнинг ўй-хаёлларига, қалбига бостириб кирмоқчи бўладилар” ва ўз ички кечинмаларини бошқаларга кўчириб, уларни айблай бошлайдилар.

Исломда эса инсоннинг қалбида кечаётганлари, нияти, бирор ҳаракатига туртки бўлган сабабларни ҳеч ким била олмайди, дейилади. Инсоннинг ички ҳолати ва Яратган ҳузуридаги мақоми ёлғиз Aллоҳ таологагина аён.

 –Диндор невротик доимий равишда ўзини бирор ишга зўрлайди. Хоҳламаса-да ўзини мажбурлаб, ички қаршиликларини енгиб бажаришни энг хайрли иш деб билади. Шунинг учун ҳам у ўзига дам олишга рухсат бермайди ва доимий равишда бирор иш билан машғул бўлишга мажбурлайди.

Aммо невротик нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам тинчлик бермайди. У қандайдир нафл ибодатларни адо этиш кераклигини бошқаларга эслатиб туришни ўз бурчи деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, фарз бўлмаган, яъни бажариш шарт бўлмаган амалларни адо қилмагани учун ўзгаларни қаттиқ қоралайди. Унингча, ҳеч ким қўл қовуштириб ўтирмаслиги керак. Диндор невротик:  “Сен ҳаётингни самарали яшаб ўтишинг керак. Ҳар бир дақиқа фойдали иш билан шуғулланишинг керак”, дейди.

Исломда бекорга амаллар фарз ва нафлга бўлинмаган, нафлни хоҳловчилар, қурби етганлар бажаради. Бошқа мусулмоннинг ибодати эса умуман биров аралашадиган иш эмас. Исломда мажбурлаш йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам севиниб ва роҳатланиб ибодат қилганлар. Aллоҳ розилигига интилиш азобланиш, қийналиш орқали бўлмайди. Инсон ўзини жазолаш (мазоҳизм) учун мукофотланмайди.

Буларнинг барида Исломнинг айби йўқ. Зеро, Қуръон ва суннат бизни гўзал хулқда бўлишга, қалб хотиржамлигида яшашга ўргатади. Aммо инсон ўзига-ўзи муаммолар яратишга уста бўлади. Таассуфки, бундай киши нафақат ўзини қийнайди, балки ўзгаларга намойиш этаётган дини бошқалар томонидан рад этилишига сабабчи бўлади.

Сизчи? Сиз диндор невротикларни учратганмисиз?..

 Лобар Ҳамидова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Уч амал борки, уларнинг ажру савоби улканлигидан Қиёмат куни ҳатто тарозуга ҳам сиғмайди. 1. Одамларнинг давоми...

21:57 / 08.02.2017 5728
gallery linkfile ids9555,9554,9553 Сешанба  8 сентябрь куни Яқин Шарқнинг катта қисмини эгаллаб олган улкан қум бўрони давоми...

08:39 / 14.02.2017 4860
gallery linkfile ids5583,5571,5627,5632,5639,5640,5655,5661,5766,5802,5804,5808,5869,5911,5959,5951,5974,6030,6026,6057,6100,6110,6171,6240,5712                                     давоми...

19:30 / 05.02.2017 13388
httpswww.youtube.comwatchv12JjUhwX7S8

14:30 / 22.05.2018 3518